Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи 2030 йилгача тўлиқ қондирилади

Жамият 2416
image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди. Унда 2030 йилгача аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш белгиланган.

Ижтимоий мақсадни амалга оширишда қуйидагиларга эришиш учун  барча чора тадбирлар амалга оширилади:

Мамлакатда ўта камбағалликни бартараф қилиш ва камбағаллик даражасини камида икки баробарга камайтириш мақсадида даромад кўрсаткичи ўртадан юқори мамлакатларга хос бўлган аҳоли даромадлари ва фаровонлигининг ўсишини таъминлаш;

аҳолининг, шу жумладан унинг заиф қатламларининг сифатли таълим, соғлиқни сақлаш хизматларидан, қулай яшаш шароитларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш, шунингдек ёш аҳолининг 50 фоизини олий таълим билан қамраб олиш;

ўртача умр кўриш давомийлигини 74,6 ёшдан (2018 йил) 78 ёшгача ошириш, оналар ўлими коэффициентини учдан бирга, шу жумладан янги туғилган чақалоқлар ва беш ёшгача бўлган болалар ўлимини икки баробарга камайтириш;

жон бошига ўртача уй-жой билан қамраб олинишини 15,5 квадрат метрдан (2019 йил) 20 квадрат метргача етказиш (ёки ўртача 5 кишилик оилага 100 квадрат метр) ва мамлакатни урбанизациялаш даражасини 60 фоизгача ошириш;

аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражасини йирик шаҳарларда 98 фоизгача, туманларда эса 95 фоизгача ошириш;

Республиканинг йирик шаҳарларида 87 фоиздан ортиқ ва вилоятлар марказларида аҳолининг 54 фоизидан кўпроғини канализация тизимига улашни таъминлаш, шунингдек аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш.

Бундан ташқари, 2030 йилда мамлакатда ўрта синф қатламининг улуши аҳолининг ярмидан кўпини ташкил қилиши кутилмоқда ва уларнинг сезиларли қисми янги иқтисодий, технология, инсон капитали ва бизнесни ривожлантириш билан боғлиқ билимларга эга инсонлар ташкил этади. Ишонч ва масъулиятга асосланган жамият, шу жумладан аҳолининг давлат ва хусусий муассасаларга бўлган ишончи шаклланади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 40
Рейтинг: 2.9
t
×