Аҳолимизнинг 75 фоизида ортиқча вазн бор – Президент шифокорларга янги масъулият юклади

Жамият

image

Тўғри овқатланмаслик ва ҳаракатсизлик оқибатида, бугунги кунда Ўзбекистон аҳолининг 75 фоизида ортиқча вазн бор, 30 фоизида эса холестерин ва қон босими юқори. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида сўз очиб, аҳолининг соғлом турмуш даражасини оширишда, тўғри овқатланиш ва спорт билан мунтазам шуғулланишида шифокорларнинг шахсий жавобгарлиги белгиланишини маълум қилди. 

“Мен сизлардан соғлом турмуш тарзи орқали, касалликнинг олдини олишга кўпроқ эътибор беришингизни сўрайман. Чунки, жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланадиган одам, ҳеч қандай давога муҳтож бўлмайди”, дейди Президент. 

Давлат раҳбари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларини келтирди. Унга кўра, инсон саломатлиги 19 фоиз ташқи муҳитга, 20 фоиз – генетик омилларга, 9 фоиз – соғлиқни сақлашни ташкил этиш ва 52 фоиз турмуш тарзига боғлиқ. 

“Афсуски, тўғри овқатланмаслик ва ҳаракатсизлик оқибатида, бугунги кунда аҳолимизнинг 75 фоизида ортиқча вазн борлиги, 30 фоизида эса холестерин ва қон босими юқори экани, барчамизни ўйлантириши керак.

Шунинг учун, жорий йилдан бошлаб, 17 мингдан зиёд тиббий бригада, 2 мингдан ортиқ оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларнинг иш самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий қилинади. Рейтинг дегани шуки, энди тиббиёт ходимлари ўз ҳудудида аҳоли соғлиғини сақлаш ва касалликларнинг олдини олиш бўйича ўзига мажбурият олади”, дейди Президент. 

Бунда, ортиқча вазнга йўл қўймаслик, тўғри овқатланишга амал қилиш, жисмоний фаолликни ошириш, зарарли одатлардан воз кечиш ва улар натижасида инфаркт, инсульт, қандли диабет, онкология каби касалликларнинг олдини олиш кўрсаткичлари, асосий мезон сифатида белгиланади.

Ижобий кўрсаткичларга эришган тиббиёт ходимлари ҳар чоракда мукофотланади, йил якунида эса, ҳар бир вилоятда энг яхши натижа кўрсатган поликлиникага мукофот ва совғалар берилади. 

Бу тажрибани жорий йилда Олмазор туманидаги 11 та, ҳамда Уйчи туманидаги 12 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларда бошлаймиз. Ушбу тажриба якуни бўйича, бу янги тизимни 2023 йилдан бошлаб барча ҳудудларда жорий қилиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинади.

Ўз маҳалласида соғлом турмуш тарзини туну кун тарғиб қилган, бу борада шахсий намуна бўлган тиббиёт ходимлари ва жамоатчилик вакиллари учун, алоҳида “Халқ саломатлиги посбони” кўкрак нишони таъсис этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

112

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг