Аҳоли жойларга ном беришда иштирок этиши мумкин бўлади
Жамият
−
08 Октябрь 2022
3597Кеча, 7 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг ўттиз учинчи мажлисида сенаторлар томонидан “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мажлисда мазкур қонун жамоатчиликнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилганлиги алоҳида қайд этилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон ёки жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахслар, шу жумладан жамоат ва давлат арбобларининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида уларнинг номини географик объектларга бериш тартиби қонунчиликда аниқ тартибга солинмаган.
Шу сабабли амалиётда географик объектлар (кўча, маҳалла, майдон, боғ ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмлари)га шахс номини беришда турли муаммолар юзага келмоқда.
Бундан ташқари, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонунда географик объектларга ном беришда маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш белгиланган.
Бироқ, амалдаги қонунчиликда аҳолининг фикрини ҳисобга олиш тартиби очиб берилмаган. Шунингдек, аҳоли пунктларининг таркибий қисмларига (маҳаллалар, шоҳкўчалар, кўчалар, майдонлар, боғлар, хиёбонларга) Ўзбекистон ва жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг исми-шарифини бериш тартиби аниқ белгиланмаган.
Географик объектларга шахсларнинг номини беришда эса уларни танлашда талаблар мавжуд эмас. Ушбу ҳолатлар географик объектларнинг номлари қайта-қайта ўзгартирилишига сабаб бўлмоқда.
Қонун 4 та моддадан иборат бўлиб, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонуннинг 6 та моддасига ўзгартиришлар киритилмоқда.
Таъкидланишича, қонуннинг қабул қилиниши натижасида Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган шахслар, шу жумладан, жамоат ва давлат арбобларининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида уларнинг номини географик объектларга беришда келиб чиқаётган турли муаммолар бартараф этилади.
LiveБарчаси