Аҳоли солиқлар ва бошқа тўловлар нимага сарфланаётганини кузатиб бориши мумкин бўлади
Жамият
−
09 Июль 2021
3751Хабарингиз бор, 2019 йилдан бери бюджет харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиб келинади. QALAMPIR.UZ мухбирининг бугун, 9 июль куни Молия вазирлигида бўлиб ўтган тадбирдан хабар беришича, жорий йил 1 июлдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга оширилади.
Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун маблағлар “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”да тўпланади ва ундан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади. Шунингдек, туман ҳокимликлари жамоатчилик фикри асосидаги тадбирларни бюджетдан молиялаштиришга оид маълумотларни ҳар чорак бўйича расмий веб-сайтларига ва "Очиқ бюджет" порталига жойлаштириб боради.
Молия Вазири Тимур Ишметов берган маълумотларга кўра, жорий йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) билан биргаликда “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашри тайёрланган ҳамда 1 июлдан бошлаб “Очиқ бюджет” ахборот портали янги талқинда фаолият бошлаган.
Эндиликда фуқаролар “очиқ бюджет” ахборот портали орқали солиқ ва бошқа тўловларни нима мақсадда сарфланаётганини кузатиши ҳамда уларни қаерга йўналтирилиши бўйича таклифларга овоз бериши мумкин. Шунингдек, аҳоли 1 августга қадар қиймати 1 млрд сўмдан ошмайдиган лойиҳаларини овозга қўйиш имкониятига эга. Ишчи гуруҳ фуқаролар томонидан келиб тушган лойиҳаларни 3 кун ичида ўрганиб чиқиб, “очиқ бюджет” ахборот порталида овозга қўяди.
Aввалроқ давлат қарзининг ҳолати ва ўзгариши тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги иккинчи ойнинг 25 санасига қадар “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириб борилиши ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, қонунчиликка киритилган тегишли ўзгартиришларга кўра, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб бюджет очиқлиги бўйича маълумотларни расмий веб-сайтларига жойлаштирилмаганлиги бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузиш деб ҳисобланиши ҳамда тегишли ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима қўлланишига сабаб бўлади.
Юлдуз Абдурашидова
LiveБарчаси