Аҳоли сарсон. Хонободликлар 16 йилдирки масжид очилишини кутмоқда

Жамият

Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган “Ҳидоят ул-Ислом” масжиди мана 16 йилдирки намозхонларни кутмоқда. Сабаби 2005 йилда Хонобод маҳалласидаги ушбу масжид давлат рўйхатидан ўтмаганлиги учун унинг фаолияти тўхтатилган. Фуқаролар мазкур масжидни қайта рўйхатга қўйиш учун бормаган ташкилоти, бош суқмаган эшиги қолмади. Ҳеч бир идорадан садо чиқмагач, маҳалла аҳли QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилди.

Мурожаатдан маълум бўлдики, хонободликлар ўз маҳалласида масжид бўлса туриб, улар бошқа ҳудуддаги масжидга боришига тўғри келмоқда. Аммо бошқа жойдаги масжидлар ҳам у қадар катта эмас.

Маҳалла фаоли Aбдуқаюм Ғафуровнинг айтишича, ён атрофдаги масжидларда одам кўпайиб кетганидан, намозхонлар кўчада намоз ўқиган пайтлари ҳам бўлган.

“Ўзимизнинг масжидда намоз ўқишга рухсат йўқлиги учун Қўйлиқ мавзесидаги масжидга, ёки Сергелидаги масжидга борамиз. Биргина Қўйлиқ мавзесидаги масжидни олиб қарайдиган бўлсак, ундаги жой ўз аҳолисига етмайди. Одамлар жой йўқлигидан кўчаларда ҳам намоз ўқишади”, дейди маҳалла фаоли Aбдуқаюм Ғафуров.

Тошкент вилоятининг бош имом хатиби Жасурбек домла Рауповнинг айтишига қараганда, аввало масжидга бориш учун узоқ масофага қатнайдиган фуқаролар яшовчи ҳудуддаги масжидларнинг очилиши кўзда тутилган. Кейин эса аҳоли зич яшайдиган ҳудуддаги масжидларга навбат келади.

“Биз баъзи масжидларни кўрдикки, ҳатто ўз харажатларини қоплай олмайди. Масалан на ўз ишчиларини ойлик билан таъминлай олади, на коммунал тўловларини тўлай олади.

Биз аввало узоқ-узоқ ҳудудлардаги масжидларни очишни режалаштирганмиз. Ушбу “Ҳидоят ул-Ислом” масжиди ҳам, албатта, очилади. Мазкур масжид 2022 йилда очилиши режалаштирилган масжидлар рўйхатига киритилган”, дейди Жасурбек домла Раупов.

Тўғри, балки навбатма навбат очилар. Aммо бу навбатнинг 16 йилдан бери келмаслиги хонободликларни чарчатган.

Маҳалла фаолларидан бири Иқболжон Каримовнинг айтишича фуқаролар мазкур масала юзасидан Тошкент вилояти ҳокимиятига боришган. У ўша кунни шундай эслайди: 

“Маҳалладагилар билан масжид масаласини ҳал қилиш учун ҳокимиятга бордик. Ўша ерда 4 соат кутганимиздан кейин Тошкент вилояти ҳокимининг диний масалалар бўйича ўринбосари Зокир Ҳидоятов чиқиб “Бу менинг ваколатимга кирмайди. Диний идорага бориб тавсиянома олиб келинглар, кейин очиб берамиз”, деган. Ўшандан бери биз у ёққа югуриб, бу ёққа югуриб сарсонмиз. Рамазонгача очиш учун роса ҳаракат қилган эдик, аммо бўлмади”, дейди Иқболжон Қодиров.

Aҳоли ҳокимликка мурожаат билан чиққанидан кейин, жорий йилнинг 5 март куни ушбу масжидга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг масжидлар бўлими ходими Зулҳайдар Султонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими бошлиғи Муҳаммадназар Қаюмов ҳамда Тошкент вилояти бош имом хатиби Жасурбек домла Раупов келган ва аҳолини тинглаган. Суҳбат давомида қачонки масжид "келиннинг уйидек" ҳолатга келгандагина очилишига рухсат берилишини айтишган.

Фуқаро Эргаш Раҳимовнинг айтишича, шундан кейин масжидда ҳашар йўли билан қайта қуриш ишлари бошлаб юборилган.

“Масжиднинг ҳамма жойини чиройли қилиб қўйдик. 5 март куни тегишли ташкилотдан келган вакилларнинг айтганидан ҳам аъло қилдик.

“Зам” ҳокимнинг битта тавсиянома бериши шунчалик қийинми?! Ўша одам ҳам мусулмонни фарзандидир?!  Ўйлаб кўрайлик, битта имзо қўймасдан халқни қийнаш яхшими, ёки одамлани дуосини олган яхшими?!”, дейди маҳалла фаоли.

Маҳалла аҳлининг айтишича, масжидни таъмирлаш бошлангандан кейин, ҳар ким қўлидан келганча ёрдам берди. Саховатпеша инсонлар томонидан эса масжиднинг гиламлари ва деразалари олиб келиб ўрнатилган. Жумладан, 50 та кўрпача, 300 та жойнамоз ва бир қанча диний китоблар ҳам “Ҳидоят ул-Ислом” масжидига совға қилинган. Масжид қиёфаси тубдан ўзгартирилган ҳамки “юқоридаги”лар ҳамон жим.

Масжиднинг ҳолати талаб даражасига олиб келингандан кейин тегишли ташкилотлардан келган вакиллар масжиднинг ҳолати анча ўнгланганини айтишган. Аммо энди биргина масжид очиш йўлидаги навбатдаги машаққат – ҳужжатбозлик бошланган. Фуқаролар барча ҳужжатларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакиллигига тақдим этган. Шундан сўнг вакиллик Тошкент вилоят ҳокими ўринбосарининг тавсияномасини талаб қилган.

“Ҳидоят ул-Ислом” масжидининг очилиши учун хонободликлар 16 йилдан буён идорама-идора сарсон. Қаерга мурожаат қилишмасин “Отангга бор, онангга бор” қабилида иш тутиб келиняпти. Фуқаролар Рамазон ойининг илк таровеҳ намозини шу ерда ўқишни ният қилганди, аммо ҳужжат ишларидаги сансолорлик туфайли масжиднинг очилиши ҳамон пайсалга солинмоқда.

Энди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент вилояти вакиллиги талаб қилаётган “зам” ҳоким тавсияномасига келсак. Қонунчиликда диний ташкилотларни ташкил қилиш талаблари аниқ кўрсатилган.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2018 йил 26 сентябрда тасдиқланган “Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тартиби тўғрисида”ги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тартиби келтирилган бўлиб, унга кўра диний ташкилот тузиш ташаббускорлари Қўмитага қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилишлари зарурлиги белгиланган:

•  диний ташкилот тузиш ташаббускорлари бўлган ўн саккиз ёшга етган юз нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари имзолаган ариза;
•  диний ташкилотни ташкил қилиш, уставини тасдиқлаш ва раҳбар органларини сайлаш бўйича маълумотлар мавжуд бўлган таъсис йиғилиши баёни ва диний ташкилот уставининг нусхалари;
•  диний ташкилот ташаббускорлари тўғрисидаги маълумот;
•  диний ташкилотнинг раҳбар органи аъзолари тўғрисидаги маълумот;
•  диний ташкилот раҳбарларининг диний маълумоти ҳақидаги ҳужжатлари нусхаси;
•  диний ташкилотнинг юридик (почта) манзили тўғрисида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг тегишли ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бўлимлари) ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг розилик хати нусхаси илова қилинган ҳолда) кафолат хати нусхалари;
•  диний ташкилот атрофидаги яқин диний ташкилотлар билан оралиқ масофа ҳақида аниқ маълумот;
•  диний ташкилотнинг фаолият олиб бориши учун зарур бўлган молиявий манбалари ҳақида маълумотномалар тақдим этилади.

Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тўғрисидаги ҳужжатлар у берилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилади.

Диний ташкилотнинг таъсис ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг конститусиявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, мустақиллиги, яхлитлиги ва хавфсизлигини бузиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини камситиш, уруш, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этиш, фуқароларнинг соғлиғи, маънавияти ва ахлоқига қасд қилиш мақсадига эга бўлса, диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш рад этилади. Aгар юқорида келтириб ўтилган талаблар бузилмаган бўлса, у ҳолда ваколатли давлат ташкилоти томонидан диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик берилиши шарт.

Кўриниб турибдики, қўмита томонидан тасдиқланган низомда ҳоким ўринбосарининг тавфсияномаси ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Демакки, Тошкент вилояти вакиллиги талаби асоссиз. Шундай экан “Ҳидоят ул-Ислом” масжиди очилишига тўсиқ бўладиган ҳеч қандай сабаб қолмаган. Бу вазиятда масъулларнинг ҳеч бир аниқ тушунтириш ва сабабсиз масжид очилишини пайсалга солаётгани нафақат хонободликларни, балки бизни ҳам ҳайратга солмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг