Аҳмаджоновнинг айтгани бўлди – Мўминжоновга оғирроқ жазо тайинланди
Спорт
−
02 Апрель 2019
7516Хабарингиз бор, бир вақтнинг ўзида икки клуб билан шартнома имзолашда айбланган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Азиз Турғунбоевнинг можароли иши ортидан беш киши, жумладан 2018 йилнинг катта қисмида “Навбаҳор” бош мураббийи сифатида ишлаб келган Илҳом Мўминжонов футболга алоқадор барча турдаги фаолиятдан 1 йилга дисквалификация қилинган эди.
Бугун, 1 апрель куни ЎФА биносида якуний йиғилиш ўтказилиб, Мўминжоновга нисбатан сўнгги “ҳукм” ўқилди. Унга кўра, мураббий футболдан 1 йилга эмас, балки 5 йилга четлаштирилди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитасининг 2019 йил 20 февралдаги 02/2019 сонли йиғилиш қарорига асосан, ЎФА Футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармасига Наманганнинг “Навбаҳор-Лочинлари” ПФК клуби собиқ бош мураббийи Илҳом Мўминжоновнинг келишилган ўйинларга алоқадорлиги юзасидан ўрганиш ва суриштирув ишларини олиб бориш юклатилганди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармаси томонидан Илҳом Мўминжоновнинг фаолиятига қонуний баҳо бериш мақсадида у билан бирга фаолият олиб борган футболчилар ва расмий шахслар суҳбатга чақирилди ҳамда улар билан суҳбатлар ўтказилди. Аниқланган маълумотлар натижасида йиғилган бир қатор ҳужжат-далиллар кўриб чиқиш учун ЎФА Этика қўмитасига тақдим қилинди.
ЎФА Этика қўмитаси тақдим қилинган ҳужжат ва даллиларни ўрганиб чиқиб якуний йиғилиш ўтказди.
Кун тартибидаги масала юзасидан ЎФАнинг Футбол фаолиятини назорат қилиш бошқармаси томонидан ишга оид тақдим этилган маълумотлардан ҳамда Интизом ва одоб-ахлоқ (этика) қўмитасининг билдирган фикр ва мулоҳазаларидан келиб чиқиб, қуйидагича қарор қабул қилинди:
“Навбаҳор лочинлари” ПФКнинг собиқ бош мураббийси Илҳом Мўминжонов 2017 йил мавсумида келишилган ўйинларни ташкил қилиш, жумладан, ўйин натижасига таъсир қилиш мақсадида “Навбаҳор лочинлари” ПФКнинг бир қатор футболчиларини ўйинни сотишга ундагани учун, ЎФА интизом кодексининг 5.44. бандига асосан:
- 50.000.000 (эллик) миллион сўм миқдоридаги жаримага тортилади;
- ЎФА Интизом ва одоб-ахлоқ (этика) қўмитасининг 2019 йил 2 февралдаги 01/2019-сонли йиғилиш қарори билан 1 (бир) йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилганлигини инобатга олиб, 4 (тўрт) йил муддатга футболдаги ҳар қандай фаолиятдан четлаштириш, умумий ҳисобда 5 (беш) йил муддатга четлаштирилади.
Шунингдек, “Сурхон” ПФК техник директори Шерзод Шарипов қўмитага ва ЎФАнинг расмий вакилларига суриштирув жараёнида ёлғон кўрсатма бергани ва қўмитани вазият юзасидан қарор чиқаришда чалкаштиришга ҳаракат қилгани учун 2019 йил футбол мавсуми охирига қадар футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди.
“Сурхон” ПФК жамоаси сардори Дилшод Жабборов эса “Навбаҳор лочинлари” ПФКнинг собиқ бош мураббийси Илҳом Мўминжоновга 2017 йил мавсумида келишилган ўйинларни ташкил қилишга ёрдам бергани ва футболчиларни ўйинни сотишга ундагани, шунингдек, қўмитанинг ёзма ва оғзаки сўровларига эътибор бермай узрли сабабсиз қўмита йиғилишларига келмаганлиги учун ЎФА интизом кодексининг 5.52. бандига асосан 2019 йил футбол мавсуми охирига қадар футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди.
Шунингдек, йиғилиш давомида футбол соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, мураббийлар ва футболчилар ким бўлишидан қатъи назар келгусида бундай ҳолатларни содир этадиган бўлса, белгиланган тартибда жазога тортилиши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти февраль ойи бошларида ушбу масалага тўхталиб, аввалига футболдан бир йилга четлатилган Илҳом Мўминжоновга бундан ҳам оғир жазо тайинланиши кераклигини айтиб чиққан эди.
“Мен янада жиддийроқ жазо беришларига ҳам қарши бўлмасдим, аслида. Бироқ комиссия шу қарорга келган бўлса, биз уни ҳурмат қиламиз. Ўз клуби учун борини бериш ўрнига, уни талаш, тарон-талож қилиш ҳақида кўпроқ ўйлайдиган кишиларга орамизда жой йўқ. У ким бўлишидан қатъи назар, кимнингдир тузини еб, тузлуғига тупуриши керак эмас. Бу ҳали ҳаммаси эмас”, деган эди Аҳмаджонов.
LiveБарчаси