9 ёшли қиз Москва давлат университети талабаси бўлди

Олам 11033
image

Россияда 8 ёшида мактаб битирув имтиҳонларини муваффақиятли топширган Aлиса Теплякова Москва давлат университетининг психология факультетига тўлов-контракт асосида ўқишга кирди. Яқинда 9 ёшга тўлган қизнинг отаси Евгений Тепляков "Культура" нашрига фарзандининг ўқишга қабул қилиниши бўйича шартномани имзолаганини айтди.

“Биз давлат гранди асосида ўқишга кира олмадик, бироқ қизим тўплаган баллар унинг тўлов-контракт асосида ўқишга киришига етарли бўлди. Бугун шартномани имзоладик. Ўқишнинг биринчи семестри учун пул тўлашгина қолди, холос”, деб айтган қизнинг отаси. Унинг айтишича, психология олий таълимни бошлаш учун яхши йўналиш ҳисобланади.

Таъкидланишича, қизнинг оиласида 7 фарзанд бўлиб, улар Москвада бир хонали квартирада яшайди. Aлиса Теплякова жорий йил ёзида мактаб битирув имтиҳонларини топшириб, 11-синфни битирганлик шаҳодатномасини олган. Июль ойида эса 9 ёшга кирган. Ота-онасининг айтишича, уларда ўзларига ипотекага уй сотиб олишга моддий имконият йўқ, давлат эса бепул уй-жой тақдим қилмаяпти. 

“Aлиса 4 ёшида 1-синф дастурини ўзлаштирган эди. Яхши ёзарди, ўқирди, ҳисоблай оларди. Шунинг учун биз уни мактабга бермоқчи бўлдик. Ҳаттоки бу ҳақда Россия Президентига ҳам хабар юбордик. Бироқ мактабга 7 ёшдан ўқишга бериш тавсия қилинган хат келди.

Aлиса 5 ёшидаёқ 5-синф дастурини билгани учун биз уни 2 йилдан кейин мактабга бериш ёки уни ўқитишни давом эттириш ҳақида ўйлай бошладик. Қисқасини  айтганда, ўз ҳаракатларимизни мантиқий якунига – мактаб битирув имтиҳонларини топширишгача етказдик”, деб айтган қизнинг отаси.

Евгений Тепляков қизи Aлисага кунига 3-5 соат вақт ажратади ва у "вундеркинд" эмаслигини таъкидлаб келади. 

“Бу нормал натижалар. Яхши хотира ва таълимга ўзига хос ёндашув. Ўрганиш ривожланишга олиб келади: яъни сиз болага ўргатасиз, у ривожланади”, дейди Евгений.

Тўққиз ёшли Aлиса Теплякова Москва давлат университетининг энг ёш талабаси бўлди. У имтиҳонда максимал 100 баллдан 48 балл олди. Шу билан бирга, қабул қилинишидан олдин, Aлиса энг ёш учинчи ва тўққизинчи синф ўқувчиси, шунингдек, 11-синф дастурини ўзлаштирган энг ёш рус аёл сифатида рўйхатга олинган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 519
Рейтинг: 3
t
×