9-11-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш тартиби жорий қилинади

Жамият 5304
image
-

Ўзбекистондаги мактабларнинг 9–11-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш тартиби жорий қилинади. Бу ҳақда “Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида сўз боради.

Қарорга мувофиқ, қуйидагилар ташкил этилади:

  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида қўшимча равишда 28 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари; 
  • 864 та фуқаролар йиғинларида тикувчилик, ошпазлик-қандолатчилик, эркаклар ва аёллар сартарошлиги, компьютер саводхонлиги, бухгалтерия ва тадбиркорлик асослари бўйича маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари;
  • вазирлик ва идоралар тасарруфида бўлган 18 та профессионал таълим муассасаларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қисқа муддатли касб-ҳунарга, хорижий тилларга ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш курслари.

Қарорга кўра, “Ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ҳамда масканларнинг ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари мақоми бўйича профессионал таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталарига тенглаштирилади.

Умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-11-синф ўқувчиларини асосий таълим жараёнларидан бўш бўлган вақтларида касб-ҳунарга ўқитиш тартиби жорий қилинади.

Қарор билан:

  • бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг касб-ҳунарга ўқитиш ва касбий малакани ривожлантириш бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинди;
  • Касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш ва касбий малакани ривожлантириш департаменти тузилди. 

Шунингдек, “TUMO” креатив технологиялар марказининг Тошкент шаҳридаги филиали ташкил этилди. 2022 йил 1 мартгача Филиалда ёшларни веб-ишланмалар, графика дизайни, 3D-моделлаштириш, рақамли дастурлаш, робототехника, рақамли медиа, видеоўйинлар яратиш йўналишлари бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик соҳаларида кооперативлар ташкил этилади. 2022 йил 1 январга қадар ҳар бир туман (шаҳар) секторида камида биттадан кооперативлар ташкил этилади. 

Кооперативларга аъзо бўлган ҳар бир иш билан банд бўлмаган фуқаро учун БҲМнинг 15 бараваригача субсидия ажратилади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 127
Рейтинг: 3
t
×