86 ёшли отахон маст ҳолатда жанжал қилган — фуқаролар ва орган ҳодими ўртасидаги тортишувга изоҳ берилди

Жамият

image

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда маст ҳолатда экани айтилган орган ходими 80 ёшли отахонга ниқоб тақмагани учун куч ишлатгани акс этган видеолар тарқалди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, бугун, 8 июль куни тахминан соат 10:40 ларда Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи 1972 йилда туғилган Д.М. “102” рақамига қўнғироқ қилиб, 1935 йилда туғилган отаси А.М. маст ҳолатда бўла туриб, уйда жанжал, тўполон кўтарганини маълум қилиб, ёрдам сўраган. Ҳодиса жойига тезкорлик билан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори, майор Улуғбек Яхшибоев етиб келган.

Профилактика инспектори А.М.ни Ички ишлар бўлимига олиб бориб, ҳолатни батафсил ўрганмоқчи бўлганида жанжалга қўшнилар аралашган. Вазиятдан тўлиқ хабардор бўлмаган (хусусан, ўз ўғли уй ичидаги жанжал ҳақида ички ишларга мурожаат қилгани юзасидан) қўшнилар нотўғри хулоса чиқариб, инспекторнинг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилган ва профилактика инспектори билан жанжаллашган.

“Видеотасвирда кўриб турганингиздек, ушбу маҳалла аҳолиси ички ишлар органи ходимининг фаолиятига фаол қаршилик кўрсатишган, вазиятни билмасдан, ҳолатни тўлиқ ўрганмасдан, профилактика инспектори билан конструктив тарзда суҳбатлашмасдан, унга қўполлик қилишган, унинг хизмат кийимига шикаст етказишган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонуний қарор қабул қилишлик учун текширув ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.

Профилактика инспекторига нисбатан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан хизмат текшируви тайинлаган. Унинг ҳаракатлари ўрнатилган тартиб қоидаларга мослиги тўлиқ ўрганилиб, қонуний баҳо берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1043

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг