8 йил ўтиб “Turkuaz” даъво қиляпти
Жамият
−
15 Ноябрь 2019
59362019 йилнинг 4 октябрь куни Инвестициявий низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказнинг (ICSID) Арбитраж Трибунали Güneş Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Limited Şirketi ва бошқаларнинг Ўзбекистон Республикасига қарши даъвоси доирасидаги арбитраж низоси бўйича қарор чиқарди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мазкур қарор тафсилотларининг махфийлигини сақлаш талабига собит қолсада, Вазирлик Арбитраж трибунали қарорини чуқур ўрганиш натижасида Туркия фуқароси В.Гунешга иқтибосан матбуотда нохолис талқин қилинаётган айрим жиҳатларга жамоатчилик эътиборини қаратишни лозим топди.
Биринчидан, Трибунал даъвонинг кўплаб бандлари бўйича ҳукуматнинг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлади ва даъвогарларнинг минимал миқдордаги талабларидан ташқари қолган асосий аввалбошдан ошириб кўрсатилган даъволарини рад этди.
Иккинчидан, қайд этиш лозимки, амалда Трибунал ўзининг ваколатлари чекланганлигини тан олиб, дастлаб даъво киритган 6 нафар даъвогардан мамлакатимизда «инвестор» тушунчасига мос келмайдиган уч нафарининг даъволарини рад этди.
Учинчидан, даъвогарларнинг уларга 180 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маънавий зарар етказилганлиги ҳақидаги даъволарини, шунингдек, етказилган моддий зарар миқдорига оид даъвогарлар томонидан тақдим қилинган 66 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги ошириб кўрсатилган баҳоларни рад этди.
Тўртинчидан, Трибунал даъвогарларнинг уларга гўёки шафқатсиз муносабатда бўлинганлигига оид барча даъволарини кўриб чиқишни рад этди. Шу боис Воҳит Гунешнинг шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ барча баёнотлари бир томонлама фикрлигича қолмоқда.
Бешинчидан, Трибунал Ўзбекистон Республикасининг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасига қарши ICSIDга даъво киритиш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмаслигини тан олди.
Якунда Трибунал дастлабки даъво қилинган зарар миқдорининг 10 фоизи миқдоридаги, яъни 26 миллион АҚШ доллари (фоизлар ва ҳаражатлардан ташқари) миқдоридаги суммани тўлаш ҳақида қарор қабул қилди. Мазкур миқдор 2011 йилдаги Воҳит Гунеш ва бошқаларга қарши асосий жиноят иши бўйича Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳисоб-китобларидан келиб чиққан. Трибунал даъвогарлар томонидан зарар миқдорига оид тақдим қилинган баҳоларни спекулятив ва ишончсиз деб топди.
Шу билан бирга Трибунал даъвогарларнинг Ўзбекистон томонидан икки томонлама инвестицион шартноманинг бузилганлиги эҳтимоли ҳақидаги бошқа даъволари ҳақида бирор бир хулоса беришдан тийилди.
Арбитраж қарорини талқин қилиш атрофидаги ахборотлар оқими даъвогарларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги илгариги фаолияти билан боғлиқ фактларни бошқача мазмунда кўрсатишга уринишлардан далолат бериши мумкин. Шунга қарамай, маълум бўлишича, даъвогарлар ҳозирда Ўзбекистонда бизнес юритиш учун бирор бир тўсиқ мавжуд деб ҳисобламайди.
Ўзбекистон ҳукумати хорижий инвестицияларнинг кириб келишини қўллаб-қувватлайди ҳамда инвестициялар ва инвесторларни ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашни кафолатлайди.
Шу билан бирга, барчамиз яхши тушунамизки, хорижлик инвесторлар Ўзбекистон қонунчилигини ҳурмат қилиши ва унга амал қилиши, коррупцияга йўл қўймаслиги, солиқларни тўлаши лозимлигини такрорлашга ҳожат йўқ.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь