75-Канн кинофестивали ғолиблари маълум бўлди 

Маданият-санъат 5388
image

Жорий йилнинг 17-28 май кунлари Францияда 75-халқаро Канн кинофестивали бўлиб ўтди. 

75-Канн кинофестивалида бош мукофот — “Олтин пальма новдаси” швед режиссёри Рубен Эстлунднинг “Ғам учбурчаги” сатирик фильмига топширилди. “Ғам учбурчаги” — пул, ўйин-кулгу ва ташқи кўринишга берилиб кетган кучли ва ўта бой одамлар дунёси ҳақидаги сатирик драма. 

Эстлунд “Квадрат” фильми учун 2017 йилги Канн кинофестивалида ҳам “Олтин пальма новдаси”ни қўлга киритган. 

Фестиваль Гран-приси 

Иккинчи муҳим мукофот — фестивалнинг Гран-присини француз кинорежиссёри Клер Дени ва бельгиялик режиссёр Лукас Донт олган. Жанубий Корея режиссёри Пак Чхан Ук “Кетиш қарори” фильми учун “Энг яхши режиссёр” мукофотини қўлга киритган. 

Энг яхши актриса ва энг яхши актёр 

Эронлик актриса Зар Амир-Иброҳимий энг яхши аёл роли учун мукофотни қўлга киритган. Али Аббосийнинг “Муқаддас ўргимчак” фильмида у қотилнинг изидан 
кетма-кет юрган жасур журналист ролини ўйнаган. Жанубий кореялик актёр Сон Кан Хо Хироказу Корээданинг “Брокер” фильмидаги роли учун энг яхши актёр деб топилган. 

Ҳакамлар ҳайъати мукофоти 

Ҳакамлар ҳайъати мукофоти Шарлотта Вандермерс ва Феликс Ван Грунингеннинг Италия-Бельгия ҳамкорлигидаги “Саккиз тоғ” фильмига, шунингдек, польшалик режиссёр Ежи Сколимовскининг “Иа” фильмига топширилган. 

“Олтин камера” мукофоти 

“Олтин камера” мукофоти Жина Гаммел ва Райли Кионинг “War Pony” фильмига насиб этган. 

Энг яхши сценарий 

“Жаннатдан келган йигит” фильмини Каннда тақдим этган асли мисрлик швед режиссёри Тариқ Солиҳ “Энг яхши сценарий” мукофоти билан тақдирланган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 87
Рейтинг: 3.2
t
×