70 йилдирки тахтдан тушмаётган Елизавета! Букингем саройи катта тадбирга тайёрланмоқда

Олам 4321
image

Англияда қиролича Елизаветанинг тахтга ўтирганига 70 йил тўлиши муносабати билан Бирлашган Қиролликда катта байрам уюштирилади. 

Жорий йилнинг 2-5 июнь кунлари бўлиб ўтадиган қироллик тарихидаги жиддий тадбирнинг сценарийи Букингем саройи томонидан эълон қилинди. 

Маълум қилинишича, қироличанинг “платина юбилейи” шарафига уюштириладиган “CelebrStreet” тадбирларида марказий кўчалар бўйлаб дунёнинг энг машҳур юлдузлари иштирокида гала концертлар уюштирилади. 

Бундан ташқари, иштирокчиларга қироличани ўз уйи яқинидан жонли кузатиш имкони берилади.

Тадбирнинг илк куни иштирокчилар ўртасида энг ширин пудинг пишириш мусобақаси билан бошланади. Финалгача етиб борган ғолибнинг пудингги тадбирнинг сўнгги кунида қиролича иштирокида уюштириладиган тушлик дастурхонига тортилади. 

Энг ширин пудингни аниқлашда иштирок этадиган ҳакамларга, шахсан Букингем саройи бош ошпазлари Мэри Берри ва Моника Галеттилар бошчилик қилишади. 

Жорий йил 6 февраль куни расман қиролича Британияни 70 йил бошқарган биринчи монархга айланади. Асосий тадбирлар эса кейинроқ ёз ойларида нишонланиши режалаштирилган. 

Бундан аввал ҳам, Елизаветанинг 50 йиллик “Олтин” ва 60 йиллик “Олмос” юбилейлари июнь ойининг биринчи ҳафтасида ўтказилган эди. Асли санаси февралга тўғри келадиган тадбирнинг ёз ойларига кўчирилишига асосий сабаб байрамни очиқ ҳавода кўтаринки руҳда ўтказишдир. 

Қироллик оиласининг жиддий тадбирида, қироличага ҳамроҳ сифатида Уэльс шаҳзодаси, Елизаветанинг ўғли ва тахт вориси, шаҳзода Чарльз ва унинг рафиқаси герцогиня Камилла иштирок этади. 

Эдинбург герцоги ва Елизаветанинг турмуш ўртоғи бўлган Филипп оламдан ўтгани сабабли бу сафарги юбилейда қироличага ўғли ҳамроҳлик қилмоқда. 

Дунё тарихида тахтда энг кўп ўтириш бўйича “шоҳсупа”ни 18 асрда Франция қироли Людовик XIV забт этган. У 72 йил мобайнида тахтга эгалик қилган.

Қиролича шарафига уюштириладиган парадда 1 500 аскар, 400 отлиқ ва 200 мусиқачи иштирок этиши белгиланган.

Беҳруз Саидов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 139
Рейтинг: 3
t
×