70 га яқин Бенгал йўлбарсини ўлдиришда айбланаётган браконьер ушланди
Олам
−
01 Июнь 2021
4340Бангладешлик машҳур браконьер Ҳабиб Талукдер полициянинг 20 йиллик таъқибидан сўнг қўлга тушди. У Қизил китобга киритилган, дунёда йўқолиб кетиш арафасида турган 70 та Бенгал йўлбарсини ўлдирганликда айбланмоқда.
Маҳаллий полиция бошлиғи Саидур Раҳмоннинг айтишича, “Tiger Habib” лақаби билан танилган Ҳабиб Талукдер ўрмон ёнида яшаган ва ҳар сафар зобитлар бу ҳудудга кириб келганда қочиб қолган.
Маҳаллий аҳолининг гувоҳлик беришича, 50 ёшли Талукдердан одамлар қўрқади.
“У ўрмонда йўлбарс билан якка ўзи жанг қила оладиган кучли ва хавфли одам”, дейди аҳоли вакиллари.
Талукдер Бенгал йўлбарслари энг кенг тарқалган Ҳиндистон ва Бангладеш чегараларидаги Сундарбанс ўрмонида ов қилиб келгани айтилмоқда. У мушукларнинг суяклари, териси ва гўштини қора бозордаги савдогарларга сотиб келган.
Бангладеш ўрмон департаментининг маълумотларига қараганда, мамлакатдаги Бенгал йўлбарслари сони 2004 йилда 440 тани ташкил этган бўлса, 2015 йилда бу кўрсаткич 106 тага тушиб кетган.
2019 йилдан бошлаб минтақада браконьерлик ва бандитизмга қарши кураш кучайган. Ўрмонни муҳофаза қилиш бўйича минтақавий офицер Майнуддин Хоннинг айтишича, Талукдернинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабар “тинчланишга” олиб келган.
“У биз учун катта бош оғриғи эди. У ўрмоннинг биологик хилма-хиллигига катта хавф туғдирди“, - деди у.
Маълумот ўрнида, бундан 400 йил олдин, Бенгал йўлбарсларининг Ер юзидаги умумий сони 50 мингдан зиёдроқни ташкил этган. Ўтган асрнинг 70 йилларига келиб, одамлар уларни қимматбаҳо териси ва гўшти учун овлаши, ўрмон ҳудудларини қисқартириши оқибатида йўлбарслар сони бир неча баробарга камайиб кетган. Айни пайтда сайёрамизда 2,5 мингтагина Бенгал йўлбарси сақланиб қолган. Бенгал йўлбарси бошқа турдошлари орасида яхши сузувчилиги, чиройли териси, кучли ва узун тирноқлари билан ажралиб туради.
Моҳинур Маматова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь