70 дан ортиқ бола қизамиқ юқтириб олди. Мактаблар онлайн шаклга ўтиши мумкин
Олам
−
04 Апрель 2023
26881Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида болаларнинг қизамиқ билан касалланиши бўйича 73 та ҳолат қайд этилди. Касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида мактаблар онлайн шаклга ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда шаҳар санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Асел Қолиқова маълум қилган.
“Жорий йилнинг 3 апрель ҳолатига кўра, қизамиқнинг лаборатория томонидан тасдиқланган 73 та ҳолати қайд этилган. Шулардан 7 нафари 1 ёшгача, 38 нафари 1 ёшдан 4 ёшгача, 15 нафари 5 ёшдан 9 ёшгача, 7 нафари 10-14 ёшли болалардир. Шунингдек, 20-29 ёшдаги 4 кишида касаллик ҳолати қайд этилган”, дейди Қолиқова.
Касалликнинг 15 та ҳолатда мактаб ўқувчилари, 3 та ҳолатда ахлоқ тузатиш ва тарбия муассасаларига қатнайдиган болалар ўртасида, 4 таси хизмат кўрсатувчи ходимлар ўртасида қайд этилган.
“73 та ҳолатнинг 56 таси ёки 76,7 фоизи қизамиқга қарши ўз вақтида эмланмаганларда аниқланган. Шу жумладан, 25 та ҳолат ота-оналарнинг эмлашдан бош тортиши билан боғлиқ”, дея қўшимча қилинган хабарда.
Шунингдек, бошқарма томонидан касалликнинг янада кучайиши ҳолати кузатилса, мактабларни онлайн шаклга ўтказиш чораси кўрилиши маълум қилинган.
Маълумот учун, қизамиқ ўткир вирусли касаллик бўлиб, дунёдаги энг юқумли инфекциялардан биридир. Қизамиқ учун юқумлилик индекси 93-95 фоизни ташкил қилади. Вирус ҳаво томчилари орқали юқади.
Қизамиқ ўзини юқори иситма, интоксикация, йўтал, бурун оқиши, фотофобия, тери ва оғиз бўшлиғи шиллиқ пардаларида тошмалар шаклида намоён қилади.
Касаллик инфекциядан кейин 7-18 кун ичида ривожланади. Қизамиқ учун махсус даволаш мавжуд эмас. Қизамиқнинг олдини олишнинг ягона ишончли воситаси ўз вақтида эмланишдир.