7 вилоятда бир неча миллиардлик давлат буюртмалари таниш-билишлик билан тақсимлангани аниқланди

Жамият 9181
image

Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида давлат хизматчилари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келинаётганлиги ҳолатлари ўрганилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Ўрганиш натижаларига кўра, ушбу вилоятларда жами 1378 нафар давлат хизматчилари (138 нафари ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, 148 нафари давлат банклари бошқарувчиси ва уларнинг ўринбосарлари, 1092 нафари ҳоким ёрдамчилари) давлат хизмати билан бирга (раҳбар ёки таъсисчи сифатида) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди.

Шунингдек, Агентлик томонидан давлат харидлари соҳасида ўтказилган ўрганишларда ҳудудларда давлат ташкилотларининг мансабдор шахслари ва уларнинг яқин қариндошларига тегишли корхоналар давлат харидларида иштирок этиб, ғолиб бўлгани аниқланган.

Хусусан, 2021-2022 йилнинг 6 ойи давомида Бухоро вилоятида 340 та ҳолатда 34,3 млрд сўмлик давлат харидларидан 19 та ҳолатда ташкилот раҳбари ва молиявий масалалар бўйича ўринбосарлари, 72 та ҳолатда бухгалтерия ходимлари, 24 та ҳолатда омбор мудири ва таъминот ходимлари, 30 та ҳолатда инженер ва техник назоратчилар, 20 та ҳолатда шартномаларни ҳуқуқий экспертизасини амалга оширувчи юристлар ва қолган ҳолатда бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлган.

Шу каби Сурхондарё вилоятида 155 та ҳолатда 16,1 млрд сўмлик давлат харидларидан 67 та ҳолатда бош ҳисобчи, ҳисобчи ва иқтисодчилар, 60 та ҳолатда хўжалик ва омбор мудирлари, 28 та ҳолатда бўлим бошлиқлари ва бошқа ходимлар харид ижрочисининг таъсисчиси (бенефициари) бўлганлиги аниқланди.

Масалан, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси томонидан 2021 йилда амалга оширилган Термиз шаҳридаги 6-мактаб биносини реконструкция қилиш бўйича 8 млрд. сўмлик давлат харидида ушбу компаниянинг етакчи мутахассиси таъсисчилигидаги масъулияти чекланган жамият билан тўғридан-тўғри шартнома тузилган.

Худди шундай, Самарқанд вилоятида 277 та ҳолатда 10,9 млрд. сўмлик, Фарғона вилоятида 158 та ҳолатда 8,1 млрд. сўмлик, Сирдарё вилоятида 20 та ҳолатда 1,6 млрд. сўмлик, Қашқадарё вилоятида 66 та ҳолатда 1,1 млрд. сўмлик, Навоий вилоятида 14 та ҳолатда 0,3 млрд.сўмлик давлат харидлари бўйича тузилган шартномаларда аффилланганлик ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўйилган.

Қайд этилишича, ушбу ҳолатларни бартараф қилиш ва келгусида йўл қўймаслик ҳақида тақдимномалар киритилган, шунингдек, давлат харидларида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 169
Рейтинг: 3
Теглар
t
×