5000 киши “офсайд”да. Тошкент ҳокимлиги “шес секунд”да Cobalt сотиб олди

Жамият 28715
image

Ўзбекистонда аҳолининг автомобиль сотиб олиш учун пули бор бўлса ҳам мураккаб. Улов минишни хоҳлаган одам машинанинг 85 фоиз пулини компанияга бериб қўйиб, яна ойлаб кутиши керак. Четдан сифатли, пулига мос автомобиль олиб келаман, деган одам эса “отнинг калласидек” бож тўлаши керак.

Шундай шароитда давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликларнинг ҳеч қаерда ёзилмаган имтиёзлар орқали ҳеч бир навбатсиз машина харид қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг чекка ҳудудида эмас, пойтахтнинг ўзида бўлиб турибди.

Ижтимой тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг жорий йилнинг 15 июнь куни Cobalt русумли автомобилга берган буюртмаси ўша куннинг ўзида тайёр бўлган.

Ҳолат юзасидан изоҳ олиш, нега бундай бўлганини билиш учун “Uzautosanoat” АЖ Матбуот котиби билан боғландик. У ҳозирда ўрганиш ўтказилаётганини ва тез орада расмий маълумот берилишини маълум қилди.

Уловини бир кунда салондан чиқарган Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳозирча сукут сақламоқда. Одамлар машина миниши учун йиллаб ишлаб, ойлаб навбат кутаётганда маҳаллий ҳокимликларнинг бу тарзда машина сотиб олиши ҳақли норозиликка сабаб бўлиши шубҳасиз.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қайси асосга кўра, навбатсиз машина сотиб олди? Бу ерда ҳокимлик халқ билмаган имтиёзга эгами ёки автомобилсозлик саноатини “ўтказиб қўйган” жойи борми?

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1447
Рейтинг: 3
t
×