5 йиллик яра. АҚШ роҳинга мусулмонларига нисбатан ҳаракатни геноцид деб тан олди

Олам

image

АҚШ маъмурияти Мьянма расмийларининг роҳинга халқига қарши ҳаракатларини геноцид деб билади. Бу ҳақда бугун, 21 март куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтондаги Холокост мемориал музейида сўзлаган нутқида маълум қилди. 

“Давлат котиби сифатида менинг вазифаларимдан бири Қўшма Штатлар номидан [дунёда аҳолининг ҳар қандай гуруҳига нисбатан] шафқатсизлик ҳолатларини аниқлашдир. Холокостдан ташқари АҚШ етти марта геноцид содир этилган деган хулосага келган. Бугун саккизинчи марта: Мьянма қуролли кучлари вакиллари роҳингаларга қарши геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар содир этган деган хулосага келдим. Мен келган қарор Давлат департаменти томонидан тайёрланган фактларни ўрганиш ва ҳуқуқий таҳлилга асосланган”, дейди у. 

Блинкен, шунингдек, келгусида юзага келиши мумкин бўлган айбловлар учун Мьянмадаги даъво қилинган геноцид ҳолатлари бўйича далилларни тўплаётган БМТ агентлигига қарийб 1 миллион доллар маблағ ажратилишини эълон қилди. 

Мьянма ҳарбий қўмондонлиги ўтган йили фавқулодда ҳолат эълон қилган ва мамлакат фуқаролик раҳбариятини четлатган эди. Армия расмийлари буни 2020 йил ноябрида бўлиб ўтган умумий Парламент сайловларида бўлиб ўтганини даъво қилган йирик фирибгарлик билан изоҳлади. Мамлакатда фуқаролик ҳукуматининг четлатилишига қарши намойишлар давом этмоқда. Расмийлар роҳингаларга қарши геноцид айбловларини рад этади. 

Роҳингалар Мьянмада Ислом динига эътиқод қилувчи этник-диний озчиликдир. Мамлакат ҳукумати ушбу миллат вакилларини Бангладешдан келган ноқонуний муҳожирлар деб билади ва уларнинг фуқаролик ҳуқуқини тан олмайди. Роҳингалар, асосан, Бангладеш билан чегарадош Ракхайн штатида яшайди ва у ерда маҳаллий буддистлар билан бир неча бор тўқнашувлар юз берган. Шу сабабли кўплаб роҳингалар Мьянмадан Бангладешга қочиб кетишган. 

2017 йил август ойида “Араканлик роҳингаларни қутқариш армияси” жангарилари полициянинг 30 та қароргоҳига ҳужум уюштирганидан сўнг, минтақадаги вазият кескинлашган эди. Шундан сўнг, республика хавфсизлик кучлари Ракхайнда ҳарбий операция Бошлади ва бунинг ортидан минглаб роҳинга қочқинлари Бангладешга кўчиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

562

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг