5 яшар бола 4 кундан бери 30 метр чуқурда қолмоқда. Қутқарувчилар тинмаяпти
Олам
−
05 Февраль 2022
53043Шимолий Африка ҳудудида жойлашган Марокашда 30 метр (100 фут) чуқурликдаги қувурга тиқилиб қолган 5 ёшли Раян исмли болакайни қутқариш ишлари 4 кундан буён давом этмоқда. CNN’нинг хабар беришича, воқеа мамлакатнинг Шефшауен провинциясида содир бўлган.
Маҳаллий ахборот агентлиги MAP’га кўра, кеча, 4 февраль куни кечаси билан бурғулаш машиналари вертикал ҳолатда 90 футгача чуқур қазишга муваффақ бўлган. Энди горизонтал усулда кавлаш ишлари давом эттирилиши маълум қилинмоқда.
“Бизни севган инсонлар боламни қутқариш учун бор саъй-ҳаракатларини аяшмаяпти”, дейди кеча туни билан қутқарувчилар ёнидан бир қадам ҳам силжимаган Раяннинг отаси.
Воқаеани жонли тарзда ёритиб бораётган “Al-Aoula” телеканалига кўра, болакайгача етиб бориш учун қутқарувчилар яна 2 метр вертикал ва 3 метр горизонтал йўналишда чуқур қазишлари керак.
Онанинг мухбирларга билдиришича, Раян жорий йилнинг 1 февраль куни маҳаллада ўйнаб юрган пайти қувурга тушиб кетган. Ушбу ҳодиса ҳақида унинг яқинлари қувурдан боланинг йиғи овози эшитила бошлагач, хабар топишган ва дарҳол қутқарувчиларга мурожаат қилишган.
Отасининг қўшимча қилишича, қутқарувчилар болакайга арқон орқали овқат ва сув туширишган. Ота ўғлининг овқатланаётганига ўзи гувоҳ бўлганини айтмоқда.
“У ҳаракатланди ва бироз сувдан ичди. Худо ҳоҳласа ҳаммаси яхши бўлишига умид қиламиз”, дейди ота.
Қутқарув гуруҳига кўра, болакайни қутқариш учун мураккаб операцияларда ишлатиладиган оғир бурғулаш ускуналаридан фойдаланилмоқда.
Қутқарув ишларига қўллаб-қувватлов ўрнида Шимолий Африка бўйлаб араб тилида #РаянниҚутқар ҳаштеги кенг тарқалмоқда.
LiveБарчаси