300 нафар “Умид” жамғармаси битирувчилари тўпланди

Жамият

image

Тошкент шаҳрида “Умид” жамғармаси битирувчиларининг “Янгиланаётган Ўзбекистонга янги авлод кадрлари” мавзусидаги биринчи халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Анжуман очилиш маросимида Адлия ваизири нутқ сўзлаб битирувчиларнинг президентга камарбаста бўлишини айтган. Бундан ташқари Руслан Давлетов парламентдаги “ҳукумат соати”, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Бюрократик тўсиқларни қисқартириш, давлат органлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилишга оид қарор имзоланганлиги ҳақида айтиб маълумот берган. 

“Сўз эркинлиги соҳасида ҳам, тан олиш керак, туб бурилиш юз берди. Мазкур ўзгаришлар юз бериши учун алоҳида қонунлар қабул қилинмади. Жамиятнинг ўзи шаффофликни талаб қила бошлади, ОАВ ҳам жамият муаммоларини ёритишда дадилроқ бўла бошлади. Бугунги кунда анъанавий ахборот воситалари билан бирга Интернет, ижтимоий тармоқлар, блогерлар жамоатчилик фикрини шакллантиришда катта роль ўйнамоқда. Натижада, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар мансабдор шахсларни ўз ишини қонуний асосда тўғри ташкил этишга ундамоқда, керак бўлса, мансабдор шахслар уларни фикри билан ўртоқлашишга мажбур бўлмоқдалар”, дея таъкидлаб ўтган адлия вазири.

Шу билан бирга, Адлия вазири олдиндаги вазифаларни ҳам санаб ўтган.

Биринчиси — қонунчилик соҳасини янги босқичга олиб чиқиш масаласидир. Шу жумладан, бевосита амал қилувчи қонунларнинг қабул қилиш, қонун ҳужжатларининг барқарорлигини таъминлаш, қонуности ҳужжатларни камайтириш кераклиги айтиб ўтилди.

Иккинчиси — ҳаётимизни барча соҳаларида қонун устуворлигини таъминлаш. Жаҳон адолат лойиҳаси (World Justice Project) ташкилотининг “Қонун устуворлиги индекси”да 126 мамлкат орасида Ўзбекистон 94-ўринда эканлиги ҳам ушбу соҳада олдимизда кўплаб вазифалар турганлигидан дарак беради.

Учинчиси — суд тизимини янада ислоҳ қилиш. Ўзбекистонда 23 810 нафар кишига 1 нафар судья тўғри келса, Францияда 11 000 кишига, АҚШда 9 000 кишига, Германияда 4 000 кишига 1 нафар судья тўғри келади. 

Бу борада алоҳида эътиборни судларнинг институционал ва функционал мустақиллигини таъминлаш,  низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари (арбитраж ва медиация)дан кенг фойдаланиш орқали судьялар иш юкламасини камайтириш,  халқ маслаҳатчилари институтини тубдан ислоҳ қилиш орқали жамоатчилик назоратининг янги механизмини жорий қилиш каби таклифлар илгари сурилган.

Форум ўз ишини давом эттирмоқда. Анжуманда 300 нафардан ортиқ, шу жумладан, айни вақтда хорижда яшаётган 120 дан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда. 

Маълумот учун: 1997 йил 7 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан истеъдодли йигит-қизларнинг чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Умид” жамғармаси тузилган. Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам ушбу жамғарма кўмагида таҳсил олган илк битирувчилардан бири ҳисобланади. 

Жамғарма кўмагида 1997—2003 йиллар давомида дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари (АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия)нинг бакалавриат ва магистратура таълим йўналишларида жами бўлиб 828 нафар истиқболли ёшлар таҳсил олган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

129

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг