30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни

Жамият

image

Сайёрамизда бир қатор глобал муаммолар борки, булар сирасига бевосита одам савдоси сингари трансмиллий жиноятларни ҳам киритиш мумкин. Йилдан- йилга бу иллатдан жабр чекаётганлар, унинг қурбони бўлаётганлар сони ортиб бормоқда. Ҳудуд ва чегара билмайдиган бу жиноятнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдирмоқда. Одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга.

Инсоният тарихида одам савдосига қарши курашиш XIX аср охири ва XX аср бошларида хотин-қизларнинг Европадан Америка ва Шимолий Африка қитъаларига кенг кўламли миграцияси ҳамда аёлларни Европага сотиш ҳодисаси кузатилган. Бу ҳодисага барҳам бериш мақсадида Парижда 1902 ва 1910 йилларда иккита конференция ўтказилиб, "Оқ қуллар савдосига қарши кураш" номли бутунжаҳон Конвенцияси қабул қилинган. 

Кейинроқ ушбу конвенция "Аёллар ва болалар савдосини йўқотиш" ва "Вояга етган аёллар савдосини йўқотиш" номли бутунжаҳон Конвенциялари билан тўлдирилган. Одам савдоси муаммосига қарши курашишнинг кейинги тарихий жараёнлари секин-аста ривожланиб, 1948 йилда "Инсон ҳуқуқлари" умумжаҳон Декларацияси қабул қилинган. Шундан сўнг "Инсон ҳуқуқларининг Европа Конвенцияси", "Қуллик хусусида"ги Конвенция, "Қулликни йўқотиш амалиёти тўғрисида"ги қўшимча Конвенция, "Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги Конвенция, "Аёлларга қарши дискриминациянинг ҳар қандай кўринишларига қарши кураш тўғрисида"ги Конвенциялар қабул қилиниб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланила бошланди.

2013 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.
Айни пайтда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган бу турдаги жиноят дунё миқёсида кенг тарқалмоқда. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабр кўрганлар сони бир неча миллионларини ташкил қилмоқда. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг асосий қисмини аёллар ва болалар ташкил қилмоқда.

Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шу билан бирга, одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят эканлиги ҳисобга олиниб, давлатимиз 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган "Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида"ги Конвенцияга қўшилди. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган "Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида"ги Конвенция, шунингдек, одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча протокол ҳам ратификация қилинди. 

Шунингдек, мустақиллик йилларида хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосининг хавфли кўринишларига қарши кураш ҳақида бир қатор шартнома ва келишувлар имзоланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилнинг 17 апрелидаги "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинган. Қонунга мувофиқ, одам савдосига қарши курашиш одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятни ўз ичига олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни

Баҳолаганлар

160

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар