264 нафар ўзбекистонлик Ғазога қарши жанг қилган – ОАВ
Олам
−
16 Февраль 8240 2 дақиқа
Исроил армиясининг Ғазо секторидаги урушида 50 мингдан ортиқ хорижий фуқаро, жумладан, 264 нафар ўзбекистонлик қатнашган ва ҳозир ҳам Исроил армияси таркибида хизмат қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 15 февраль куни “Al Jazeera” нашри томонидан эълон қилинган мақолада келтирилди.
Маълумотларга кўра, ўзбекистонликлар сон жиҳатдан 126 давлат орасида 27-ўринда қайд этилган. Мазкур шахслар Исроил фуқаролигига ҳам эга бўлиб, улар орасида кўп фуқароликка эга бўлган фуқаролар ҳам бор.
Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашаётган хорижликларнинг асосий қисми АҚШ ва Европа давлатлари фуқаролари ҳисобланади. Ҳозирда Исроил армиясида камида 12 135 нафар АҚШ фуқароси хизмат қилаётгани айтилмоқда. Шунингдек, 6 127 нафар Франция, 5 067 нафар Россия, 3 901 нафар Германия, 3 210 нафар Украина, 1 686 нафар Буюк Британия ва 1 675 нафар Руминия фуқаролари ҳам армия сафида бор.
Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистондан 192 нафар, Қирғизистондан 55 нафар, Туркманистондан 33 нафар ва Тожикистондан 8 нафар фуқаро Исроил армиясида хизмат қилаётгани қайд этилган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар Ғазодаги эҳтимолий ҳарбий жиноятларга боғлиқ бўлган хорижий фуқароларни аниқлаш ва уларни жавобгарликка тортиш масаласини кўтармоқда.
Исроил армияси тахминан 169 минг нафар фаол ҳарбий ва 465 минг нафар захирадаги аскардан иборат. Уларнинг қарийб 8 фоизи икки ёки ундан ортиқ фуқароликка эга. 2023 йил 7 октябрда бошланган уруш оқибатида Ғазода камида 72 минг нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, фуқароларнинг чет давлатлар ҳарбий хизматига ёлланиши тақиқланган. Жиноят кодексининг 154-моддасига (Ёлланиш) асосан, ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш 10 йилгача озодликдан маҳрум этишга сабаб бўлади. 154-1-моддага (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) кўра эса, чет давлатлар ҳарбий ёки шунга ўхшаш тузилмаларида хизмат қилганлар 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинадаги урушдан қочишга уринган Ўзбекистон фуқаросига Россияда 7 йил 9 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Live
БарчасиШайхонтоҳур туманида хонадон ёнмоқда
16 Февраль