26 ёшида Европани зир титратган митти капрал ёхуд Наполеон пакана бўлганми?

Таҳлил

image

“О, бу ёшгина Бонапартнинг қадам ташлашини кўринг! У қаҳрамон, у мўжизавий баҳодир, у афсунгар”.

      Рус саркардаси Александр Васильевич Суворов

Дунё тарихига назар ташланса, минг-минглаб буюк саркарда ва фотиҳларнинг номини ўқиш мумкин. Мисол учун Александр Македонский, Чингизхон, Амир Темур... Бир саркарда борки, у ўзининг ўткир зеҳни, қудрати, ёш бўлишига қарамай, эришган ёрқин ғалабалари ва нотиқлик қобилияти билан буюклар қаторига кирган. XVIII аср бошида унинг номини Европа, ҳатто, бутун дунё эътироф эта бошлади. Бу Наполеон Бонапарт эди. Бугунги мақоламизда қолоқ бўлиб қолган Францияни оёққа турғазган, кўплаб мамлакатларни ўзига тобе қилган Наполеон Бонапарт ҳақида маълумот берамиз.

Наполеон Бонапартнинг ёшлиги

XVIII асрнинг ўртаси адо бўлиб, охири кўрина бошлаган палла. Сўл кучлар томонидан “Буюк”, дея улуғланган, нафақат Францияни, балки бутун бошли Европани эски тартиблардан халос этган, минглаб инсонларнинг орзу-мақсадлари йўғрилган, турли хилдаги сиёсий кучларнинг қарашларини ўзида истифода этган буржуа инқилоби етилиб келаётган давр эди.

Наполеон Бонапарт 1769 йил 15 август куни Корсика оролининг Аяччо шаҳрида кичик мулкдор оиласида дунёга келган. Наполеон туғилишидан бир йил олдин Корсика оролини Франция қироли Людовик XV 40 миллион ливрга Генуя Республикасидан сотиб олган эди. Наполеоннинг аждодлари бу оролга XVI асрда кўчиб келган бўлиб, унинг ота-онаси ҳужжатларда  итальянча талаффуздаги “Буонапарте” номи билан қайд этилган. Шунинг билан бир қаторда ёш Наполеоннинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасида ва у ўқиган “Бриенн” ҳарбий мактабида ҳам унинг фамилияси аждодлари сингари “Буонапарте” деб ёзилган. Бироқ, вояга ета бошлаган бўлажак қўмондон давр руҳидан келиб чиқиб, фамилиядаги у ҳарфини олдириб ташлаган ва чин маънодаги французга айланган.

Бўлажак қўмондон 1779 йилда “Бриенн” ҳарбий мактабига ўқишга киради. Ўқиш жараёнида у математика, тарих ва география фанларини яхши ўзлаштиради. Наполеон кўпроқ тарих фанига қизиқиб, Александр Македонский ва Юлий Цезарь шахсини жуда яхши кўрган. У 1785 йилда ҳарбий мактабни ажойиб натижалар билан тамомлаб, кичик лейтенант унвонида ўз ҳарбий фаолиятини бошлайди.

Наполеон Бонапарт ҳақидаги миш-мишлар

Тарихдан биламизки, буюкларнинг ҳаётига турли хил афсонавий ижобий фикрлар билан бир қаторда салбий маънодаги фикрлар ҳам қўшилиб борган. Жумладан, бугун ҳикоя қилаётганимиз Наполеон Бонапартнинг шахсияти ҳам бундан мустасно эмас. Шу вақтга қадар кўплаб тарихчилар буюк генералнинг асосий камчилиги бўйи пастлиги эканини таъкидлаб келишган. Асос сифатида эса Бонапартнинг халқ орасида “корсикалик диктатор”, “кичик корсикалик” ва “митти капрал” лақаблари билан машҳур бўлгани келтирилади.

Бир куни Наполеоннинг ҳарбий мактабдаги дўстлари “сен кичик бўйинг билан отга мингунингча, биз муҳорабани якунлаймиз”, деб уни мазаҳ қилишади. Шунда ёш Бонапарт “муҳорабалар мен отга мингач бошланади”, дея уларга жавоб беради. Бироқ, баъзи тарихий манбаларга кўра, “генералнинг бўйи паст”, деган маълумот фақатгина Буюк Британия пропагандасининг маҳсули.

Қадимги Мисрда “Подшоҳ тирсаги”, деган умумий маънодаги узунлик ўлчов бирлиги мавжуд бўлиб, мазкур бирликнинг миқдори фиръавнлар тирсаги миқдорида олинган. Худди шунингдек, Францияда ҳам давр шароитидан келиб чиқиб, қироллик фути тушунчаси мавжуд бўлган. Унинг миқдори эса ўша вақтда тахтдаги қиролнинг оёғи узунлигича ҳисобланган. Айнан шу тизимда Наполеоннинг бўйи 5 футу, 6 дюм бўлган. Британия тизимида эса 5 фут 3,5 дюмга тенг бўлган. Бошқа бир манбаларда унинг бўйи 169 сантиметр эканлиги ёзилган. Ўша вақтдаги француз эркакларининг ўртача бўй кўрсаткичи 165 сантиметрни ташкил этган. Солиштирма маълумот ўрнида айтиш лозимки, Уинстон Черчилль ва Александр Пушкиннинг бўйи генералга қараганда уч сантиметрга, Сталиннинг бўйи эса тўрт сантиметрга кичик бўлган. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Напалеоннинг паканалиги ҳақида инглизлар орасида тарқалган ушбу маълумот ахборот урушининг бир кўриниши, холос. Яна шуни ҳам алоҳида эслаб ўтиш ўринлики, ўша вақтда халқ орасида “паканалар ваҳшийдир”, деган ибора кенг тарқалган эди.

Наполеоннинг юксалиши

XVIII асрнинг охирларига келганда Халқаро майдонда Франциянинг обрўйи тушиб кетди. Уруш ва солиқлардан қийналиб кетган халқнинг аҳволи тобора оғирлашаётган эди. Буржуазия ва зодагонларнинг бир қисми қиролнинг олиб бораётган сиёсатидан ғазабландилар. Франция қадам ва қадам инқилобга яқинлашмоқда эди. Лудовик XVI (1754-1793) даврида мамлакатнинг ташқи қарзи 140 миллион ливрга етди. Франция боши берк кўчага кириб қолди.

Наполеоннинг омад қадамлари асосан 1789 йил 14 июль куни Бастилия қалъасининг олиниши билан бошланди. Қурол-яроғ омборларини эгаллаб олган парижликлар Бастилияни штурм қилишга ҳозирланишди. Барча табақалар қирол зулмининг рамзи ҳисобланган қалъага нафрат билан қарар эди. Улар қалъа коменданти Маркиз де Лонедан таслим бўлишни талаб қилишди. Аммо соқчилар парламентёрларни ўқлар билан қарши олишди. Ғазабга келган оломон кўтарма кўприк занжирларини узиб ташлаб, қалъани ишғол этадилар.

Бастилиянинг олингани ҳақидаги хабар қирол Людовик XVI га етказилганида, у, “Ахир, бу исён-ку!”, дейди. Хабарчи эса “Йўқ, жаноб, бу инқилоб!”, дея жавоб беради. Шу тариқа ҳокимият халқ қўлига ўтди. Бу орада мамлакат бошқаруви учун сиёсий саҳнага якобинчилар, жирондистлар, радикаллар ва роялистлар сингари ўнг-сўл кучлар чиқиб келди. Бетиним курашлар натижасида мамлакатда  Республика тузуми ўрнатилди. Аммо, монархия тарафдорлари республикачиларни қаттиқ сиқувга ола бошлади. Қутурган роялистлар Конвент (Францияда инқилоб даврида ташкил этилган қонун чиқарувчи ва ижро этувчи орган)ни тарқатиб юбориш учун жиддий курашдилар. 

Наполеон Конвент тарафдори эди. У 1793 йилнинг сентябрь ойида роялистлар томонидан эгаллаб олинган Тулон қалъасини артиллерия ёрдамида ўққа тутиб ишғол этди. Бунинг эвазига Конвент 26 ёшли Наполеонга  Франциянинг ички ҳарбий кучлари қўмондони ва бригада генерали унвонини берди. 

Наполеоннинг ҳарбий юришлари

Директория (1795-1799 йилларда Франция Республикасини бошқарган ҳукумат) Австрия қўшинлари эгаллаб турган Шимолий Италия ерларига юриш қилишни режалаштирди. Қўшинга қўмондонлик қилиш учун бир нечта номзодларнинг номи кўриб чиқилди. Табиийки, ягона муносиб номзод Наполеон эди. Шундан сўнг, ёш генерал армияга қўмондон этиб тайинланди.

Ўз армияси билан учрашар экан, Наполеон тартибга тушириш лозим бўлган бир гала жулдурвоқиларни кўрди. Бунинг устига армияда жами 30 минг одам ва 30 та тўп бўлиб, бу душманникидан етти марта кам эди. Армия инқилоб йилларида тузилган бўлса ҳам, унда демократик тартиблар йилдан-йилга камайиб бораётган эди. Аллақачон зобитларни, ҳарбий судларни сайлаш бекор қилинган, аскарларнинг жанговар руҳияти ҳам сўниб бўлган эди. 

26 ёшли генерал шу армияни жанговар руҳини ва жанг қилиш маҳоратини ошириши лозим эди. Наполеон бу вазифанинг уддасидан чиқди. У авлиё эмас эди, аммо аскарларнинг ўлжа олиш иштиёқини тўғри йўлга йўналтира олди.

Ёш қўмондон Шимолий Италияга юришидан олдин қўшинига шундай деб мурожаат қилди:

“Аскарлар, сиз яланғочсизлар ва қорнингиз ҳам тўқ эмас. Мен сизни дунёнинг энг ҳосилдор текисликларига олиб бораман. Бой вилоятлар ва катта шаҳарлар сизнинг ҳукмингизда бўлади, сиз у ерда ҳурмат, бойлик ва шон-шараф топажаксиз”.

Наполеон урушда армия ўзини ўзи боқиши керак, деб ҳисоблар эди. У ўз армиясининг руҳиятини юксалтира олди. Жанговар руҳият қўшин генералларидан тортиб, то энг сўнгги ноғора чалувчини ҳам қамраб олди. Айни шу пайтда Австрия қўшинларининг руҳий аҳволи паст эди. Аскарлар урушни хоҳламас, маҳаллий аҳоли уларни ёмон кўрарди. Бутун Шимолий Италияда Наполеон “халоскор”, деб ном чиқарди. Наполеон жангга киришдан олдин Шимолий Италия аҳолисига шундай мурожаат қилди:

“Италия халқлари! Француз армияси, сизнинг занжирларингизни узгани келди. Француз халқи барча халқларнинг дўсти! Унга пешвоз чиқинглар. Сизнинг мулкингиз, сизнинг одатларингиз ва сизнинг динингиз дахлсиз бўлиб қолаверади. Биз олийжаноблик билан ва фақат сизларни қулликда ушлаб турган золимларга қарши жанг қиламиз”.

Биринчи тўқнашувдаёқ француз қўшинлари ғалаба қозонди, аскарларнинг руҳияти кўтарилди ва Наполеоннинг обрўси ошиб кетди. Ёш қўмондонига ишонмаган офицерлар ва генераллар энди уни тантанавор олқишлар эди.


   
1796 йил 10 май куни Лоди яқинидаги жангда французлар Австрия армияси устидан навбатдаги йирик ғалабага эришди. Наполеон 1796 йил 28 апрель куни Италиянинг шимолий-ғарбий қисмида жойлашган Пьемоонт вилоятини эгаллаб, австрияликлар қўлидаги Мантуя ва Милан қалъаси томон ҳаракат қила бошлади. 3 июль куни Мантуя, 29 июнда Милан Наполеонга таслим бўлди. 1797 йил 17 октябрь куни Наполеон Бонапарт Австрияни сулҳ тузишга мажбур қилди. Шундан сўнг, Италия ҳудудида Францияга қарам бўлган республикалар тузилди.

Наполеоннинг жасурлиги афсонавий эди. У нотиқ эди, у шамол янглиғ учқур эди. Биргина Италия жангида Наполеон минган 19 та от ўлдирилди, Аркол жангида эса ўқлар ёмғирига қарамай, пиёда ҳолда қўлида байроқ билан қўшиннинг олдига тушиб, душман томон ташланади.

Босиб олинган ерларда Наполеон феодал қарамликни йўқ қилди, черков ва ибодатхоналарни баъзи бир йиғимлардан маҳрум этди, инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлайдиган янги қонунлар киритди. Унинг бир ярим йил Италияда бўлиши Наполеон Бонапартни тирик афсонага айлантирди.

1797 йил 7 декабрь куни Бонапарт Италиядан Парижга триумфатор сифатида кириб келди. Директория уни Люксембург саройида кутиб олди. Наполеоннинг ғалабалари ички сиёсий масалаларни ҳал қилиш қобилиятига эга бўлган куч сифатида армиянинг обрўсини ошириб юборди.

1797 йилда Наполеон Бонапарт Директорияга хат ёзади. Унда шундай дейилган эди:

“Биз Англияни енгиш учун Мисрга эга бўлишимиз кераклигини тушунадиган вақтимиз узоқ эмас”. 

Тез орада, Наполеон Директорияга юриш режасини тақдим этди ва ҳукумат уни тасдиқлади. Бонапарт бу юришга катта тайёргарлик кўрди. У Александр Македонский Шарққа юриш қилаётганида ўзи билан турли олимларни олиб кетганлигини эслаб, ўзи билан 167 нафар ботаник, кимёгар, тарихчи ва бошқа олимларни олиб кетади. 1798 йил 19 май куни Наполеон Бонапарт 38 минглик қўшин ва 350 кема билан Тулон портидан Мисрга қараб суза бошлади. Ўша вақтда Миср расмий равишда Усмонийлар империясига қарашли эди, аммо амалда уни маҳаллий ҳарбий-феодал мулкдорлар бошқарган. Наполеон олти ҳафта ичида Ўрта Ер денгизини кечиб ўтди. Унинг қўшини Александрия шаҳри яқинида қирғоққа тушди. Шу тариқа, Наполеон Бонапарт Миср ерларини эгаллашга киришди.

Келгуси мақоламизда Наполеоннинг Шарққа қилган ҳарбий юришлари ҳамда Император сифатида тахтга чиқиши ҳақида маълумот берамиз.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

468

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made