2023 – Зўрдан зўр чиққан йил
Таҳлил
−
31 Декабрь 2023
38821Тугаётган йил аввалгиларига қараганда дахлсиздек кўринган амалдорларнинг лавозимларидан олиниши билан ёдда қолди. Эркаланиб кетган ҳокимлардан тортиб, мамлакатнинг энг юқори ташкилоти – Президент Администрация раҳбарининг лавозимидан олиниши, ҳокимиятдаги кучлар алмишинуви эътибор марказида бўлди. Оддий туманнинг ҳаддини унутган ҳокимлари, коррупцияга берилиб, нафс ботқоғига ботган амалдорлар ёки шунчаки кучлар баҳсида енгилган кучсизлар бугун QALAMPIR.UZ’нинг йиллик сарҳисобида.
Хайр, Ортиқхўжаев!
2023 йил боши нафақат пойтахт Тошкент, балки бутун республика учун шов-шувли истеъфо билан бошланди. Мамлакатда кузатилган аномал совуқ ва энергетик инқироз, пойтахт туманларининг бир неча кунлаб газ ва “свет”дан узилиб қолиши ортидан 16 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йиғилиш ўтказилди ва унда 2018 йилнинг апрелидан буён Тошкент шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан олингани айтилди. Ҳокимбуванинг ўзи ушбу йиғилишда иштирок этмади.
"Шунча гапирганимиз билан Вазирлар Маҳкамаси масъуллари қаерга қараяпти, деган савол мени қийнаяпти. Шу боис қиш мавсумига лозим тарзда тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевни ишдан олдим. Кечаси штабда мен уни ишдан олдим. Қуруқ гап, ёлғон ҳисобот билан, пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун ишдан олдим", дея изоҳлади Ортиқхўжаевнинг лавозимидан олинишини Мирзиёев.
Ортиқхўжаевнинг масъулиятсизлиги сабаб пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани натижасида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, бозорларда озиқ-овқат музлаб қолмаслиги учун, нарх-наво ошиб кетмаслиги учун чора кўрилмаётгани учун пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирилди.
Салом, Раҳмонов!
Ўша куннинг ўзида Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев шаҳар прокурори этиб тайинланди.
Ушбу йиғилишда қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Хўжаев истеъфога чиқарилди. Бироқ, орадан бир ой ўтар-ўтмас Хўжаев яна вазирликка қайтарилди ва Қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича лойиҳа офиси директори лавозимига тайинланди.
Ўша куни Президент Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевга огоҳлантириш берди. Чирчиқ шаҳар ҳокими Даврон Хидоятов эса “ҳайфсан” олди.
Ортиқхўжаев ортидан Тошкентнинг Юнусобод тумани ҳокими Баҳодир Абдувалиев, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Иргашев ва Учтепа тумани ҳокими Фарҳод Абдуллаев лавозимидан озод этилди ва ҳоким вазифасини бажарувчи лавозимига туширилди. Президент лавозимидан озод этилганлар фаолиятини Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура текширишини айтди. Аммо орадан бир йил вақт ўтди ҳамки, бу текширувлар қандай ўтказилгани ва унда нималар аниқлангани бўйича маълумот берилмади. Ортиқхўжаев эса айни дамда тадбиркорлик фаолиятини давом эттирмоқда.
Ортиқхўжаев ҳокимлик ортидан сенаторлик ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши раиси лавозимлари билан ҳам хайрлашди.
Хайр, Раҳмонов!
Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан қолган ўринни эгаллаб, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарган 64 яшар Бахтиёр Раҳмонов тайинловидан икки ҳафта ўтиб, пойтахтнинг 3 та тумани ҳокими (Мирзо Улуғбек тумани – Шавкатбек Турдиевич Эргашев, Учтепа тумани – Фарҳод Равшанович Абдуллаев ва Юнусобод тумани – Баҳодир Абдулхаевич Абдувалиев)га ҳайфсан бериш ҳақидаги фармойишни имзолади.
“Ўзавтосаноат” компанияси раиси лавозимида фаолият юритган Шавкат Умурзоқов 23 март куни Тошкент шаҳар ҳокими этиб тайинланди. Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимида 67 кун ишлаган Бахтиёр Раҳмонов эса 28 март куни имзоланган қарор билан Тошкент шаҳар ҳокимининг қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, тўғрироғи эски курсисига қайтарилди.
Умурзоқов ҳам дахлсиз бўлиб чиқмади
Ортиқхўжаевдан сўнг юқори тизимда яна бир катта кетиш юз берди ва бу шунчаки кетиш бўлмай, йил шов-шувига ҳам айланди. Гап Президент Администрацияси раҳбари бўлган Сардор Умурзоқов ҳақида кетмоқда. 2022 йилнинг 16 июль куни давлат раҳбари фармони билан Президент Администрацияси раҳбари лавозимига тайинланган Умурзоқов жорий йилнинг 17 август куни ишдан олинди. У нима учун бу лавозимдан четлатилгани сабаблари очиқланмади, аммо унинг кетиши ортидан Президент Администрацияси раҳбари лавозими ҳам тугатилди. Шунингдек, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Администрация тузилмасига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, Администрация раҳбари лавозимига мос равишда унинг ҳудудлардаги ёрдамчилари лавозимлари, Администрация раҳбарининг ҳудудлардаги ёрдамчилари котибиятлари ва ушбу котибиятлар фаолиятини мувофиқлаштириш шўбаси ҳам тугатилди.
Умурзоқов эса ишсиз қолгани йўқ. У шу куннинг ўзида Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Аммо у шундан кейин жамоатчиликка кўриниш бермади.
Фақатгина орадан қарийб 5 ой ўтиб, Умурзоқов қаердалиги маълум бўлди. Гап шундаки, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти Linkedin саҳифасига ўзининг Сардор Умурзоқов билан тушган суратини жойлади.
Умурзоқов ортидан унинг ёрдамчиси, Президент Администрацияси раҳбари ёрдамчиси Суннатилла Бекенов лавозимидан озод этилди. Асли Қозоғистонда туғилган Бекенов турли йилларда Молия вазирлигида бир қанча лавозимларда ишлаган. У 2022 йилда эса Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовнинг ёрдамчиси этиб тайинланганди.
Шунингдек, 2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳри ҳокими бўлган Фурқат Раҳимов Президенти Администрациясининг Ижро этувчи аппарати таҳлилий материалларни тайёрлаш ва Администрация бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш шўбаси мудири лавозимидан озод этилди.
У 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб Президент Администрациясининг Таҳлилий материаллар тайёрлаш ва бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштириш шўбаси мудири лавозимига тайинланган.
Мирзиёева ва Алламжонов тандеми
Умурзоқовнинг шов-шувли кетиши билан бир вақтда янги бир янги – Президент ёрдамчиси лавозими жорий этилди. Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Шавкатовна Мирзиёева эса ушбу лавозимга тайинланди.
Бунга қадар Саида Мирзиёева Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири лавозимида ишлаб келаётганди. Эътиборли жиҳати, ёрдамчи лавозими бир эмас, иккита. Бунгача Президент Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Азиз Мағрупов ҳам энди Президент ёрдамчиси мақоми деган номни ташимоқда.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган Комил Алламжонов 25 август куни Президент Администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимига тайинланди.
Тошкент вилоятидаги катта тозалаш
Кетишларни яна ҳокимлардан давом эттирсак. Бу сафарги ишдан олинишлар ҳам қизиғи август ойида юз берган. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида катта йиғилиш ўтказди. Ушбу йиғилишда вилоят ҳокимлиги таркибида бир қанча “тозалаш”лар амалга оширилди. Йиғилишда Қибрай тумани ҳокими Мираъзам Мирқосимов ишдан олинди. Қибрай туманига 2018 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган Мираъзам Қосимов фаолиятида бир қанча камчиликларга йўл қўйгани “учгани” айтилди. Шундан сўнг, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳам вилоят ҳокимлиги тизимида бир қанча тозалашларни амалга оширди.
“Қибрай тумани ҳокимининг ўринбосарлари, ҳокимликнинг бошқа барча мутахассислари бугундан бошлаб вазифасидан озод қилинади. Уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилади, “тоза” чиқса, кейин ишини давом эттиради”, деди ўшанда Зойир Мирзаев.
Қосимов ўрнига Музаффар Аброрович Рашидов Тошкент вилоятининг Қибрай туманига ҳоким этиб тайинланди. Рашидов 1987 йилда Тошкент вилояти Зангиота туманида туғилган. 2009 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. У ушбу лавозимга тайинлангунга қадар, Оҳангарон тумани прокурори лавозимида ишлаб келган.
Кушербоев кўчада қолмади
Ҳадеб ишдан олинганларни айтаверар экан-да, деманг. Ўз лавозимидан мардларча ва ўз хоҳиши билан кетганлар ҳам бўлди. Гап шундаки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев 2022 йилда депутатлик фаолиятини ўз хоҳиши билан якунлаганди. Шундан сўнг у 2023 йилда Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. У парламентда унинг фикри эшитилмагани учун депутатликдан кетишга қарор қилганди.
Турсунов кетиб, Тошхўжаев келди
Юқорида айтганимиздек, август ойи ишдан олиш-қўйишларга бой бўлди. Ички ишлар вазири ўринбосари, Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимларида ишлаган полковник Дониёр Бахтиёрович Тошхўжаев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.
Полковник Дониёр Тошхўжаев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган даврларида тилга тушган. У 2019 йилнинг июль ойига қадар ушбу лавозимда фаолият юритди. Июль ойида Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланди.
2020 йилнинг 21 январь куни Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимини эгаллади.
Шунингдек, 2022 йилнинг февралидан буён ушбу лавозимда фаолият юритиб келаётган Улуғбек Турсунов эндиликда фаолиятини Ички ишлар вазирлигида давом эттириши маълум қилинди.
Вазир ўринбосари Фарғонани бошқаряпти
Бундан ташқари, шу йилнинг 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида ўтказган йиғилишида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Жўраевни лавозимидан озод этди.
Шавкат Мирзиёев вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб, бу борадаги ишлар аҳволи қониқарсизлигини танқид қилган. Фаолиятида йўл қўйган камчиликлар учун Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Жўраевни ишдан олган. Унинг ўрнига Азиз Икромов Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди. У 2019 йилдан бери Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. Бундан ҳам олдин у Мудофаа вазири ўринбосари лавозимида ҳам фаолият юритган.
Вилоят ҳокимлигидан туманга “йиқилган” Боболов
“Йиқилган курашга тўймас”. Бу таъриф ҳаммадан ҳам Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга мос ва хосдир. Шу йилнинг 1 август куни Тўра Боболов Абдиевич Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани ҳокими лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар Тўра Боболов Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Шунингдек, у 2019 йил 1 майдан Сурхонадарё вилояти ҳокими бўлганди. У шу даврда сўконғич ҳоким номи билан ҳам танилишга улгурганди. Унинг ўрнига Президент фармони билан Улуғбек Қосимов Бердиқобилович ҳоким этиб тайинланди.
LiveБарчаси