2023 йили 74,4% болалар мактабгача таълим билан қамраб олиниши айтилди 

Жамият

image

Жорий йилда 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 74,4 фоизга, жумладан, 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражаси 92 фоизга етказилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева маълум қилди.

Брифингда таъкидланишича, йил давомида давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги 1 минг 600 та нодавлат ҳамда оилавий мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан 35 та жиҳозланган автобуслар негизида 70 та маҳаллада 140 та “Ақлвой” мобил гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

8 мингта нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 23 номдаги ўқув-услубий ва дидактик материаллар билан таъминланади. 6 ёшли болалар таълимига эҳтиёж мавжуд бўлган ҳудудларни ота-оналар талабларига биноан аниқлаш мақсадида махсус электрон платформа ишлаб чиқиш белгиланган.

Асқархўжаеванинг қўшимча қилишича, мактабгача таълим тизимида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, соғлиқни сақлашнинг бирламчи тизими ва мактабгача таълим ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмлари такомиллаштирилади.

Маълумот учун, бугунги кунда республикада жами 29 420 та мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган. Мактабгача ёшдаги 2,9 млн нафар боладан 2,1 млн нафари ёки 71,8 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган бўлса, уларнинг 647 655 нафарини (90%) 6 ёшли болалар ташкил этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг