2023 йилда ўзбек спорти кимларни йўқотди?
Таҳлил
−
29 Декабрь 2023
10610Ортда қолаётган 2023 йил ўзбек спорти учун сермаҳсул натижаларга бой бўлди. Дунё ареналарида ўзбек спортчилари турли пробадаги медалларни қўлга киритди. Мисол учун, 2023 йил спортидаги асосий воқеликлардан бири Ханчжоуда ўтган Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ўз тарихидаги энг сермаҳсул натижани қайд этди. 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалига эга чиққан ўзбекистонлик атлетлар жами 71 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 5-ўринни банд этди.
2023 йил ўзбек пара спорти учун ҳам аҳамиятли йил бўлди. Жумладан, “қитъа паралимпиадаси”да Ўзбекистон вакиллари 79 та медаль жамғариб, мусобақалар тарихидаги энг сермаҳсул натижасига эришди.
Бироқ “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилида ўзбек спортида бир қатор йўқотишлар ҳам кузатилди. Ўзбек спорти ортда қолаётган йилда кўплаб спорт мутахассислари, устоз мураббийлардан айрилди.
Маҳмуджон Юнусов
23 март куни Ўзбек шахмати фахрийси, таниқли ҳакам Маҳмуджон Юнусович Юнусов 94 ёшида вафот этди.
Маҳмуджон Юнусов 1929 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У миллий тоифадаги ҳакам сифатида кўплаб республика турнирларида ҳакамлик қилган.
Виктор Жалилов
7 май куни Футбол бўйича мураббий Виктор Жалилов вафот этди.
Виктор Жалилов 1952 йил 17 март куни Тошкентда туғилган. У Тошкент спорт мактаб-интернатида таҳсил олган. Жалилов мактаб-интернатни тамомлагач, “Пахтакор”га олиб кетилган ва у ерда ҳарбий хизматга чақирилгунга қадар ўйнаган. Ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, Тошкент Жисмоний тарбия институтида таҳсил олиб, Наманганнинг “Текстилшчик” жамоасида ўйнаб, футболчилик фаолиятини якунлаган.
Жалилов мураббийлик фаолиятини Халқободнинг “Соҳибкор” жамоасида бошлаган. 1995 йилда Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасини бошқариб, Ўзбекистон чемпионатининг бронза медали соҳибига айланди. 1996 йилда у жамоа билан мамлакат чемпионати ва кубогини қўлга киритиб, “олтин дубл”га эришди. У Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.
1997-1999 йилларда “Навбаҳор” билан бирга яна уч марта бронза медали соҳиби бўлган.
2000 йилда “Пахтакор”га қайтиб, икки йил мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлаб, 2002 йилда эса клуб бош мураббийи бўлди. Мамлакат чемпионлиги ва кубогини қўлга киритиб, “олтин дубл”ни такрорлашга муваффақ бўлди. Шундан сўнг иккинчи бор Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.
2005 йилда Муборакнинг “Машъал” жамоасини бошқарган ва чемпионатда кумуш медалларни қўлга киритган. Ўшанда у учинчи марта Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи дея қайд этилган.
2010 йилда Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасида ишлаган аммо қониқарсиз натижалар учун ишдан бўшатилган.
2015 йилда Виктор Жалилов 22 ёшгача бўлган терма жамоага янги бош мураббий этиб тайинланган.
Аида Ҳасанова
23 май куни Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош ҳаками, машҳур спортчи Аида Ҳасанова 39 ёшида тўсатдан вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда айтилишича, спортчи косметологик операция давомида нотўғри дори воситаси қўлланилиши оқибатида шокка тушган. Бироз вақт ўтгач, у 16-шаҳар шифохонасига олиб борилган. Ҳасанова тахминан кечки соат 19:00 ларда шифохонада вафот этган.
Аида Ҳасанова 1983 йил 4 августда Тошкент шаҳрида туғилган.
У қиличбозлик бўйича спорт устаси, 2001-2006 йилларда мамлакат чемпионлигини қўлга киритган. 2005 йилда Англияда ўтказилган халқаро турнирда ғолиб бўлган.
2014 йилда Аида Ўзбекистон тарихида биринчи бўлиб уч қурол тури бўйича халқаро қиличбозлик ҳаками бўлган. Ўша йилдан бошлаб у Халқаро қиличбозлик федерациясининг ҳаками сифатида фаолият юритиб келаётганди.
Аида Ҳасанова Токио-2020 Олимпиада ўйинларининг қиличбозлик спорт турида ҳакам сифатида ишлаган биринчи марказий осиёлик мутахассис ҳисобланади. У дунёнинг энг яхши беш нафар қиличбозлик ҳаками деб ҳам эътироф этилган.
“Аидадан қиличбозлик спорт тури оиласига ёрқин хотиралар қолди. Аида ушбу спорт турини севганларнинг қалбида мангу барҳаёт”, дейилади Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси хабарида.
Николай Любарцев
13 июнь куни футбол дарвозабони, СССР спорт устаси Николай Любарцев 81 ёшида вафот этди.
“Футболимиз ўтмишидаги таниқли дарвозабонлардан бири Николай Любарцевнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг яқинлари ва оила-аъзоларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирамиз”, дейилади хабарда.
Николай Любарцев 1942 йил 1 ноябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. У Таганрог футбол мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади.
Профессионал футболдаги фаолиятида “Пахтакор”, “Трактор Павлодар”, “Торпедо Таганрог”, “Торпедо Таганрог” футбол клублари сафида ўйнаган. СССР чемпионати Олий лигасида умумий 150 та ўйин ўтказган ва 1967/1968 йилги СССР кубоги финалчиси бўлган.
Шунингдек, “Пахтакор”, “Зарафшон”, “Косонсой”, “Хорaзм”, “Янгиер” ва “Навбаҳор” каби футбол клубларига мураббийлик қилган.
Мавлон Шукурзода
1 июль куни ўзбекистонлик таниқли спорт журналисти Мавлон Шукурзода 69 ёшида вафот этди. У 1954 йилнинг 31 май куни Тошкент вилояти Оққўрғон тумани Алимкент шаҳарчасида туғилган.
Мавлон Шукурзода “Пахтакор” футбол клубининг фаолиятини кенг оммага ёритишда ўзининг катта ҳиссасини қўшган. Журналист “Пахтакор-79” фильмининг суратга олинишида консултант сифатида иш олиб борган.
“Устоз журналист, ўзбек футболида энциклопедик маълумотлар эгаси эди. Ассоциациянинг фахрийлар иштирокидаги барча тадбирларида фаол қатнашиб келганди. Жуда маданиятли, ҳушмуомала ва нурли одам сифатида эслаб қоламиз. Аллоҳ раҳмат қилсин”, дейди футбол шарҳловчиси Даврон Файзиев.
Маълум бўлишича, марҳум журналист жорий йилнинг 3 июль санасида ўтказилиши режалаштирилган Ахбор Имомхўжаев хотира турнирида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган бўлган.
“Мазкур мусобақада фахрийлар, журналистлар, яқинлар иштирок этади. Улар орасида яхши инсон, ажойиб журналист, Пахтакор ва умуман ўзбек футболи фидойиларидан бири Мавлон ака Шукурзода ҳам бор эди. 69 ёшда бўлишига қарамай, Ахбор ака хотира турнирида иштирок этаман деб, 14-рақамни танлаб олганди”, дейди ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев.
Эльмар Аминов
9 ноябрь куни Ўзбекистон футбол федерациясининг (ҳозирги ЎФА – таҳр.) собиқ президенти Эльмар Аминов 91 ёшида вафот этди. Эльмар Аминов 1932 йилнинг 23 январь куни Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. У Санкт-Петербург жисмоний тарбия институтини тамомлаган.
Аминов талабалик даврида шайбали хоккей билан профессионал тарзда шуғулланиб, спортнинг шу тури бўйича спорт устаси бўлган.
1956 йилда “Пахтакор“ футбол клуби бошлиғи ва бир вақтнинг ўзида Футбол федерацияси президенти этиб тайинланган. Эльмар Аминов шунингдек, 27 йил давомида Жисмоний тарбия ва спорт қўмитасини, кейин эса Ўзбекистон Туризм кенгашини бошқарган.
“Таниқли спорт ва жамоат арбоби, ўзбек футболи ривожига улкан ҳисса қўшган инсон Эльмар Аминовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг яқинлари ва оила-аъзоларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирамиз”, деб ёзади Ассоциация матбуот хизмати.
LiveБарчаси