2023 йилда қайси мамлакатлар осмонўпар биноларни фойдаланишга топширади?

Бу қизиқ

image

Дунё мамлакатлари ўзининг архитектурасини йилдан-йилга янги бинолар билан бойитиб келмоқда. Уларнинг аксарияти баланд, осмонўпар бинолар бўлиб, катта қулайликларни ўзида қамраб олган. 2023 йилда фойдаланишга топшириладиган баланд бинолар рўйхатини “Тhe B1M” сайти тақдим этди.

5. “Ciel Tower” биноси, БАА 

Дубай келаси йилда дунёдаги энг баланд меҳмонхонани қуриб яна бир жаҳон рекордини янгиламоқчи. 365 метр баландликдаги “Ciel Tower” ҳозирги энг баланд меҳмонхона бўлган, Дубайдаги 356 метрлик “Gevora”ни орта қолдириш арафасида турибди. Меҳмонхонада 1000 дан ортиқ хоналар мавжуд бўлиб, 300 метр тепада жойлашган очиқ айвонга ҳам эгадир. Бу меҳмонхона биноси ҳам Дубайнинг бошқа иншоотлари каби “яшил” қурилиш асосида қад растлаган бўлиб, бинонинг 82 қавати бўйлаб ландшафт терасалар жойлашган.

Маълумот ўрнида, дунёдаги энг кўп ташриф буюриладиган шаҳарлар қаторидан жой олган Дубай, 2022 йилнинг ўзида 8 миллиондан ортиқ хорижлик меҳмонларни қабул қилди. Амирликда 769 та меҳмонхона мавжуд бўлиб, улардаги жами хоналар сони 117 434 тани ташкил қилади.

4. “Hengfeng Guiyang Center Tower 1” биноси, Хитой 

2023 йилда фойдаланишга топшириладиган “Hengfeng Guiyang” биноси 5 та кузатув майдончасига эга Хитойдаги ягона турар-жой мажмуаси бўлиши кутилмоқда. Бино хонадонлар, савдо-кўнгилочар объектлар ва офис хоналаридан иборат бўлади. Мажмуанинг умумий баландлиги 373 метрни ташкил қилади.

Маълумот учун, бино Гуиянг шаҳридаги иккинчи энг баланд бино бўлиши кутилмоқда. Ҳозирга қадар Гуиянг шаҳридаги энг баланд осмонўпар бино унвони 2020 йилда қуриб битказилган 401 метрли Гуиянг халқаро молия марказига тегишли.

3. “Ikonik” биноси, Миср 

Африка чўлида қурилаётган 20 та янги осмонўпар биноларнинг энг баланди бўлган “Ikonik” минорасининг умумий баландлиги 393 метрни ташкил қилади. Бинода асосан шаҳарларнинг маъмурий офислари, ҳамда турар-жой хонадонлари жойлашади.

Юмшоқ қумда бинонинг пойдеворини қуриш учун 18500 куб метр бетонни 38 соат давомида тўхтовсиз қуйишган. Бундай технология ҳали ҳеч қайси бино-иншоотда қўлланилмаган эди.

2. “Greenland Shandong” халқаро молия маркази биноси, Хитой 

2023 йилда қуриб битказилиши билан Цзинань шаҳрининг энг баланд осмонўпар биносига айланиши кутилаётган “Greenland Shandong” халқаро молия марказининг умумий баландлиги 428 метрни ташкил қилади.

Маълумот ўрнида, ушбу бино 2022 йилда тугалланиши керак эди, аммо унинг қурилиш режаси бир муддат тўхтатилган эди. Молия марказининг лойиҳаси Бурж Халифа биносини қурган ташкилот томонидан тақдим этилган.

1. “Wuhan Greenland” маркази биноси, Хитой 

Қурилиши 2012 йилда бошланган осмонўпар бинонинг умумий баландлиги 636 метрни ташкил қилмоқда. Бино қуриш жараёнида Хитой ҳукумати ҳавода ортиқча чанг чиқарилаётганини ҳисобга олиб, қуришни тўхтатиб қўйган эди. Бугунги кунда унинг ташқи қопламаларининг аксарияти ўрнатилган. Марказ биноси 2023 йилда фойдаланишга топшириладиган энг баланд осмонўпар бинога айланади.

Маълумот учун, “Wuhan Greenland” биноси Хитойнинг энг баланд биноси бўлган "Tokyo Skytree" дан атиги 2 метрга ошиб, янги рекордни қайт этмоқда.

Нурмуҳаммад Файзуллаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

376

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг