2023 йил учун коррупцияга оид жиноятлар статистикаси очиқланди
Жамият
−
16 Декабрь
29972023 йилда республика бўйича судлар томонидан жами 6 535 нафар шахс (2022 йилда 7 414 нафар шахс) коррупцияга оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан жавобгарликка тортилганлар шахслар сони 879 нафарга ёки 12 фоизга камайган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза”да келтирилган.
Таҳлилларга кўра, 2023 йилда судлар томонидан айблов ҳукми чиқарилган коррупцияга оид жиноят ишлари сони 4 128 тани ташкил қилиб, 2022 йилга (4 607 та) нисбатан 479 тага ёки 11 фоизга камайган. Жавобгарликка тортилган 6 535 нафар шахсларнинг 1 299 (1 482) нафари ёки 20 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида, давлат манфаатларига жами 1,4 трлн (2022 йилда 2,04 трлн) сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланди. Ушбу зарарнинг 745 млрд (1,1 трлн) сўми ёки 51 (54) фоизи қопланган. Давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон (243 млрд сўм), Наманган (194 млрд сўм), Қашқадарё (143 млрд сўм) ва Тошкент вилоятларига (132 млрд сўм) тўғри келмоқда. Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарар 2022 йилга нисбатан 608 млрд сўмга ёки 29 фоизга камайган. 2022-2023 йилларда пора предмети бўлган 7,1 млрд сўм, 345 минг АҚШ доллари ва 34, 5 минг Россия рубли (шундан 2023 йилда 3,7 млрд сўм, 87, 3 минг АҚШ доллари ва 34, 5 минг Россия рубли) миқдоридаги пул маблағлари давлат фойдасига мусодара қилиниши таъминланган.
2023 йилда 181 та ҳолатда ишга жойлашиш ҳамда 326 та ҳолатда банк кредитларини ажратиш билан боғлиқ ҳолатларда коррупцияга оид жиноятлар аниқланган. Жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг 12 нафари (27) республика, 319 нафари (270) вилоят, 5024 нафари (5755) туман-шаҳар миқёсидаги давлат ташкилотларида фаолият кўрсатган. Коррупцияга оид жиноятлар 2023 йилда республиканинг 4 та вилоятида 2022 йилга нисбатан ўсган бўлса, 10 тасида камайган.
Хусусан, коррупцияга оид жиноятлар сони Сурхондарё (9,9 фоиз), Андижон (6,4 фоиз), Сирдарё (2,8 фоиз) ва Навоий вилоятларида (1,3 фоиз) ортган. Жиноятлар таҳлилига кўра, муқаддам судланган шахсларнинг давлат хизматига қабул қилиниши улар томонидан қайта жиноят содир этилишига имконият яратиб бермоқда, жумладан 2023 йилда 1 146 нафар муқаддам судланган шахслар томонидан коррупцияга оид жиноятлар содир этилган бўлиб, уларнинг 566 нафари муқаддам айнан коррупциявий жиноят учун судланган.
Бош прокуратура 2023 йил давлат харидлари соҳасида аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этишга оид 275 та тақдимнома киритган. 393 та жиноят иши қўзғатилган, 25 та ноқонуний ҳужжатлар қонунга мувофиқлаштирилган, 1 219 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Давлат хавфсизлик хизмати идоралари томонидан 2023 йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 1 290 та пора олиш вақтида жиноят устида қўлга олиш бўйича тадбир ўтказилган. Уларнинг 517 таси ижро ҳокимияти, макроиқтисодиёт, ташқи иқтисодий ва инвестициявий фаолият, банк-молия, саноат-қурилиш, уй-жой коммунал, ёқилғи-энергетика ва агросаноат, 221 таси таълим, ёшлар, спорт ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш, 197 таси ҳуқуқ-тартибот, назорат ва суд органлари, 160 таси соғлиқни сақлаш ва маданият, 100 таси транспорт ҳамда 95 таси божхона қонунчилигини бузиш соҳаларига тўғри келади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича жами 3 996 та ҳолат аниқланиб, шундан, 3942 та жиноят ва 54 та маъмурий ишлар қўзғатилган. Департамент аниқлаган жиноятларнинг 1 382 таси порахўрлик бўлиб, шундан 395 таси бевосита давлат идоралари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан содир этилган пора олиш жинояти ҳисобланади.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаментининг Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари томонидан 2023 йил давомида коррупция ва иқтисодиёт соҳасида содир этилган, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши 2 800 дан ортиқ жиноятлар аниқланган.
Хусусан, агросаноат комплексида 467 та, ёқилғи-энергетика комплексида 304 та, ижтимоий соҳаларда 289 та, ўрта ва кичик бизнесда 148 та, назорат идораларида 122 та, ҳокимият идораларида 80 та, истеъмол бозорида 58 та, банк, молия-кредит тизимида 46 та, саноатда 22 та, чет эл фирмалари ва қўшма корхоналарида 13 та, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида 10 та, суд идораларида 1 та ва бошқа соҳалардаги 1 300 тага яқин жиноят аниқланиб, фош этилган.
Мазкур жиноятларнинг аксарияти порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, валюта қоидасини бузиш, қалбаки пул ясаш ва ўтказиш, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш жиноятларини ташкил этган.
Коррупцияга қарши кураш агентлигига кўра, ҳоким ёрдамчилари томонидан ваколатларидан фойдаланган ҳолда давлат маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ коррупцияга оид жиноятлар кузатилмоқда. Хусусан, 2023 йил мобайнида ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти билан боғлиқ 69 та жиноий ҳолат аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Шундан 28 нафарига Жиноят-кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 19 нафарига Жиноят-кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 17 нафарига Жиноят-кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 5 нафарига Жиноят-кодексининг 210-моддаси (пора олиш) бўйича айблов эълон қилинган.
Шунингдек, ўрганишлар давомида ҳоким ёрдамчилари ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан 277 та таъминотчи корхоналар “маркетплейс”да иштирок этиб, уларнинг ҳисобига 202,5 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар келиб тушгани маълум бўлган. Натижада 61 нафар ҳоким ёрдамчиси ишдан бўшатилган, 1 нафарига жарима белгиланган, 85 нафар ҳоким ёрдамчисига “ҳайфсан” эълон қилинган.
LiveБарчаси