2022 йил ўзбек спорти учун қандай ўтди?
Спорт
−
30 Декабрь 2022
4087Тобора поёнига етиб бораётган 2022 йил ўзбек спорти учун унутилмас онларга, чиройли ғалабаларга бой бўлди. Ўзбек спортчилари асосан индивидуал спорт турлари бўйича халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, дунё майдонида мамлакат нуфузини янада оширди. Жумладан, ўзбекистонликлар шахмат, спорт курашлари, бокс, оғир атлетика ва таеквондо каби спорт турларида яхши натижаларни қайд этди.
Qalampir.uz 2022 йилда жаҳон спортининг катта саҳнасига чиққан ўзбек спортчиларнинг натижаларини сарҳисоб қилди.
Нодирбек Абдусатторов (шахмат)
Жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери Нодирбек Абдусатторов август ойида Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳри мезбонлик қилган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон жамоасининг мутлақ чемпионга айланишида ўзининг жуда катта ҳиссасини қўшди. Шахмат Олимпиадасида Нодирбек қийин вазиятда Ҳиндистон вакили Гукеш устидан ғалаба қозонди. Шунингдек, жаҳоннинг энг кучли гроссмейстерларидан бири Фабиано Каруанани ҳам таслим этди. Олимпиададан ташқари, Абдусатторов Туркия суперлигаси, гроссмейстер Вугар Гашимов хотира турнирларида ҳам зафар қучди. Хулоса қилиб айтганда Абдусатторов ва бошқа кўпгина истеъдодли ёш шахматчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан дунёда ўзбек шахмати юқори даражага чиқди.
Давлат Бобонов (дзюдо)
Октябрь ойида Тошкент шаҳрида дзюдо бўйича Жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилди. -90 кгда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Токио-2020 Олимпиадаси совриндори Давлат Бобонов мундиал баҳсларида муносиб қатнашиб, якунда олтин медалга эга чиқди. Спортчининг финал ўйинини шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев аренадан кузатиб борди. Тақдирлаш маросимида Мирзиёев Бобоновга олтин медални тақиб, тарихий ғалаба билан спортчини қутлади. Мундиалдаги ғалаба Бобоновга жаҳон рейтинги учун 2000, Париж Олимпиадаси учун 1000 очко келтирди. Шунингдек, ўз вазн тоифасида жаҳон рейтингида карвонбошилик қилаётган спортчи ЖЧдаги ғалабаси билан IJF томонидан 280 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Музаффар Тўрабоев (дзюдо)
Тўрабоев ҳам Бобонов сингари Тошкент мундиалида чемпион бўлди. -100 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Тўрабоев финалда канадалик Кайл Реесга қарши татамига чиқиб, Golden Score’да ғалабани қўлга киритди. Тўрабоевнинг муваффақиятини ҳам Президент Шавкат Мирзиёев шахсан эътироф этди. Шунингдек, дзюдочи Ўзбекистонда йил якунларига кўра “Энг яхши эркак спортчи” деб эътироф этилди.
Диёра Келдиёрова (дзюдо)
Жорий йилда Озарбайжон пойтахти Баку шаҳри мезбонлик қилган дзюдо бўйича “Катта дубулға” мусобақаларида чемпионга айланган Келдиёрова, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди, яъни шу вақтга қадар IJF рейтингида ҳеч қачон ўзбекистонлик аёл спортчи пешқадам бўлмаган эди. Келдиёрова IJF рейтингида 1-ўринга кўтарила олган илк ўзбек аёл дзюдочисига айланди. Шунингдек, у Бакуда ўтказилган турнирдаги ғалабаси орқали Олимпиада йўлида муҳим очколарга эга бўлди.
Светлана Осипова (таеквондо)
Ноябрь ойида Мексиканинг Гвадалахара шаҳрида таеквондо WT бўйича Жаҳон чемпионати баҳслари бўлиб ўтди. Эътиборлиси, аёллар ўртасида +73 кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Светлана Осипова Жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Осипова ҳал қилувчи баҳсда исроиллик Дана Арзанни 3 раундда (2:1) мағлубиятга учратиб, чемпионга айланди. Шунингдек, Осипова йил якунларига кўра, Ўзбекистонда энг яхши аёл спортчи деб тан олинди.
Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси (футбол)
Туркиянинг Анталья шаҳри мезбонлик қилган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакиллари 3-ўринни қўлга киритди. Шу вақтга қадар Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси ўз тарихида 5 маротоба Жаҳон чемпиони бўлган. Туркия мундилиадаги ажойиб иштирок учун, жамоа аъзоларига 10 миллион сўм миқдорида пул мукофоти, шунингдек, 3 декабрь “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан Президент қарорига мувофиқ, 15 нафар аъзога Cobalt автомобили совға қилинди.
Руслан Нуриддинов (оғир атлетика)
Декабрь ойида Колумбия пойтахти Богота шаҳрида оғир атлетика бўйича Жаҳон чемпионати беллашувлари ўтказилди. Турнирнинг 109 кг вазнида Руслан Нуриддинов Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди. Нуриддинов даст кўтариш машқида 177 кг, силтаб кўтаришда 220 кг ва умумий ҳисобда 397 кг билан ўз вазн тоифасида 3 та йўналишда олтин медални қўлга киритди. Мазкур натижа ўзбекистонлик спортчи фаолиятида дунё биринчилигидаги иккинчи чемпионлик ҳисобланади. Колумбиядаги мундиалда Нуриддинов энг яқин таъқибчисини 8 килограмга ортда қолдирди. Шунингдек, Руслан Нуриддинов Президент фармонига кўра, 12 000 доллар пул мукофоти билан тақдирланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, якунланаётган йилда юқорида номлари келтирилган спортчилардан ташқари, бошқа Ўзбекистон вакиллари ҳам халқаро турнирларда муносиб тарзда қатнашиб, спорт ишқибозларига олам-олам ёқимли дақиқаларни тортиқ этди. Ўйлаймизки, кириб келаётган 2023 йилда ҳам ўзбек спортида янги номлар кашф этилиб, жаҳон миқёсидаги турнирларда мамлакат мадҳияси кўп маротаба янграйди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь