2021 йилда судьялар қанча одамни “қамади”?

Жамият

2021 йилда жами Республика судлари томонидан 61 263 нафар шахсга нисбатан 47 657 та жиноят иши кўриб чиқилган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 57,4 фоизга ортган. Бу ҳақда Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов маълум қилди.

Икром Муслимовга кўра, жиноят ишлари билан боғлиқ жами 88 444 та материал кўрилган. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича 527 740 нафар шахсга нисбатан 428 869 та иш кўриб чиқилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўрилган ишлар сони 25,6 фоизга ошган.

“Ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг ортишига асосий сабаб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хуқуқбузарлик ва жиноятлар ҳақида келиб тушаётган хабарларни қайд қилинишида инсон омилига чек қўйилиб, хабарлар электрон рўйхатга олиниши йўлга қўйилганлиги билан изоҳланади. Ҳисобот даврида жами 45 010 нафар шахс судланган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан судланганлар сони ҳам 60,8 фоизга ортган”, деди Олий суд раиси ўринбосари.

Маълум бўлишича, судланган шахсларнинг 9,9 фоизига жарима, 1,2 фоизига мажбурий жамоат ишлари, 28,8 фоизига ахлоқ тузатиш ишлари, 28,7 фоизига озодликни чеклаш, 28,7 фоизига озодликдан маҳрум қилиш, 0,05 фоизига эса бошқа жазолар тайинланган бўлса, 2,7 фоизи шартли ҳукм қилинган.

Судланган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш кўрсаткичлари 3,3 фоизга ортганлиги айрим оғир ёки ўта оғир жиноятлар учун судланганлик кўрсаткичлари ортганлиги билан изоҳланади.

“Шу ўринда, судлар билан имзоланган меморандумлар асосида, маҳалла фуқаролар йиғини (732 нафар), хотин-қизлар (17 нафар) ва ёшлар иттифоқи (134 нафар) томонидан тақдим қилинган кафиллик хатлари асосида, жами 883 нафар шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. 

Судлар томонидан 2021 йил давомида кўрилган ишлар бўйича жами 5 930 (3 434) нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинган бўлиб, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 72,7 фоизга ортганлигини кўрсатмоқда”, дея рақамларни келтирди Икром Муслимов.

Шунингдек, 2021 йил давомида судлар томонидан жами 13 713 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган. Бундан ташқари, 2021 йилда жами 932 нафар шахс оқланган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2017 йилдан шу кунга қадар 3 702 нафарга етган.

Оқланганларнинг 66,2 фоизи 2017 йилга қадар, 19 фоизи 2018 йилга қадар, 4,5 фоизи 2019 йилга қадар, 6,3 фоизи 2020 йилга қадар жиноят содир этганлиги учун судланган бўлишса, 20,9 фоизи 2021 йилда жиноий жавобгарликка тортилган шахслар жумласига киради.

Мазкур кўрсаткичлар, судлар томонидан жиноят ишларини мазмунан кўриб чиқишда, фақатгина иш бўйича тўпланган мақбул далилларга асосан қарорлар қабул қилинаётганлигини кўрсатмоқда.

“Қайд этиш лозимки, 2021 йилда НКВД органлари томонидан айбли деб топилган 6 та жиноят иши юзасидан жами 115 нафар шахс (қатағон қурбонлари) Олий суд томонидан кўриб чиқилиб, мазкур шахслар оқланган. Бундан ташқари, айблов ҳукми чиқарилган жами 10 115 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айблов чиқарилиб ёки ўзгартирилиб ҳукм чиқарилган бўлса, 2 049 нафар шахс дастлабки тергов органлари томонидан эълон қилинган айблов бўйича қисман оқланган”, дейди Олий суд раиси ўринбосари.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг