2021 йилда неча киши ис гази ва портлашдан ўлгани маълум бўлди

Жамият

image

Жорий йилнинг 15 декабрига қадар Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши туфайли 125 киши вафот этган, 115 киши жабрланган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот котиби Мурод Содиқов маълум қилди.

Қайд этилишича, 2021 йилда ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ 213 та ҳолат қайд этилган. Уларнинг 66 таси фавқулодда вазият сифатида рўйхатга олиниб, ҳодисалар оқибатда 125 киши вафот этган ва 115 киши жабрланган.

Мурод Содиқовга кўра, ис газидан заҳарланиш асосан қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

•  фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;

•  ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;

•  иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;

•  газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;

•  ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;

•  ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.

Шунингдек, иситиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатлардан яна бири бу газ-ҳаво аралашмаси натижасида чақнаш, портлаш ҳамда ёнғинларнинг содир бўлишидир. Наманган вилояти Наманган туманида содир бўлган воқеа бунга мисол бўла олади.

Мутахассислар томонидан таҳлиллар олиб борилганда, ёнғинларнинг 36,3 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 27,1 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 13,6 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши, 9,9 фоизи болалар шўхлиги оқибатида, 3 фоизи газ жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, шунингдек, 31 таси газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашидан содир бўлган.

Қайд этилишича, айнан қиш мавсумида ўртача ҳар 3 та содир бўлган ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан бўлиб, аянчли оқибатларга олиб келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

15

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг