2021 йил дунёда миллиардер сони яна 400 тага кўпайди

Олам 6167
image

2021 йил дунёда миллиардер сони яна 400 тага кўпайди.  Уларнинг 160 нафари Хитойга тўғри келмоқда. Бу ҳақда машҳур “Forbes” нашри маълум қилди.

Жорий йилнинг 17 декабрь ҳолатига кўра, дунёдаги миллиардерлар сони 2600 дан ортиқ бўлиб, уларнинг умумий бойлиги қарийб 14 трлн долларни ташкил қилади.

“Forbes”га кўра, аёллар орасида энг бой янги миллиардер бир нечта казино эгаси бўлган америкалик Шелдон Адельсоннинг беваси Мириам Адельсон бўлган. У марҳум турмуш ўртоғи капиталининг асосий қисмини ташкил қилган Las Vegas Sands компаниясидаги улушини мерос қилиб олган. Мутахассислар ушбу улушни 27,1 млрд долларга баҳолашмоқда.

Шунингдек, америкалик қўшиқчи Рианна Fenty Beauty косметика брендидаги 50 фоиз улуши туфайли 1,7 миллиард доллар бойлиги билан дунёдаги энг бой аёл мусиқачига айланди.

Нашрнинг қайд этишича, миллиардерлар клубига кирган янги аъзоларнинг кўпчилиги Хитойда фаолият юритади. Мазкур мамлакатда бир йил ичида 160 нафар янги миллиардер пайдо бўлган. Бу борада Хитой ортидан деярли 100 нафар янги миллиардер билан АҚШ келмоқда. Ҳиндистон ва Германияда миллиардерлар сони 20 нафарга, Швецияда 12 нафарга кўпайган. Тўртта давлатда биринчи миллиардерлар айнан 2021 йилда пайдо бўлган.   

Хусусан, Болгарияда миллиардер ака-ука Кирилл ва Георги Домушиевлар ветеринария маҳсулотлари, юк ташувлари, кўчмас мулк бизнеси ва футбол орқали 4,2 млрд долларга баҳоланган империяларини қуришган. 

Эстонияда 2021 йилда Wise тўлов сервиси асосчилари Кристо Кяерманн ва Таавет Хинрикус ҳам илк миллиардерларга айланган.

Уругвайда dLocal  халқаро тўлов стартапи биринчи марта биржага чиққандан кейин бирданига 3 нафар миллиардер пайдо бўлган. Йил охиригача улардан бири миллиардерлик мақомини юқотди, аммо икки ҳамкасби сақлаб қолди: Андрес Бзуровски ва Серхио Вогел. Уларнинг бойлиги тахминан 2 миллиард долларга баҳоланмоқда.

2021 йилдаги янги миллиардерларнинг ярмидан кўпи ўз капиталини уч соҳа – ишлаб чиқариш, технологиялар ҳамда молия ва инвестиция орқали кўпайтира олган. Хитойлик миллиардерларнинг ҳам асосий даромади саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан бўлган.

Миллиардерлар рўйхатига янги қўшилганлар орасида “Узуклар ҳукмдори” фильми директори Питер Жексон ҳам бор. У Янги Зеландиядаги Weta Digital махсус эффектлар устахонасини ноябрь ойида Unity Software видео ўйин компаниясига 1,6 миллиард долларга сотган. Натижада Жексон 1,5 миллиард доллар сармояга эга миллиардерга айланди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 219
Рейтинг: 3
t
×