2020 йилда дунё кимларни йўқотди: вафот этган машҳурлар

Олам 32998
image

Жорий йилда йўқотишлар сўзсиз қўп бўлди. Қайсидир маънода коронавирус ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшди. Нима ҳам дердик, ўлим ҳақ, жон эса омонат. Бу дунёда барчамиз меҳмон, фақат баъзилар оламни тарк этса-да абадий “мезбон” бўлиб қолади, номлари қўп бора эсга олинади. 

Қуйида 2020 йилда дунёни тарк этган, лекин ҳаётлиги даврида ўзидан из қолдирган жаҳонга таниқли актёр, спортчи ва сиёсатчиларни биргаликда эслаймиз.

Коби Брайант

Афсонавий баскетболчи жорий йилнинг 26 январь куни 41 ёшида АҚШнинг Калифорния штати жанубидаги Калабасас шаҳрида юз берган авиаҳалокат қурбони бўлди.

Коби Бин Брайант NBA (Миллий Баскетбол Ассоциацияси)нинг собиқ ўйинчиси бўлиб, 20 мавсум давомида бир жамоа – “Лос-Анжелес Лейкерс” учун ўйнаган ва унинг таркибида 5 марта NBA чемпиони бўлган. Спортчи шунингдек, АҚШ терма жамоаси сафида 2008 ва 2012 йилларда Олимпия чемпиони бўлган.

Абдулманнап Нурмуҳамедов

UFC жангчиларининг умумий рейтингида биринчи ўринда турган Ҳабиб Нурмуҳамедовнинг отаси ва мураббийи Абдулманнап Нурмуҳамедов жорий йилнинг 3 июль куни вафот этди.

У ўғли билан бир қаторда UFC’нинг бир неча спортчилари, хусусан, Ислом Махачев ва Умар Нурмуҳамедовни тарбиялаган. 2019 йилнинг сентябрь ойида Абдулманнап Нурмуҳамедов жанговар самбо бўйича энг кўп чемпионни тайёрлаган мураббий сифатида Россия Рекордлар китобига киритилган.

“Мен ўлимдан қўрқмайман, чунки ўлим ҳақ. Эртага бизни дафн қилишларига бугун тайёр туришимиз керак”, дерди Абдулманнап Нурмуҳамедов

Диего Марадона

Аргентиналик афсонавий футболчи 25 ноябрь куни 60 ёшида юрак хуружидан вафот этди. 

Диего Марадона “Барселона”, “Наполи”, “Севилья” сафида тўп сурган. 1977-1994 йилларда Аргентина терма жамоасида ўйнаган ва 1986 йилда жаҳон чемпиони бўлган. 1990 йилги Жаҳон чемпионатида эса иккинчи ўринни қўлга киритган. 

FIFA сайтидаги овоз бериш натижасига кўра, XX асрнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган.

Беқиёс ижролари билан ёдда қолган актёрлар

Ирфон Хон

Болливуд ва Голливуд актёри жорий йилнинг 29 апрель куни 53 ёшда вафот этди. Ҳиндистонлик актёрнинг ўлимига тўғри ичак инфекцияси сабаб бўлган. 

Ирфон Хонни машҳур қилган илк фильм 1998 йилда суратга олинган “Салом, Бомбей” эди. Унинг иштирокидаги машҳур фильмлар сирасига “Харобадан чиққан миллионер”, “Нью-Йорк, сени яхши кўраман”, “Пи ҳаёти”, “Янги ўргимчак одам”, “Юра даври ҳаёти”, “Инферно” ва бошқалар киради.

Риши Капур

Болливуднинг яна бир таниқли актёри Риши Капур жорий йилнинг 30 апрелида 67 ёшда Мумбайдаги клиникалардан бирида вафот этди. Актёр саратон касаллигига чалинганди.

Риши отаси Раж Капурнинг 1973 йилда суратга олинган “Бобби” фильмидаги бош роли билан катта шуҳрат қозонган. У “Қасоскор”, “Амар, Акбар, Антони”, “Севги изтироби”, “Кўр муҳаббат” ва бошқа роллари билан ўзбек томошабинларига яхши таниш.

Чедвик Боузман

“Қора Пантера”даги роли билан машҳур бўлган америкалик актёр Чедвик Боузман жорий йилнинг 28 август куни 43 ёшида саратон касаллигидан вафот этди. 

Боузманга 4 йил олдин ичак саратони ташхиси қўйилган, лекин у буни оммага маълум қилмаган. Актёр касаллигига қарамасдан шу вақт ичида бир қатор фильмларда роль ижро этди, интервьюлар берди, маҳорат дарслари ўтди. Гўё ҳеч нарса бўлмагандек яшашда давом этди. Вақти тугаганда эса оиласи даврасида жон берди.

У “Капитан Америка: Жаҳон уруши”, “Маршалл”, “Қасоскорлар: Абадият уруши” , “Қасоскорлар: Финал” , “21 кўприк” сингари фильмларда рол ижро қилган.

Борис Клюев

Россия ҳалқ артисти жорий йилнинг 1 сентябрь куни 77 ёшида саратон касаллиги туфайли вафот этди.

“Уч мушкетёр” ҳамда “Шерлок Холмс ва Доктор Ватсоннинг саргузаштлари” фильмларидаги ижролари билан машҳур бўлган эди. 

Сўнгги йилларда у “Воронинлар”, “Физрук”, “Чироқлари синган кўчалар” телесериалларидаги роллари билан янада танилган.

Дайана Ригг

“Тахтлар ўйини” сериалидаги роли билан машҳур бўлган актриса жорий йилнинг 10 сентябрь куни 83 ёшида саратон касаллигидан вафот этди.

Дайана фаолияти давомида 70 дан ортиқ фильмларда роль ижро этган. Улардан яна бир машҳури – 1969 йилда суратга олинган “Жаноби олийларининг махфий хизмати” фильмида жосус Жеймс Бонднинг қиз ўртоғи роли эди.

Шон Коннери

Умер легендарный голливудский актер Шон Коннери. Ему было 90 лет

Шотландиялик Голливуд юлдузи, “Агент 007” фильмида жосус ролини ижро этиб танилган актёр жорий йилнинг 31 октябрь куни оламдан ўтди.

Коннери 70 дан ортиқ фильмда роль ўйнаган. У “Оскар”, икки карра BAFTA, "Олтин глобус"нинг эса уч карра совриндори бўлган.

Армен Жигарханян

СССР халқ артисти, арманистонлик машҳур актёр ва режиссёр 14 ноябрь куни 85 ёшида вафот этди. 

Фаолияти давомида Жигарханян "Салом, мен сизнинг холангизман", "Али Бобо ва қирқ қароқчи", "Учрашув жойини ўзгартириб бўлмайди"," Теҳрон-43" каби 200 дан ортиқ фильмларда роль ижро этган. Актёр 1985 йилда СССР халқ артисти мукофотига муносиб топилган.

Эннио Морриконе

6 июль куни дунёга машҳур бастакор, “Маэстро” санъатига улкан ҳисса қўшган Эннио Морриконе 91 ёшида вафот этди. 

У фаолияти давомида 100 дан ортиқ мусиқаларни басталаган. Унинг мусиқалари кўплаб фильмларда фойдаланилган. Бастакор Пазолини, Бертолуччи, Торнаторе, Альмодовар фильмлари устида ишлаган. Морриконе жами 500 фильм, сериаллар учун мусиқа басталаган.

Жаҳон аренасини тарк этган сиёсатчилар

Қосим Сулаймоний

Президент Дональд Трамп буйруғи билан Пентагон томонидан ўтказилган амалиёт пайтида АҚШ ҳаво кучларининг мақсадли ҳужуми натижасида жорий йилнинг 3 январь куни Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг махсус “Ал-Қудс” бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилилди.

Қосим Сулаймоний бошчилик қиладиган “Ал-Қудс” бўлинмаси Эрон армиясининг элитаси ҳисобланади. Бўлинма мамлакатдан ташқарида турли операциялар ўтказиб келади.

Қобус бин Саид 

Уммон султони Қобус бин Саид жорий йилнинг 10 январь куни 79 ёшида саратон касаллигидан вафот этди.

Ярим аср давомида тахтда ўтирган Султон Қобус 1970 йилда ўз отаси Саид бин Таймурни тахтдан ағдариб ҳокимиятни эгаллаган эди. 

Даниэль арап Мои 

Африкадаги Кения давлатининг собиқ Президенти Даниэль арап Мои жорий йилнинг 4 февраль куни 95 ёшида вафот этди.

Кениянинг иккинчи Президенти бўлган Мои 1978-2002 йилларда мамлакатни бошқарган.

Ҳусни Муборак

Миср Араб Республикасининг собиқ Президенти Ҳусни Муборак жорий йилнинг 25 февраль куни вафот этди. Ҳусни Муборак бир ой аввал ошқозонидаги ўсимтани олиб ташлаш учун операция қилинган эди.

Муборак Мисрда 30 йил – 1981 йилдан 2011 йилгача ҳокимиятда бўлган. 2011 йил февраль ойида, оммавий норозилик намойиши натижасида ҳокимиятдан кетган эди.

Бенжамин Мкаппа

Африкадаги яна бир давлат Танзаниянинг Собиқ Президенти Бенжамин Мкаппа жорий йилнинг 24 июль куни 81 ёшида вафот этди. 

Мкапа – 1995-2005 йилларда мамлакатни бошқарган Танзаниянинг учинчи Президенти. Президентлик муддати тугагандан сўнг Мкапа мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ҳомийлиги остида дипломатик фаолият билан шуғулланган.

Ли Дэнхуэй

Тайвань собиқ Президенти Ли Дэнхуэй жорий йилнинг 30 июль куни 97 ёшида вафот этди.

Дэнхуэй 1988 йилдан 2000 йилгача Тайванга раҳбарлик қилган. Ўтказган ислоҳотлари натижасида, 1996 йилга келиб Ли Дэнхуэй халқ томонидан сайланган Тайваннинг биринчи Президентига айланган.

Пранаб Мукержи

Ҳиндистоннинг собиқ Президенти Пранаб Мукержи жорий йилнинг 31 август куни 84 ёшида вафот этди. 

2012-2017 йиллардаги Ҳиндистоннинг 13-президенти бўлган Мукержи Молия вазири, Мудофаа вазири ва Ташқи ишлар вазири бўлиб ҳам ишлаган.

Рут Бейдер Гинзбург

Скончалась старейший член Верховного суда США Рут Бейдер Гинзбург -  Газета.Ru | Новости

Америка Қўшма Штатлари Олий судининг энг кекса аъзоси, 87 ёшли Рут Бейдер Гинзбург 18 сентябрь куни саратон касаллигидан вафот этди. АҚШда унинг ўлими муносабати билан мотам эълон қилинди.

Гинзбург АҚШ тарихида Олий суд судьяси бўлган иккинчи аёл эди. Гинзбург 1993 йилда собиқ Президент Билл Клинтон томонидан Олий судга тайинланган ва 27 йилдан ортиқ вақт давомида уни эгаллаб келган.

Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Сабоҳ

Умер эмир Кувейта

Кувайт амири шайх Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Сабоҳ жорий йилнинг 29 сентябрь куни 91 ёшида вафот этди.

Шайх Сабоҳ бир неча ўн йил мобайнида Кувайт ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият кўрсатган ва 1990-1991 йиллардаги Ироқ билан урушдан сўнг ушбу мамлакатга яқинлашиш учун фаол ҳаракат қилган. 

Қувайт шаҳзодасининг саломатлиги ёмонлашганидан сўнг Сабоҳ 2006 йилда амир лавозимига тасдиқланган. Сабоҳ аёллар ҳуқуқи, сўз эркинлиги ва йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқи масалаларида демократик ислоҳотлар ўтказган.

Собиқ Мали Президенти Амаду Тумани Туре жорий йилнинг 10 ноябрь куни 72 ёшида вафот этди.

Амаду Тумани Туре 1991-1992 ва 2002-2012 йилларда мамлакатни бошқарган. Демократик ислоҳотларига қарамай ҳарбий инқилоб натижасида Туре 2012 йилда ҳокимиятдан ағдарилган эди. 

Халифа бин Салмон Ал-Халифа

Баҳрайн Бош вазири Халифа бин Салмон Ал-Халифа жорий йилнинг 11 ноябрь куни 84 ёшида вафот этди. У энг кўп бош вазирлик қилган амалдор сифатида кўрилади.

Халифа бу лавозимни мамлакат мустақил бўлганида, яъни 1971 йилдан буён эгаллаб келган эди. У мамлакат мустақил бўлишидан аввал ҳам юқори лавозимда ишлаган.

Муҳсин Фахризода

Эроннинг ядро дастурини ишлаб чиққан юқори мартабали физик олим Муҳсин Фахризода жорий йилнинг 27 ноябрь куни Теҳрон яқинида ҳужум қурбони бўлди.

Физик олимнинг ўлдирилиши ортидан Эрон АҚШ ва Исроилни айблаб, уларни ҳар қандай ҳодисага тайёр туришга чақирди. 

Фахризода Эрон Мудофаа вазирлиги ва Қуролли Кучларининг катта илмий ходими ҳамда Физикавий тадқиқотлар маркази раҳбари бўлган. Шунингдек, у Эроннинг COVID-19 га қарши кураш дастурининг бош илмий координатори бўлган. 

Валери Жискар д'Эстен

Франциянинг собиқ Президенти Валери Жискар д'Эстен 2 декабрь куни вафот этди. 94 ёшли собиқ давлат раҳбарининг ўлимига коронавирус асоратлари сабаб бўлган. 

Жискар д'Эстен 1974 йилдан 1981 йилгача Франция Президенти бўлган. У президентлиги даврида сайловда иштирок этиш ёшини 18 ёшга туширган, ажримлар жараёнини соддалаштирган, никоҳсиз туғилган фарзандлар ҳуқуқларини кафолатлаган. У, шунингдек, кейинчалик “Катта еттилик” пайдо бўлишига олиб келган 5 та ривожланган давлат – АҚШ, Япония, Германия, Британия ва Франция етакчилари учрашуви ташаббускори бўлган. 

Табаре Васкес

Уругвайнинг собиқ Президенти Табаре Васкес жорий йилнинг 6 декабрида 80 ёшида вафот этди. 

2005-2010 ва 2015-2020 йилларда президентлик қилган, мутахассислиги бўйича онколог шифокор бўлган Табаре Васкес 2019 йил августда ўзида ўсимта аниқланганини маълум қилган. У даволанишига, жумладан нур терапия олишига қарамай, давлат раҳбари мажбуриятларини президентлик муддатининг охиригача – 2020 йил 1 мартгача бажаришни давом эттирган. Сўнгра у мамлакат бошқарувини янги Президент Луис Лакале Поуга топширган.
 

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 694
Рейтинг: 3
t
×