2018 йилда прокуратура ходимларига қанча пора таклиф қилингани маълум бўлди

Жамият 4558
image

Пахтачи туман прокуратураси (Самарқанд вилояти) томонидан туман ИИБ қўриқлаш бўлими ходимига фаол қаршилик кўрсатган бир гуруҳ шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари ўтказиш давомида, 2019 йил 8 март куни фуқаро Х.М. туман прокуратураси терговчиси лавозимида иш ўрганувчи Д.Б.нинг хизмат хонасига келиб, айбланувчилар унинг қариндоши эканлигини маълум қилиб, уларга нисбатан айбловни енгиллаштириш эвазига 5 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган, дея хабар берди Бош прокуратура Матбуот хизмати.

Терговчи лавозимида иш ўрганувчи Д.Б.нинг билдиргиси асосида ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Х.М. туман ҳудудида жойлашган «Kim-Ping» номли ресторанда 5 минг АҚШ долларини Д.Б.га пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, 2019 йил 9 март куни Наманган вилоят прокуратураси катта терговчиси Ш.Ж. вилоят прокурори номига билдирги билан мурожаат қилиб, «МҚ» МЧЖ, «НҚ» ДУК ва «СМ» АЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича «WPS» МЧЖ раҳбари Р.Э. барча жиноий ҳаракатлар учун масъулиятни ўз зиммасига олишини маълум қилиб, ишга алоқадор бошқа шахсларни жавобгарликка тортмаслик эвазига 10 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилганлигини билдирган.

Ушбу билдирги асосида ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Р.Э. терговчи Ш.Ж.нинг хизмат хонасида унга 10 минг АҚШ долларини пора тариқасида берган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, юқоридаги ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 2017 йилда прокуратура органлари тизимида хизмат қилувчи ходимларга 20 та ҳолатда 4 минг 200 АҚШ доллари ҳамда 15 млн 424 минг сўм миқдорида пора таклиф қилинган бўлса, 2018 йилда 98 та ҳолат қайд этилган бўлиб, жами 57 минг 500 АҚШ доллари ҳамда 48 млн 885 минг сўм миқдорида пора таклиф қилинган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан 2017 йилда прокуратура ходимларига пора таклиф қилган 16 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари, 4 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар қўзғатилган бўлса, ўтган йилда бу рақам тегишинча 82 нафар ва 16 нафарни ташкил қилган.

Фирдавс Бек
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 64
Рейтинг: 2.8
t
×