20 апрель куни Ассанжнинг кейинги тақдири ҳал қилинади

Олам 13076
image

Вестминстер магистратура суди 20 апрель куни WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни АҚШга экстрадиция қилиш бўйича қарор чиқаради. Шундан кейин иш бўйича ҳужжатлар Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Прити Пателга юборилади. 

“Кейинги суд мажлиси 20 апрель куни Вестминстер магистратура судида [бўлиб ўтади]. Суд Жулиан Ассанжни АҚШга экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқаради. Шундан сўнг қарор тасдиқлаш учун Ички ишлар вазири Прити Пателга юборилади. Ассанж ҳимояси бўйича ҳужжатлар ҳам Пателга юборилади. Кўриб чиқиш муддати 18 майга қадар”, дейилади WikiLeaks Twitter’ида эълон қилинган хабарда. 

Қўшма Штатларда WikiLeaks асосчиси Америка тарихидаги махфий маълумотларни ошкор қилишнинг энг йирик иши билан боғлиқ жиноятларда айбланмоқда. Ассанж умумий айбловлар бўйича 175 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. 

Ўтган январь ойида Лондондаги Вестминстер магистратура суди WikiLeaks асосчисининг экстрадиция қилинишини ноқонуний деб топди, чунки аутизм ва клиник депрессиядан азият чекаётган Ассанж АҚШ қамоқхонасига тушиб қолса, ўз жонига қасд қилишга тайёр. Бу Ассанжни АҚШга экстрадиция қилишдан бош тортиш учун асос бўлди, у ерда унга қарши 18 та жиноий иш қўзғатилди, аммо бу қарор АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эътирозга учради.

Ўтган йилнинг декабрь ойида австралиялик адвокатлар Буюк Британия Олий судида қабул қилинган қарор устидан шикоятни кўриб чиқишни сўраб Лондон Олий судига мурожаат қилишган. 24 январь куни Лондон Олий суди қарор устидан Буюк Британия Олий судига шикоят қилиниши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарди. 15 март куни олий суд журналистни бу ҳуқуқдан маҳрум қилди. Экстрадиция бўйича якуний қарорни Ички ишлар вазири Пател қабул қилиши керак.

Жулиан Ассанж – австралиялик журналист ва телебошловчи ва “WikiLeaks” асосчиси. 

Маълумот ўрнида, Жулиан Ассанж 2010 йилда Швецияда жинсий зўрлаш номусга тегишда айбланган эди. 2012 йил июнь ойидан бери у Лондондаги Эквадор элчихонаси ҳудудида яшириниб юрди ва 2019 йил апрель ойида АҚШ сўровига биноан ҳибсга олинди. Лондон суди Ассанжни гаров шартларини бузганликда айбдор деб топди ва уни 11 ой қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Америка Қўшма Штатларида у жосуслик тўғрисидаги 18 та қонунни бузганликда, шунингдек, махфий маълумотларни ошкор қилганликда айбланмоқда. Агар унинг айби тан олинса, АҚШда Ассанж 175 йилга қамалиши мумкин.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 348
Рейтинг: 2.9
t
×