2 млн аҳолини даромад манбаи билан таъминлаш учун янгича ёдашув жорий қилинади
Жамият
−
15 Декабрь 2022 6278 2 дақиқа
2023 йилда Ўзбекстоннинг 2 миллион аҳолисини доимий даромад манбаи билан таъминлаш ва меҳнат бозорига кириб келадиган 700 минг нафар ёшларни иш билан банд қилишга алоҳида ёндашув жорий этилади. Бу ҳақда айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтаётган видеоселектор йиғилишида айтилди.
Мавсумий ишлар билан банд бўлган 1,7 миллион аҳолига ва норасмий банд бўлган 3,8 миллион аҳолининг 50 фоизига қонуний фаолият юритиш имкониятини яратиш вазифаси белгилаб берилди.
Ўн кун муддатда аниқ ҳисоб-китоблар билан 2023 йил учун аҳоли бандлиги бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Йиғилишда аҳолига тарқатиш учун белгиланган 100 минг гектар ернинг 4 минг гектарида экин экилмагани кўрсатиб ўтилди. Хусусан, Косонда – 1,2 минг гектар, Бекободда – 141 гектар, Нишонда – 123 гектар, Ғузорда – 116 гектар, Сариосиё, Элликқалъа ва Шуманайда – 90 гектардан ерларда экин экилмаган.
“Одамларимизни даромадли қилиш мақсадида бу ерларни озиқ-овқат маҳсулотлари экиш учун бўлиб бердик. Қачон бундай бўлган? Лекин тайёр экин ерига эга топа олмаган туман ҳокими ўзи нима иш қилади?”, дейди Президент.
Тегишли ҳудудлар раҳбарларига ушбу 7 та туман ҳокимлари бўйича таклиф бериш топширилди.
Ўтган даврда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 15 та туманда пасайган. Хизматлар соҳасида ҳам 15 та туманда ўсиш суръатлари орқага кетган.
“Майли, булар саноатни қила олмасин, четдан инвестиция олиб келишни билмасин, лекин хизматларни ривожлантириб, одамларни рози қилишга интилмаган туман ҳокимларининг ишлашга ҳаққи йўқ”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Live
Барчаси