ЎзМУда йўқолган ноёб асарлар иши бўйича ҳукм ўқилди. Айбдор ҳалол эканини айтмоқда
Жамият
−
12 Октябрь 2022 11857 2 дақиқа
Кеча, 11 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Мирзо-Улуғбек туман судида Ўзбекистон Миллий университети ахборот ресурс марказидан йўқолган китобларга доир суд иши кўриб чиқилди ва марказнинг собиқ раҳбарига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Zamon” информацион дастурида маълум қилинди.
Прокуратура текширувларига кўра, ЎзМУ Ахборот ресурс маркази фондида сақланган XII – ХIX асрларга оид қиймати 2,6 миллиард сўмлик 57 дона тарихий қўлёзма, 12 дона тошбосма ва 9 та тарихий ҳужжатлар талон-торож қилинган.
Ҳозирда Ахборот ресурс маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчи Азиз Рамазонов суддан 2,6 млрд сўмни айбдорлардан ундириб беришни сўраган.
Судланувчи ўз кўрсатмаларида, тергов жараёнида унга қўйилган айб исботланмагани ва асоссиз эканлиги тўғрисида ўз фикрларини билдирган.
“Сизлар барча кўрсатмаларни, гувоҳларни сўзларини эшитдингиз. Мен айбдор эмасман, мен бу китобларни ўғирламаганман, мен ҳалол ишлаганман. Бу иш бўйича бирорта факт йўқ. Мен сотганимни ким айтди, кимга китобларни таклиф қилибман, кимга сотибман? 40 йилдан бери ҳалол ишлаганман, бирорта китобни кутубхонадан олиб чиқмаганман”, дейди у.
Икки соатдан зиёд давом этган мунозаралар якунида судья Ўзбекистон Республикаси номидан ҳукм ўқиди. Судланувчи Жиноят кодексининг турли моддалари билан айбдор деб топилиб, унга узил-кесил икки йил муддатга мансабдорлик, моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ва беш йил-у, бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Live
Барчаси