150 минг сўм қарзини тўламаганлик учун 300 минг сўм жарима солиш адолатдан эмас – Норбоева
Жамият
−
22 Июнь 2023
12083150 минг сўм қарзни тўламаганлик учун 300 минг сўм жарима солиш адолатдан эмас. Бу фикрни бугун, 22 июнь куни Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида Сенат Раиси Танзила Норбоева айтиб ўтган.
Гап шундаки, ушбу мажлисда “Ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Муҳокама жараёнида ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлашда айрим камчиликлар сақланиб қолаётганлиги қайд этилди. Янги қонунга кўра, ижро ҳужжати бўйича қарздор ундирилиши лозим бўлган қарздорликни ўз вақтида тўламаса, Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорга нисбатан маъмурий жарима қўлланилиши, ушбу жариманинг миқдори эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра фуқароларга нисбатан 300 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача, мансабдор шахсларга нисбатан 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача белгиланиши мумкинлиги қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Хусусан, қўлланиладиган жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида норма киритилган.
Шунингдек, Сенат раиси Танзила Норбоева маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янгилик ҳақиқатдан ҳам жуда муҳим эканини айтган.
“150 минг сўм қарзни тўламаганлик учун 300 минг сўм жарима солиш – бу адолатдан эмас, албатта. Қолаверса, бундай амалиёт янги конституциявий қоидага, яъни фуқарога қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси мутаносиблик принципига асосланиши ва етарли бўлиши кераклиги қоидасига мутлақо зид”, деган Норбоева.
Унинг таъкидлашича, маъмурий жарималарни МИБнинг исталган ижрочиси эмас, балки фақат раҳбар ходимлари қўллаши мумкинлигига оид норма ҳам эътиборга молик.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1981-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо қўллашга эндиликда Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг давлат бош ижрочилари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ҳақли эканлиги белгиланмоқда.
LiveБарчаси