14 йил Ҳаж учун пул йиғган одам барча маблағини болаларга берди

Олам

image

Қозоғистоннинг Павлодар шаҳрида 93 ёшли Сағадат Жумабаев узоқ йиллар давомида Макка шаҳрига боришни орзу қилиб, бу йўлда пул жамғарган. Бироқ у барча йиғилган маблағларини болаларга беришга қарор қилди. Бу ҳақда “Irbistv.kz” хабар берди.  

Қайд этилишича, Сағадат Жумабаев қарийб 94 ёшга тўлган. У ҳар доим Макка шаҳрига бориб, Ҳаж амалларини бажаришни орзу қилган. Турмуш ўртоғининг вафотидан кейин тақдир тақозоси билан қариялар уйига тушиб қолган. Шундай қилиб, у 2011 йилдан бошлаб сафар учун пул йиға бошлаган. Аммо керакли суммани йиғгач, ўзини бу сафар учун жуда қариб қолганини англаган.

“Онам тез-тез тушимга киради, шунинг учун жамғарган пулларимни оғир аҳволдаги болаларнинг оналарига беришга қарор қилдим. Уларга ёрдам бермоқчиман, чунки улар жуда қийналишмоқда: болалари доим йиғлайди, аёллар тунда ухлай олмайди, кўчага чиқа олмайди”, дейди Сағадат Жумабаев.

Ёлғиз қолган бу отахон ўзининг кичик нафақасидан жами 3 миллион 600 минг тенге (қарийб 88 миллион сўм) йиққан. Бу маблағни у 30 нафар ногирон болага берган (ҳар бирига 120 минг тенге). Ушбу болаларнинг ёши 1,5 дан 15 ёшгача, уларнинг ташхислари турлича.

“Бу, биласизми, биз каби оилалар учун жуда катта ёрдам, чунки реабилитация жараёнлари катта харажатларни талаб қилади. Албатта, бу ёрдам биз учун жуда муҳим. Улкан миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Ана шундай одамлар борлигига ишонганингизда, инсон яхшиликка ишонади. Яхши одамлар ҳали ҳам борлигига, ёрдам беришни истайдиган, дарддош бўладиган инсонлар борлигига амин бўласиз. Бу жуда қадрли”, дейди ногирон фарзанднинг онаси Асел Толеуханова.

Сағадат Жумабаев барча болаларга соғлиқ, уларнинг ота-оналарига сабр тилаган. У ўзининг пуллари эзгу мақсадга сарфланишидан хурсандлигини билдирган. Миннатдорлик ифодаси сифатида ота-оналар унга чопон совға қилган.

Кейинроқ Павлодар вилоятидаги Қозоғистон Мусулмонлар идораси бош имоми Жолдас Бертюмуратов Instagram'даги саҳифасида 93 ёшли нуронийга болаларга ёрдам бериш мақсадида Ҳаж сафаридан воз кечгани учун ҳадъя сифатида Умра сафари учун йўлланма тақдим этилганини маълум қилган. Шунингдек, унга ҳамроҳ берилиши ҳам ваъда қилинган.

“Агар ҳамроҳ бўлса, мен мамнуният билан ҳаётимдаги энг катта орзуни – Ҳаж сафарини адо этаман”, дейди отахон.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг