136 ўзбекистонлик Қирғизистонга киритилмади
Олам
−
11 Январь
11908Қирғизистонга кириш қоидаларига риоя қилинмагани учун 136 нафар Ўзбекистон фуқароси қирғиз-ўзбек чегарасидан ўтказилмаган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати вакили Мелис Памировга таяниб, “24.kg” нашри ёзмоқда.
Қайд этилишича, мамлакатга киришни рад этиш тўғрисидаги қарорлар қонунбузарлик эмас. Ўзбекистон фуқаролари республикада 60 кун давомида ҳеч қандай тўсиқларсиз қолишлари мумкин, шундан сўнг улар виза олиш учун ариза топширишлари керак.
Қозоғистон фуқаролари учун янгиланган қоидалар эса 2024 йил сентябридан кучга киради. 60 кундан кейин улар Давлат рўйхатга олиш хизматида рўйхатдан ўтишлари керак.
Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармаси учинчи котиби Азамат Калисбеков хорижий фуқароларнинг бўлиш тартибига оид янги низомга ўхшаш қоидалар бошқа мамлакатларда ҳам кенг тарқалганлигини билдирган.
“Асосий мақсад – хорижликларнинг Қирғизистон ҳудудида тегишли ҳужжатларсиз чексиз қолишига чек қўйиш. Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида киритилмаган фуқаролар чиқиш ва кириш муддатларини ўзгартирмоқчи бўлган. Энди бундай бўлмайди. Улар қатъий қоидаларга кўра, ташриф мақсадини кўрсатиши ва рухсатнома олиши керак”, дейди Ташқи ишлар вазирлиги вакили.
Рақамли ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Аҳолини рўйхатга олиш департаменти миграция бўлими бош мутахассиси Гулбарчин Турдубоева хорижлик фуқароларни рўйхатга олиш тизими ўтган йилга нисбатан ўзгармаганини қўшимча қилган.
“Чет эллик фуқаро рўйхатдан ўтаётганда яшаш мақсадини кўрсатиши ва иш берувчи билан келишувини кўрсатиши керак. Шунда у чиқиш ва киришда муаммога дуч келмайди. Агар сиз мамлакатга визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлмасангиз, бошқа давлатда бўлганингизда ҳам электрон визага мурожаат қилишингиз мумкин”, дейди у.
2023 йил октябр ойида чет эл фуқароларининг Қирғизистонда бўлиш қоидалари янгиланган эди. Агар чет эл фуқароси мамлакатда 60 кун давомида рўйхатдан ўтмасдан қолса, у виза учун ариза топшириши ёки шу вақт ичида мамлакатни тарк этиши керак. 60 кунлик муддатни тўлдириб, Қирғизистондан чиқиб кетган фуқароларга яна 60 кундан кейин киришга рухсат берилади.
Қирғизистонга 90 кунгача визасиз ташриф буюриши мумкин бўлган фуқаролар учун муддатлар “90/180” тамойили бўйича ҳисобланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь