12 соатлик музокаралар: Сербия Косовони тан оладими?
Олам
−
20 Март 2023
5404Сербия ва тан олинмаган Косово ўзаро алоқаларни нормаллаштириш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда “BalkanInsight” хабар берди.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича Олий вакили Жозеп Боррель 18 март куни кечқурун Шимолий Македониянинг Обрид шаҳрида ўтказилган учрашувдан сўнг, Сербия ва Косово Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қуватланган ўзаро алоқаларни нормаллаштириш бўйича келишувга эришганини маълум қилган. Сербия Президенти Александр Вучич эса ҳозирча ҳеч қандай расмий ҳужжат имзоланмагани ва оғзаки келишувга эришилганини таъкидлаган.
Маълумотларга кўра, Косово Бош вазири Албин Курти ва Сербия Президенти Александр Вучич ўртасидаги музокаралар 12 соат давом этган. Боррелнинг таъкидлашича, Косово ва Сербия раҳбари музокаралар якунида февраль ойидаги уларнинг сўнгги олий даражадаги учрашувида қабул қилинган келишувни қандай амалга ошириш бўйича гаплашиб олган.
Боррелнинг қўшимча қилишича, томонлар келишувнинг барча моддаларига риоя қилишга ва ўз мажбуриятларини тезкорлик билан ва виждонан бажаришга тўлиқ келишиб олган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен АҚШ Сербия ва Косово келишувларини амалга оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Блинкен Белград ва Пристинанинг мажбуриятларини бажариш уларнинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлини тезлаштиришини таъкидлаган.
Вашингтон маъмурияти Сербия Президенти Александр Вучич ва тан олинмаган Косованинг Бош вазири Албин Курти ўртасидаги келишувларни қўллаб-қувватлашини ва уларни Европа Иттифоқи билан мувофиқлаштиришда кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилган. Бу ҳақда Энтони Блинкеннинг кеча, 19 март куни эълон қилинган баёнотида айтилган.
"Қўшма Штатлар Косово ва Сербия томонидан Европа Иттифоқи кўмагида эришилган 27 февралдаги муносабатларни нормаллаштириш йўли бўйича келишувни мамнуният билан қабул қилади", дейилади ҳужжатда.
У Сербия Президенти ва Косово Бош вазирига келишувга эришишда етакчи роль ўйнагани учун миннатдорлик билдирган.
Икки субъект ўртасида келишувга эришилганини Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам олқишлади.
“Умид қиламизки, томонлар мазкур келишув қоидаларига тўлиқ амал қиладилар ва келгуси даврда аниқ натижаларга эришадилар.
Мамлакатимиз бу жараёнга, айниқса, электр энергиясини тақсимлаш масаласига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Президентимиз яқинда Сербия Президенти Вучич билан ҳам, Косово Бош вазири Курти билан ҳам алоҳида учрашувлар ўтказди. Биз Косово ва Сербия ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз", дейилади мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Жозеп Боррель ушбу келишувни амалга ошириш учун биринчи қадам сифатида Приштина сербиялик озчиликка ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқларини бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажариши кераклигини айтган.
Косово Бош Вазири Курти учрашувдан сўнг оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида ушбу келишув Сербия ва Косово ўртасида де-факто ўзаро тан олинишни англатишини таъкидлаб, Сербия Президенти яна бир бор келишувни имзолашдан "қочган"ини айтган.
Вучич ва Курти 27 февраль куни Брюсселда Боррель воситачилигида бўлиб ўтган музокараларда Европа Иттифоқи томонидан тайёрланган "Косово ва Сербия муносабатларини нормаллаштириш йўли тўғрисидаги битим"ни келишиб олган, аммо уни имзоламасдан, келишувни амалга ошириш учун ҳаракатлар кетма-кетлигини муҳокама қилишни 18 мартгача кечиктирганди. Ҳужжатда паспортларни ўзаро тан олиш, Сербиянинг Косовонинг жаҳон саҳнасидаги ваколатхонасидан воз кечиши, дипломатик миссиялар алмашинуви ва томонларнинг муносабатларни ҳар томонлама нормаллаштириш бўйича қонуний мажбуриятлари мавжуд.
“BIRN” нашри мутахассисларининг таъкидлашича, агарда халқаро ҳамжамият томонларни ушбу мажбуриятларни бажаришга ундамаса, бу келишув ҳам олдингилари сингари амалга ошмай қолиши мумкин.
Маълумот учун, Косово 1998-1999 йиллардаги урушда Сербиядан ажралиб чиққан ва 2008 йилда ўз мустақиллигини эълон қилган. Бугунги кунга қадар бир қатор Ғарб ва Европа давлатлари унинг мустақиллигини тан олган. Фақат қитъанинг беш давлати – Словакия, Испания, Руминия, Кипр ва Греция ушбу давлатни тан олмаган. Шунингдек, Ҳиндистон, Хитой, Россия каби давлатлар ҳам Косовони мустақил давлат сифатида тан олмайди. Сербиянинг ўзи бўлса 2006 йилги Конституциясига кўра, Косовони ҳеч қачон тан олмаслигини белгилаб қўйган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь