16 816 кишини чув туширган “Авто 60 ой” МЧЖ раҳбарларига суд ҳукми ўқилди

Жамият

Бугун, 29 март куни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида “Avto 60 oy” МЧЖ раҳбар ва мансабдорларига нисбатан очилган жиноят иши бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Судда Ж. Баходиров (1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган, “Avto oltmish oy” МЧЖ раҳбари), О. Мирзаев (1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган), Э. Қурбонов (1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган), М. Гульмирзаева (1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, “Avto oltmish oy” МЧЖ бош ҳисобчиси), М. Хакимова (1981 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган, “Avto oltmish oy” МЧЖ маслаҳатчиси) судланувчи сифатида иштирок этди.

Суднинг иш юритувига Ж.Баходиров ва бошқалар томонидан 1 128 та фуқароларнинг пулларини эгаллаш ҳолати билан боғлиқ янги жиноят иши келиб тушган ва суднинг 2021 йил 11 январь кунидаги ажримига асосан жиноят ишлари бирлаштирилган.

Жабрланувчиларнинг сони кўплигини инобатга олиниб судлар барча вилоятларда ўтказилиши бошланиб, жами 9300 нафар жабрланувчилар ва гувоҳлар сўроқ қилинган.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди судьяси Дилмурод Валиев томонидан кўриб чиқилди.

Ж. Баходиров Жиноят кодексининг (ЖК) 168-моддаси 3-қисмининг “а,б” бандлари, 1881-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

ЖКнинг 59-моддаси тартибида, жиноятлар мажмуи тариқасида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

О. Мирзаев ЖКнинг 168-моддаси 3-қисмининг “а,б” бандлари, 1881-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

ЖКнинг 59-моддаси тартибида, жиноятлар мажмуи тариқасида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Э. Қурбонов ЖКнинг 168-моддаси 3-қисмининг “а,б” бандлари ва 1881-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

ЖКнинг 59-моддаси тартибида, жиноятлар мажмуи тариқасида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

М. Гульмирзаева ЖК 167-моддаси 2-қисмининг “в,г” бандлари, 168-моддаси 3-қисмининг “а,б” бандлари, 1881-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандлари, 228-моддаси 2-қисмининг “б” банди ва 228-моддасининг 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

ЖКнинг 59-моддаси тартибида, жиноятлар мажмуи тариқасида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 5 йилга озодликни чеклаш тайинланди.

ЖКнинг 62-моддаси тартибида, унинг 2019 йилнинг 7 ноябрдан 20 ноябрга қадар дастлабки қамоқда сақланган 14 ун муддатини озодликдан чеклашнинг бир кунига тенглаштириб ҳисобга олган ҳолда ўташ учун узил-кесил тўрт 4 йил ўн бир 11 ой ўн олти (16) кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

М. Хакимова ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандлариь ва 1881-моддаси 2-қисми “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. ЖКнинг 70-моддасига асосан жазодан озод қилинди.

Жиноят иши бўйича 17 067 нафар шахсга нисбатан 54 млрд сўм зарар хисобланиб айб эълон қилинган. Суд мажлисида аниқланган ҳолатларга кўра, 16 816 нафар шахс жабрланувчиларга жами 44 млрд 774 млн 510 минг 348 сўм моддий зарар етказилган бўлиб, дастлабки терговда 26 млрд 229 млн 605 минг 814 сўм депозит ҳисоб рақамига тўланган ва суд мажлиси давомида автомашина олган фуқаролар томонидан 1 965 678 400 сўм судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Тошкент шаҳар бўлими депозит хисоб рақамига топширилган.

Бундан ташқари, "Авто 60 ой" МЧЖнинг ҳисоб рақамига фуқаролар томонидан 486 млн 87 минг 29 сўм тўланган.

Бундан ташқари, "Авто 60 ой" МЧЖ бош офиси, Фарғона вилоятида жойлашган офисидан, Самарқанд вилоятида жойлашган офисидан олиниб хатланган мол-мулклар жабирланувчиларга етказилган зарарни қоплашга пропорционал тартибда тақсимланиши белгиланган.

Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, судланувчи ва жабрланувчи ҳукм нусхасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида, апелляция тартибида Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясига шикоят бериши ёки протест билдириши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

512

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг