11 йилдан 13 йилгача. Самарқандда 3 нафар наркосавдогарга ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
21 Июнь 2022
6220Самарқандда наркосавдо билан шуғулланган, муқаддам судланаган эркак 13 йилга қамалди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 1984 йил Самарқанд шаҳрида туғилган фуқаро М.Б. муқаддам наркотик моддалар билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланиб, маълум бир муддат озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаган. Бироқ у ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган вақтида, яна шундай жиноятга қўл урган.
У 2021 йилнинг сентябрь ойида Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Панжикент шаҳрида яшовчи шахс томонидан Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани ҳудудига ўтказилиб, хуфия жойга яшириб кетилган 9 кг 751 гр “опий” гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган.
Аниқланишича, тожикистонлик наркосавдогар ушбу моддани кейинроқ керакли манзилга етказиб бериши учун самарқандлик наркокурьерга 10 минг АҚШ доллари бериши лозим бўлган.
Суд ҳукмига кўра қонунбузарга нисбатан 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Шунингдек, ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Божхона бошқармаси ҳамда Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Тошкент-Самарқанд” йўналишида ҳаракатланиб келаётган Kia Bongo русумли автомобиль вилоятнинг “Юқори нуқта” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Натижада, унда кетаётган Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган Ҳ.З. ва 1991 йилда туғилган М.Х.га тегишли 5 кг 953 гр “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Маълум бўлишича, улар Тожикистондан контрабанда йўли билан ўтказилган наркотик моддани “Ўрикзор” бозори ёнида номаълум шахслардан қабул қилиб олиб, келгусида уни сотиш орқали мўмай даромад топишни мақсад қилишган. Гиёҳвандлик воситаси учун улар тожикистонлик наркосавдогарга 36 минг АҚШ доллари беришган.
Суд ҳукмига кўра қонунбузарлар Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь