11 сентябрь теракти – дунёни титратган фожиага 19 йил тўлди

Олам

image

Дунёни даҳшатга солган 2001 йил 11 сентябрь. XXI асрдаги йирик қўпорувчилик ҳаракатларининг “бош тожи” бўлган терактга 19 йил тўлди. Фожиа жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотларни террорга қарши кураш учун жипслашишига туртки бўлди.

2001 йил 11 сентябрь АҚШ тарихида ўчмас “доғ” бўлиб қолди. Шу куни Америкада дунёдаги энг қўрқинчли ва қонли террорчилик ҳаракати амалга оширилди. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган дунёга қарши таҳдид пайдо бўлганига ишора бўлди.

Йирик мегаполислар Бостон, Нью-Йорк ва Вашингтондан ҳавога кўтарилган 4 та йўловчи самолётларининг бошқарувини қўлга олган бир гуруҳ террорчилар Нью-Йорк шаҳрида жойлашган эгизак биноларга ва Виржиния штатида жойлашган мамлакат Мудофаа вазирлигининг штаб квартираси — Пентагонга бориб урилди.

Қуйида 2001 йил 11 сентябрь воқеаларининг асосий воқеларини дақиқама-дақиқа эслаб ўтамиз:

11 сентябрь, тонгги 07:58

United Airlines авиакомпаниясига қарашли 175-рақам билан Бостондан Лос-Анжелесга йўл олган Boeing 767 самолёти йўловчилар орасида бўлган бир гуруҳ террорчилар томонидан гаровга олинди. Самолёт бортида 56 йўловчи ва тўққиз нафар экипаж аъзоси бўлган. Лос-Анжелес томон учаётган самолёт террорчилар талаби билан йўналишни мажбурий равишда Нью-Йорк шаҳри томон ўзгартирди.

11 сентябрь, тонгги 07:59

American Airlines авиакомпаниясига қарашли 11-рақам билан Бостондан Лос-Анжелесга йўл олган Boeing 767 самолёти йўловчилар орасида бўлган террорчилар томонидан гаровга олинди. Самолёт бортида 81 йўловчи ҳамда тўққиз нафар экипаж аъзоси бор эди. Бу самолёт ҳам ўз йўналишини мажбурий ўзгартириб Нью-Йоркка қараб йўл олди.

Соат 08:01

93-рақамли Boeing 767 русумли самолёт 38 нафар йўловчи ҳамда тўққиз нафар экипаж аъзоси билан Нью-Жерсидан Сан-Франциско томон парвоз қила бошлади.

Соат 08:10

Вашингтон халқаро аэропортидан 77-рақам билан Лос-Анжелес томон учаётган, бортида 58 йўловчи ва олти нафар экипаж аъзоси бўлган Boeing 767 гаровга олинди.

Соат 08:46

Бостон – Лос-Анжелес йўналишида учиши лозим бўлган, аммо самолётни эгаллаб олган террорчилар томонидан мажбурий тарзда Нью-Йорк томон йўл олган 11-рақам остида учаётган Boeing 767 самолёти Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказининг эгизак биносидан бири, шимол тарафдаги осмонўпар бинога урилди.

Соат 09:03

Бостон – Лос-Анжелес йўналишида учиши лозим бўлган, аммо террорчилар томонидан Нью-Йорк томон йўналтирилган 175-рақам билан учаётган Boeing 767 самолёти Жаҳон савдо маркази эгизак биносининг жануб томондаги иккинчисига келиб урилди.

АҚШ Федерал авиация маъмурияти Нью-Йорк аэропорти фаолиятини тўхтатди.

Соат 09:45

Вашингтондан 77-рақам билан Лос-Анжелес томон учаётган Boeing 7676 самолёти АҚШ Мудофаа вазирлиги биноси — Пентагонга келиб урилди.

Соат 10:05

Жаҳон савдо маркази эгизак биносининг жанубийси қулаб тушди.

Соат 10:05

Пойтахт Вашингтонда Оқ Уй ва бошқа ҳукумат биноларида фаолият юритувчи барча ходимлар эвакуация қилинди.

Соат 10:10

АҚШ Мудофа вазирлиги маъмурияти – Пентагонга самолёт урилиши натижасида ҳимоя қўрғонининг бир қисми қулади.

Соат 10:10

Нью-Жерсидан Сан-Францискога 93-рақам билан парвоз қилаётган ва йўлда террорчилар томонидан гаровга олинган самолёт йўловчиларнинг террорчиларга қаттиқ қаршилигидан сўнг Питсбург шаҳри яқинида ҳалокатга учради.

Соат 10:28

Жаҳон савдо марказининг эгизак биноларидан иккинчиси, шимолий тарафдаги осмонўпар бино ҳам қулаб тушди.

Дунёдаги энг кучли ҳарбий кучга эга бўлган АҚШ мудофааси бу ҳужумлардан ўзини ҳимоя қилолмаганлиги бошқа мамлакатларни таажжубга солди ва террор олдида қўрқув уйғотди.

Питсбургда қулаган самолёт Вашингтон томон, аниқроғи Оқ уйга йўл олгани суриштирув натижасида маълум бўлди. Ҳа, террорчилар АҚШ “юраги”ни нишонга олганди. Аммо бу даҳшатли режа йўловчиларнинг қаршилиги билан амалга ошмади.

Бу вақтда АҚШнинг ўша вақтдаги Президенти Жорж Буш Флорида штатидаги бир мактабда ўқувчиларга “Гуноҳ эчкиси” (A scapegoat) номли ҳикояни ўқиб бераётган эди...

11 сентябрь фожиаси қурбонлари хотирасига иккита шундай ёдгорлик барпо этилган

Барча ҳужумлар натижасида, жами бўлиб 2977 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Бу ҳужумлар “Ал-Қоида” террорчилик ташкилоти раҳбари Усама бен Ладеннинг махсус топшириғи асосида амалга оширилгани таъкидланди.

Дунёнинг бир қанча давлатларига азият берган радикал ислом ҳаракати тарафдори бўлган “Ал-Қоида” ташкилоти тарихига тўхталиб ўтсак.

1979 йил СССР ҳукумати томонидан Афғонистонга ҳарбий кучларнинг киритилиши натижасида Афғонистонда СССР ва амалдаги Ҳукуматга қарши бўлган кучлар “мужоҳидлар” номи остида қуролли кураш олиб борди.

1984 йилда Абдуллоҳ Аъзам ва Усама бен Ладен афғон “мужоҳид”ларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Мактаб ал-Хидмат” (Хизматлар буюроси)ни ташкил этади. Кейинчалик бу ташкилот негизида Усама бен Ладен 1988 йилда ўзининг террорчилик ташкилоти, яъни “Ал-Қоида”ни тузади.

Бу ташкилот йиллар давомида айрим “қора кучлар” томонидан молиявий ва қурол-яроғ билан таъминлаб келинган. Бунда минтақадаги геосиёсий вазиятни назорат қилиб туриш каби мақсадлар кўзланган эди.

11 сентябрь воқеаларидан кейин АҚШ Ҳукумати бен Ладен ҳақида берилган аниқ маълумотга икки миллион доллар мукофот жорий этди.

Аммо бу каби уринишлар ўз самарасини бермади. 10 йил давомида “Ал-Қоида” етакчисини қўлга олиш ва йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлар бекор кетди.

2011 йил 2 май куни Покистон Ислом Республикасининг Абботтобод шаҳрида ўтказилган ҳарбий операция натижасида дунёнинг биринчи рақамли террорчиси Усама бен Ладен ўлдирилди.

Айрим сиёсатчиларнинг фикрича, 11 сентябрь воқеалари сабаб дунёдаги сиёсий вазиятлар тубдан ўзгариб кетди. Аввало АҚШ дунёдан террорчни йўқотиш даъвоси билан чиқди. Орадан кўп ўтмай Америка НАТОдаги иттифоқчилари билан Афғонистонга қўшин киритди.

2003 йилда Ироқ Ҳукумати томонидан кимёвий ва биологик қуроллар ишлаб чиқилгани иддао қилиниб, Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайн ҳокимиятини ағдариш мақсадида уруш эълон қилинди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, 11 сентябрь 2001 йилда содир бўлган террористик ҳужуми – XXI асрда инсоният учун янги муаммо ва зиддиятлар ҳақидаги хабарнинг бир “огоҳлантириш қўнғироғи” эди. Ушбу воқеа дунё геосиёсатида янги даврни бошлаб берди.


Мақола муаллифи

Теглар

теракт Ал-Қоида 11 сентябрь

Баҳолаганлар

506

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made