Украинада отмаётган тонг ёхуд Путин режими 1 йилда нимага эришди?

Таҳлил

image

2022 йил 24 февраль. Бу сана инсоният тарихига энг аянчли урушлардан бири бошланган кун сифатида кирди. Уруш оқибатида бир йил ичида 8000 дан зиёд киши ҳалок бўлди, 14 мингдан ортиқ аҳоли эса жароҳатланди. Яраланганлар орасида 800 дан ортиқ болалар ҳам бор. Хўш, шунча қурбонлар эвазига бир йил ичида томонлар нимага эришди? Қаерларни эгаллаб, қайси ҳудудлардан айрилди? QALAMPIR.UZ ушбу мақолада айнан шу саволларга жавоб беради.

Ҳужумнинг бошланиши

2022 йил 24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украинага қаратилган “махсус ҳарбий операция” бошланганини эълон қилганди. Ўзининг телевизион чиқишида Путин “Украинани этник рус озчиликни таъқиб қилаётган неонацистлар бошқармоқда”, деб даъво қилди. 

Уруш шу кун тонгда Шарқий Украинага пиёда дивизиялар ва ҳаво кучлари киритилиши ҳамда Шарқий ва Ғарбий Украина бўйлаб ўнлаб ракета ҳужумлари ўтказилиши билан бошланиб кетди. Шу куни Украина халқи уйқудан уйғонмади. Улар ҳамон даҳшатли туш кўраётгандек.  Биринчи жанглар Луганск вилоятида, Россия билан чегарадош Милове қишлоғи яқинида бўлиб ўтди. Асосий пиёда ва танк ҳужумлари тўртта йўналишда – Киев томон бошланган шимолий фронт, Қримдан бошланган жанубий фронт, Луганск ва Донбасс шаҳарларида бошланган жануби-шарқий фронт ва шарқий фронтда амалга оширилди.

Бунга жавобан Украина Президенти Владимир Зеленский ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Москва ҳам, ҳарбий экспертлар ҳам бу операция бир неча кун ичида якунланишини башорат қилган эди. Аммо украиналик ҳимоячилар кутилмаганда русларнинг дастлабки ҳужумларига қарши туриб, кейинчалик бир қатор ҳужумлар уюштириш, рус қурол-аслаҳаларини, таъминот линияларини ва ишчи кучини йўқотиш, босқинчи давлатни бир қатор шармандали мағлубиятларга олиб келиши билан бутун дунёни ҳайратда қолдирди. 

Хусусан, пойтахтга уюштирилган ҳужумда Россия Киевни эгаллай олмади, чунки унинг ҳужумлари шаҳар атрофида бўлган Ирпень, Гостомель ва Буча жанглари пайтида қайтарилди. Россия армияси пойтахтни қуршаб олишга уринди, бироқ Украина кучлари ўз ўрнини ушлаб туришга муваффақ бўлди. Бунга Украинанинг Ғарб қуролларидан унумли фойдалангани, жумладан, “Жавелин” танкка қарши ракетаси ва “Стингер” зенит ракетаси ёрдамида Россия таъминот линияларини заифлаштиргани сабаб бўлди. Натижада эса апрель ойига келиб, рус қўшинлари шимолий фронтдан чекинди.

Бироқ Жануб ва жануби-шарқий фронтда Россия март ойида Херсонни, май ойида эса Мариуполни эгаллаб олди. Мариупол эгаллангач, Россия Луганск ва Донецкда ҳужумларини кучайтириб, Украина назорати остидаги Луганск вилоятининг энг йирик шаҳри – Северодонецкка ракета ва кучли артиллерия ҳужумлариyb уюштирди. Россия кучлари нафақат фронтда, балки ундан узоқда жойлашган ҳарбий ва фуқаро объектларини, жумладан, электр ва сув тизимларини ҳам портлатди.

Қарши ҳужум

2022 йилнинг сентябрь ойида Украина кучлари Харьков вилоятида қарши ҳужум бошлади ва муваффақиятга эришди. Қарши ҳужумнинг муваффақияти Путин имижига путур етказди ҳамда Киев ҳукуматини Харьков ва унинг атрофидаги ҳудудларда қарши ҳужумни давом эттириш учун Ғарбдан кўпроқ қурол сўрашга ундади. 2022 йил 21 сентябрда Владимир Путин қисман сафарбарлик эълон қилди. Шунингдек, у мамлакат ўзини ҳимоя қилиши учун барча воситалардан фойдаланишини айтди. Ўша куни Мудофаа вазири Сергей Шойгу захирадаги 300 мингаскар мажбурий равишда чақирилишини маълум қилди.  

Шунингдек, 30 сентябрда Владимир Путин Россия парламентининг ҳар икки палатасига мурожаатида Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари аннекция қилинишини эълон қилди. Украина, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аннекцияни ноқонуний деб қоралади. 

2022 йил 8 октябрда эса Россия учун муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган Қрим кўприги портлатилди. Россия портлашда Украинани айблади ва унинг тинч аҳоли пунктларига жавоб ракета зарбаларини берди. Октябрь ойининг ўрталаридан бошлаб Россия Украинанинг электр ва сув тизимларига зарба тўлқинларини амалга оширди. 2022 йил 15 ноябрда Россия Украина электр тармоғига 85 та ракета учирди, бу эса Киев ва қўшни вилоятларда электр таъминотида катта узилишларга олиб келди. Шу куни дастлаб Россияга тегишли, кейин эса “Россияда ишлаб чиқарилган” деб даъво қилинган ракета Польшага ўтиб кетди ва Пржеводовда икки киши ҳалок бўлди. Бу эса Польшанинг юқори раҳбарларининг фавқулодда йиғилиш ўтказишига сабаб бўлди.

Эртаси куни АҚШ Президенти Жо Байден Польша ҳудудига зарба берган ракета Россиядан учирилган бўлиши эҳтимолдан йироқ эканини айтди. 

Ноябрь ойида Украина Херсонни қайтариб олди. Ғалабадан илҳомланган Украина йил охирида жануб ва шарқда қарши ҳужумларни бошлади. Бироқ ўшандан бери ҳеч бир томон жиддий ютуқларга эриша олмади. Россия Украина шаҳарлари ва инфратузилмасини нишонга олиш учун ракета ва дронлардан фойдаланиш орқали босимни давом эттирмоқда. Шунингдек, у шарқий Бахмут шаҳрини эгаллаш учун бир неча ой давомида кампания олиб борди, аммо бу тактик харитага унчалик катта ўзгариш киритмади.

31 декабрь куни эса Путин Киевга кенг кўламли йирик ракета ва учувчисиз ҳаво ҳужуми уюштиришни буюрди ҳамда Украинага қарши “махсус ҳарбий операцияси”нинг дипломатик ва ҳарбий кучини ошириш ниятида эканлигини, эндиликда урушда ғалаба қозониш барча руслар учун “муқаддас бурч” бўлишини айтди.

Халқаро ҳамжамият икки славян давлати орасидаги можарони танқид қилиб келмоқда. Масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси босқинни қоралаб, Россия қўшинларини тўлиқ олиб чиқишни талаб қилувчи резолюция қабул қилди. Халқаро суд Россияга ҳарбий амалиётларни тўхтатишни буюрди. Кўпгина давлатлар Россияга ва унинг иттифоқчиси Беларусга қарши санкциялар киритди, Украинага гуманитар ва ҳарбий ёрдам кўрсатди. Дунё бўйлаб норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Босқинга жавобан 1000 дан ортиқ компания Россия ва Беларусни тарк этди. Хўш, булар натижа бердими? Нега унда ҳалигача уруш тугамаяпти? 
 
Уруш қачон тугайди?

Уруш бошланганига бир йил тўлган бўлсада, фронт чизиғидаги кескинлик ҳали ҳам юмшагани йўқ. Айни пайтда на Россия етакчиси Владимир Путин, на Украина Президенти Владимир Зеленский Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бери содир бўлган энг йирик ҳарбий можаролардан бирини тугатиш аломатларини кўрсатмаяпти. Сиёсатшунослар Россия ва Украина ўртасидаги адоват бу можарони узоқ вақт ушлаб туриши мумкин деб ҳисобламоқда.

Уруш оқибатида Украина вайрон қилинди, шаҳар ва қишлоқлар артиллерия ҳамда ракета зарбалари оқибатида ер билан яксон бўлди. 8 миллионга яқин украиналиклар, яъни урушгача бўлган аҳолининг қарийб 20 фоизи хавфсизлик учун чет элга қочиб кетди, яна миллионлаб одамлар эса мамлакат ичида қочқин бўлиб қолди.

Сўнгги пайтларда иккала томон ҳам рақамларни эълон қилмаган бўлсада, таҳлилчилар урушда ҳозиргача 200 мингга яқин рус аскари ҳалок бўлган ёки яралангани, 100 000 га яқин Украина жангчилари вафот этган ёки жароҳатланганини айтмоқда. 

Минг километрга чўзилган шиддатли жанговар фронт чизиғи Украина жануби-шарқини кесиб ўтган бўлиб, у ерда минглаб снарядлар отилмоқда, ҳар куни юзлаб аскарлар жаҳон урушларидаги қирғинни эслатувчи саҳналарда ҳалок бўлмоқда. Украинанинг йирик шаҳарларига Россия томонидан ракета зарбалари уюштирилиши Киев ва бошқа шаҳарларнинг зулматда қолишига, Киев метро тизимини эса бомба портлашидан химояланадиган бошпанага айланишига сабаб бўлди. Бир вақтлар “Европанинг нон савати” бўлиб хизмат қилган далалар эндиликда артиллерия кратерлари ва танк излари билан қопланган. 
 
Хўш, шунча талофатлардан сўнг ҳам нега ҳали тинчлик сулҳига келинмаяпти? Ёки можарога чек қўйишнинг дипломатик йўли йўқми? 

Таҳлилчилар тинчлик шартномасига эришишнинг ҳозир имкони йўқ деб ҳисобламоқда. Сан-Диего давлат университети профессори Михаил Алексеевнинг фикрича, украиналиклар сулҳ шартномасида Россияга ҳудудий имтиёзлар беришни қатъий рад этади. Киев Москвага ҳудудий ён беришни ўз ичига олган ҳар қандай келишувни “экзистенциал таҳдид” деб билади 

“Россия ҳарбийларининг мағлубиятисиз ўт очишни тўхтатишнинг ҳар қандай тури, асосан, қайта гуруҳланишни англатади. Бу эса ҳар икки тарафга навбатдаги ҳужумларга тайёрланиш учун вақт беради холос” , дейди Алексеев.

Шунингдек, Путин ҳам музокаралар олиб бориш учун бирон-бир ҳудуддан воз кечишга умуман рози бўлмайди. 

“Путин бутун сиёсий фаолиятини Қримнинг аннекциясига боғлади ва буни осонликча қўйиб юбормоқчи эмас”, дейди Лондон университети профессори Владислав Зубок. 

Тўлиқ ҳарбий ғалаба иккала томон учун ҳам даргумон. Украина жанг майдонида кутилмаган ютуқларга эришган бўлсада, у Россия армиясининг ўз мамлакатига таҳдид соладиган салоҳиятини бутунлай йўқ қилишга қодир эмас.  

Зеленский очиқчасига унинг қуролли кучлари Қримни қайтариб олишини айтди, бу Украина раҳбариятининг фикрича, бу Путинга қарши давлат тўнтаришига туртки бўлади ва охир-оқибат Украина чегараларини ҳимоя қилади. Аксарият таҳлилчилар ҳам шундай фикрда.

Россиянинг ҳарбий техника ва ўқ-дориларида катта йўқотишлар бўлгани, бунинг ортидан Кремль ракета ва артиллерия учун Шимолий Кореяга, учувчисиз самолётлар учун Эронга мурожаат қилишга мажбур бўлганига қарамай, Россияда уруш олиб боришга керакли қуроллар тугаяпти, деган фикр хом хаёлдан бошқа нарса эмас. Чунки ҳозир Россияда мудофаа заводлари уч-тўрт сменада ишлаяпти. Ғарб санкциялари Россиядан юқори технологияли қуроллар учун зарур бўлган микрочипларни етказиб беришни тўхтатганига қарамай, рус армияси ҳали ҳам кучли зарба бермоқда. 

Айни пайтда АҚШ ва бошқа иттифоқчилардан Украинага юборилаётган мураккаб қуроллар оқими камайиши мумкин. Ғарб арсеналлари Украина жанг майдонининг талаблари остида кўп ишлаб чиқарилмоқда. 

“Улар ўқ-дориларни жуда тез, биз ишлаб чиқараётганимиздан ҳам тезроқ ишлатмоқда”, дейди Royal United Services Institute таҳлил маркази катта тадқиқотчи Жек Уотлинг.  

Ҳарбийларнинг руҳий ҳолати 

Ҳозиргача Украина қўшинларининг руҳий ҳолати юқори. Чунки улар ватанини ҳимоя қилмоқда. Россияда эса норозилик кучайиб бораётгани аломатлари бор. Россиянинг нодавлат ижтимоий сўрови Левада-Центр маълумотига кўра, аҳоли орасида Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётларини қўллаб-қувватловчилар бироз ошган, бироқ айни пайтда сўровда қатнашганларнинг 53 фоизи музокараларни бошлаш вақти келган деб ҳисоблашини билдирган. Лекин агар Украина Қримга жиддий таҳдид соладиган бўлса, бу русларнинг қатъиятини кучайтириши мумкин. 

“Қрим учун кураш аччиқ бўлиши мумкин. Украинанинг уни қўлга киритиши даргумон”, дейди RAND cтратегик тадқиқот маркази вакили Самуэль Чарап. 

У ҳам можаро номаълум муддатга чўзилиши мумкин деб ҳисобламоқда. 

“Ғарбнинг Украина иқтисодиёти ҳамда армиясини қўллаб-қувватлаш қобилияти ва истаги Россиянинг ўз фаолиятини давом эттириш имконияти, хоҳиши ва қобилиятига зиддир. Бу қанча давом этишини олдиндан айтиш жуда қийин”, дейди Самуэль Чарап.

Хулоса қиладиган бўлсак, ортда қолган бир йил давомида Россия ҳам, Украина ҳам айтарли ғалабага эришгани йўқ. Уруш бошланишида тўртта фронт яратилган бўлсада, вақт ўтиб, Россия кучлари Шимолий фрондан чекинишга мажбур бўлди. Украина тарафи ҳам шимолий ҳудудларни сақлаб қолган, Херсонни қайтариб олган бўлсада, ҳудудининг 18 фоизи ҳалигача Россия назорати остида қолмоқда. Бундан ташқари, уруш оқибатида ҳар иккала тарафдан минглаб одамлар қурбон бўлди.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг