1 январдан давлат харидлари тизимида нима ўзгаради?
Жамият
−
06 Декабрь 2019
4976Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан айрим хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятли корхоналар харидларни амалга оширишдан олдин давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида эълон жойлаштиради.
Эълонда харид комиссияси томонидан таклифларни қабул қилиб олишнинг 15 кундан кам бўлмаган сўнгги муддати ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ахборот бўлиши керак.
Шунингдек, харид комиссиясининг баёни у расмийлаштирилган куни давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида 2 иш куни муддатга жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилади.
2020 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет ташкилотларининг чет эл валютасидаги маблағларига нисбатан Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақлари очиш орқали ғазна ижроси механизми жорий этилади.
Бундан ташқари, қарор билан киритилган ўзгартиришларга кўра, Товарларни (ишлар, хизматларни) харид қилишнинг алоҳида тартиби белгиланадиган, хўжалик жамиятлари ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарнинг янгиланган рўйхати тасдиқланди.
Шунингдек, эндиликда ушбу алоҳида тартиб устав фондида (капиталида) стратегик харидорларнинг улуши мавжуд бўлган ташкилотларга жорий этилмайди.
Киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда, вазирлик (идора, муассаса) ва унинг таркибидаги ташкилот (муассаса) ўртасида товарлар (ишлар, хизматлар)нинг харид қилинишида давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар тузилади.
Ҳозирга қадар ушбу қоида фақат вазирлик (идора, муассаса)нинг таркибидаги ташкилотлар (муассасалар) ўртасида товарлар (ишлар, хизматлар)нинг харид қилинишига тааллуқли бўлган.
Шунингдек, эндиликда ходимлари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат бўлган юридик шахслардан товар (ишлар, хизматлар) тўғридан-тўғри шартномалар асосида харид қилинади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь