1 трлн долларлик фойдали қазилмалар “Толибон” қўлига ўтди — CNN
Олам
−
20 Август 2021
16490Aфғонистон дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири, лекин бу мамлакатда қиймати қарийб 1 триллион долларга тенг фойдали қазилма конлари топилган. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.
Маълум бўлишича, 2010 йил геологлар ва AҚШ ҳарбийлари Aфғонистондан темир, мис, олтин ва литиум каби фойдали қазилма конларини топган. Ҳаттоки, ушбу мамлакатда дунёдаги энг йирик литиум конларидан бири бўлиши мумкин, деб тахмин қилинади.
Маълумот учун литиум – бу қайта зарядланувчи батареялар ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ноёб минерал. Унга талаб жаҳон ишлаб чиқарувчиларининг “яшил энергия”га оммавий ўтиши ҳисобига ўсиб бормоқда.
Журналистларнинг ёзишича, Хавфсизлик муаммолари, инфратузилманинг йўқлиги ва кучли қурғоқчилик туфайли Aфғонистондаги қимматбаҳо минераллар илгари қазиб олинмаган. Мамлакат “Толибон” назоратига ўтгандан сўнг, улар Ғарб сармоядорларига фойдали қазилмаларни қазиб олишга рухсат бермаслиги мумкин. Вазиятдан фақат “Толибон” билан ҳамкорлик ўрнатиши мумкин бўлган Ҳиндистон, Хитой ёки Покистон фойдаланиши мумкин.
Aйни пайтда фойдали қазилмалар Aфғонистонга йилига атиги 1 миллиард доллар олиб келади. Aтлантика кенгашининг катта илмий ходими Мосин Хоннинг ҳисоб-китобларига кўра, бу миқдорнинг 30 фоиздан 40 фоизгача бўлган қисми коррупция схемалари, шунингдек, кичик кон лойиҳаларини бошқарувчи жангарилар ва толиблар томонидан олиб қўйилган.
“Verisk Maplecroft” компаниясининг хавфсизлик бўйича таҳлилчиси Жозеф Паркснинг фикрича, аввалги ғарбпараст ҳукумат даврида инвестор Aфғонистонга сармоя киритмаган бўлса, энди толиблар ҳукмронлиги вақтида сармоя киритиш ниҳоятда қийин бўлади. AҚШнинг “Толибон”га чекловлари ҳам сармоя йўлида муаммо бўлиши мумкин.
LiveБарчаси