1 сонияда ўлаётган одамлар, пасайтирилаётган тезлик, айбсиз ҳайдовчилар – Йўллардаги йўл-йўл хатолар

Интервью

Йўл-транспорт ҳодисасида вафот этаётганларнинг ҳаммаси ҳам пиёда эмас. Улар орасида ҳайдовчилар бисёр. Ўтган ҳафта хонанда Зоҳид Рихсиев билан содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида ҳам вафот этган пиёда эмас, автомобиль ичидаги йўловчи бўлди. Айни вақтда ҳайдовчининг ҳам аҳволи оғир. Бу ЙТҲга эса айнан катта тезлик сабаб бўлди. Ҳайдовчи автомобилни катта тезликда бошқариши натижасида руль бошқарувини йўқотган ва йўлнинг автомобиллар қатнов қисмини ошиб ўтиб, ағдарилиб, пиёдалар йўлига тушган. Ушбу ЙТҲдан ҳам тезлик масаласи қанчалик муҳим эканини кўриш мумкин.

Ўтган ой пойтахт кўчаларида тезликнинг пасайтирилиши катта муҳокамалар келтириб чиқарди. Чунки транспорт воситаларининг ҳаракатланишидаги тезлиги борасида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари, депутатлар ҳамда аҳоли вакилларининг фикри бир жойдан чиққани йўқ. Кимдир тезликнинг пасайтирилиши катта тирбандликларни келтириб чиқаришидан хавотирга тушса, яна кимдир бу чора оғир оқибатли йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиши мумкинлигидан мамнун. QALAMPIR.UZ эса бундай вазиятда йўл ҳаракати қоидалари бўйича узоқ йиллик эксперт Носиржон Зокировга қулоқ тутишни маъқул қўрди. Унинг айтишича, бу таклиф нотўғри!

Йўл ҳаракати қоидалари бўйича эксперт Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида тезликни соатига 60 кмгача, баъзиларида эса 50 кмгача тушириш бу муаммоларга ечим эмаслигини таъкидлади.

“Масалан, бу таклиф маъқулланиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг айрим кўчаларда тезликни камайтириш бўйича қарори чиқди, дейлик. Хўш, буни ҳайдовчиларга қандай еткизамиз? Ҳокимнинг қарорини кўчага осиб қўямизми? Буни ҳайдовчига етказишнинг ягона йўли – бу йўл белгилари. Лекин, ЙҲХБ  санаган кўчаларга тезликнинг камайтирилгани акс этган йўл белгисини жойлаштириш учун бир неча мингта белги ўрнатилиши керак”, дейди мутахассис Носиржон Зокиров.

Бунинг сабабини эса Зокиров тезликни тақиқловчи белгилар кўчаларнинг ҳар бир чорраҳасида қўйилиши кераклиги, чунки белгининг таъсир кучи ҳар гал чорраҳадан ўтганда тугаши билан изоҳлади.

“Бундан ташқари, агар йўлда ажратувчи бўлак бўлса, ўнг томондан ташқари чап томонга ҳам белги ўрнатиш керак бўлади. Янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидаларига кўра эса ҳар бир қайрилиб олиш жойидан кейин ҳам белгини такрорлаш керак. Натижада Тошкент тақиқловчи белгизорга айланиб қолади”, дея бўлғуси муаммоларни ўртага ташлади мутахассис.

У Тошкентда табақаштирилган тезлик ўлчовларининг бўлиши муаммоларни ҳал қилиш ўрнига уларни янада кўпайтириши мумкинлигини таъкидлади.

“Биргина Тошкентнинг ўзида айрим кўчаларда 70 км, айримларида 60 км, бошқа бир кўчада 50 км ва яна мактаб ва мактабгача таълим муассасалари жойлашган кўчаларда чекланган тезлик 30 кмгача. Жами тўрт хил тезлик бор. Бундай вазиятга ҳайдовчиларни асабийлашишга олиб келадиган тирбандликлар вужудга келади”, деди мутахассис.

Бунга ечим сифатида Носиржон Зокиров бутун республика бўйича тезликни соатига 70 кмдан 60 кмга тушириш кераклигини айтмоқда. Унинг айтишича, аҳоли яшаш пунктларида 70 км\с бу фавқулодда тезлик, дунёдаги кўплаб мамлакатларда бу ўлчов 60 км\с дан ошмайди.

Шунингдек, у бундай муҳим масалани йўл ҳаракати бўйича мутахассис бўлмаган депутатлар ҳал қилаётганидан афсусда.

“Мен жуда ҳам қизиқ бир ҳодисани кузатдим, ўзи мутахассис бўлмаган депутатлар тезликни 60 га туширишга салбий муносабат билдиришган. Энди шу Тошкент шаҳар кенгашининг ҳурматли депутати, сиз бир маслаҳат беришдан, 70 км/с тезликни уча юқори тезлик эмас, деб эътироф этишингиздан олдин экспертлар, мутахассислар ва тажриба билан танишиб кўриб айтдингизми дегим келади. 70 км/с тезлик бу фавқулодда катта тезлик”, деди у.

Мутахассиснинг таъкидлашича, ҳайдовчи бирор хавфни кўриб, тормоз тепкисини босиб чора кўргунига қадар ўтган вақти тахминан бир сония бўлади ва бу  ўрта ёшдаги, унча чарчамаган, спиртли ичимлик ичмаган, диққати чалғимаган ҳайдовчининг реакция вақтини билдиради. 70 км/с тезликда ҳаракатланаётган транспорт воситаси бир сонияда 19 метр масофани босиб ўтади. Шу сабабли, тезликни ҳозир 70 км/с эмас, ёш ҳайдовчиларнинг хаёлидаги жазоланмайдиган 5 км/сни ҳам қўшиб 75 км/с деб олинса, ҳайдовчи  бир сонияда 20 метр масофани босиб ўтади.

“Бу ҳали тормоз тепкиси босмасидан аввалги масофа. Тормоз тепкисини босганидан эътиборан шунча масофани босиб ўтади, деб оладиган бўлсак, пиёдаларда ҳеч қанақа имконият йўқ. Ҳайдовчи тезликни 5 км/сга ошириб ёки камайтириб шу йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиши мумкин ёки уни содир этиши мумкин. Шунинг учун, мен депутатларга айтмоқчиманки, сизлардан илтимос, бу масалани мутахассислар, экспертлар билан ўрганиб кўринглар. Мен бу айтганларимни осмондан олганим ёки ўйлаб топганим йўқ. Бу тажриба, ҳаммаси хориж тажрибаси ва ижтимоий роликларда ўз тасдиғини топган. Шуни одамларга қўйиб бериш, улар бу катта тезлик эканлиги англаб етишлари керак”, дея депутатлар фикрига эътироз билдирди Зокиров.

Экспертнинг айтишича, Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисаларининг сони кўп эмас. Йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлишлар сони кўп. Бунга эса, асосан, тезлик сабаб бўлади.

“Бутун Республика бўйича тезликни камайтириш ғояси аслида ИИББ ЙҲХБ дан чиқиши керак. Шунда фалокатларнинг олди олинади. Профилактика инспекторларининг асл вазифаси ҳам шу – фалокатларнинг олдини олиш. Улар эса бугун фақат жаримага тортувчи орган бўлиб қолган”, дейди Носиржон Зокиров.

Экспертнинг айтишича, Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидалари тўғри ишлаб чиқилмасдан, йўл ҳаракати тўғри ташкил этилмай туриб ҳайдовчилар ёки пиёдаларни жаримага тортиш хато.

“Яқинда Тошкентда ЙТҲ содир бўлди, 18 та автомобиль йўл ўтказгич устида тўқнашди, нимага? Биттаси секинлаб қолган, қолгани орқасидан бориб урилди. Энди шунда ҳайдовчини айбдор қиламиз, тўғри ҳайдовчи айбдор, мен уни оқламоқчи эмасман. Лекин ҳайдовчига олдин шароит яратиш керак эди. Пиёдалар ўтиш жойи ҳақида у олдиндан ахборот олиши, пиёдалар ўтиш жойи борлиги ҳақида белги ўрнатилган бўлиши керак эди, кейин ўша жойда пиёдага йўл бериш учун ҳаракатни секинлаштириши мумкин эди”, дея фикрини далиллади мутахассис.

Унинг қўшимча қилишича, пиёдалар ўтиш жойлари, кесишадиган жойлар бўлмаган ҳудудларда, шаҳар кўчаларида тезликни 70 кмдан ошириш мукин бўлиши керак.

“Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидалари орқали тезлик 60 км/сга туширилса, шароит яратилган айрим кўчаларда 70 ёки 80 га кўтариш мумкин. Энди буни Тошкент бўйича айтишим қийин. Лекин мен иккинчи мисолни келтирадиган бўлсам, Тошкентдан М39 йўли бўйича Чинозга қараб кетяпмиз. Бу йўлни ҳайдовчилар, вилоятлар аро қатнашадиган такси, оғир юк автомобиллари, автобус ҳайдовчилари жуда яхши билишади. У ерда аҳоли пунктлари бор, оқ белги билан белгиланган 5.22 Янги йўл, Чаманзор, Туябўғиз, Ўзбекистон деган аҳоли пунктлари бор. Албатта, бу ерда 60 км/с тезликда юриш юкни, йўловчиларни етказиб борилишини инобатга олиб шу жойда имконият ва шароит бўлса вилоят ҳокимлигини қарори билан аҳоли пункти бўлса ҳам тезликни юқорига кўтариш мумкин. Фақат унга белги осиб қўйиш керак. Албатта, ҳокимнинг қарорини эмас, белгини”, деди у.

Бу вазиятда эса кўчалар белгизор бўлиб қолмайди. Бундай йўл ва кўчаларда чорраҳалар кам ва табиийки белгиларнинг таъсир масофаси ҳам узоқроқ бўлади.

Маълумот ўрнида, Тошкент шаҳар ИИББнинг пойтахтнинг айрим кўчаларида ҳаракатланиш белгиланган тезликни 70 км/соатдан 60 км/соат қилиб белгилаш таклифига розилик билдирилмаган ва айрим депутатлар бунга қатъий эътироз билдиришганди.

Тошкент шаҳрида Кичик ҳалқа автомобиль йўли ичида жойлашган барча кўчаларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги соатига 60 километргача чекланади. Шаҳар кенгаши доимий комиссияси шундай хулосага келган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

104

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг