1 октябрдан барча ҳудудларда 14 та IT-техникум фаолияти йўлга қўйилади

Жамият 4067
image

Жорий йил 1 октябрдан бошлаб барча ҳудудларда 14 та IT-техникум фаолияти йўлга қўйилади. Уларда дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги телекоммуникация каби йўналишлар бўйича 8 мингга яқин ўқувчи таҳсил олади. Бу ҳақда бугун, 10 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ахборот технологиялари соҳасида салоҳиятли кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшлар билан тизимли ишлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда ушбу техникумларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Кадрлар тайёрлашда ўқув марказлари ҳам муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда Алоқа банк томонидан устави 80 миллиард сўм бўлган Венчур жамғармаси ва IT билимларни ривожлантириш маркази ташкил этилиши белгиланди. Ушбу марказда келгуси беш йилда 100 минг нафар ёшларга дастурий таъминот, мобил иловалар, тармоқ администратори каби йўналишлар бўйича профессионал таълим берилади.

Бундан ташқари, ҳозирда 151 та рақамли технологиялар ўқув маркази фаолият юритиб, уларда жорий йилда 27 мингдан ортиқ тингловчилар ўқитилди. Ушбу марказлар фаолиятини кенгайтириш, давлат-хусусий шериклик асосида яна шундай ўқув масканлари ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ахборот технологияларига ихтисослашган 100 та мактаб фаолият юритмоқда. Келгуси икки йилда бундай муассасаларни 205 тага етказиб, 30 мингдан зиёд ўқувчиларни ўқитиш режалаштирилган.

Шу боис мутасаддиларга ушбу мактаблар учун педагоглар, техника ва ўқув дастурларини ҳозирдан пухта тайёрлаш бўйича кўрсатма берилди.

Яна бир янгилик – жорий йил 1 октябрдан бошлаб барча ҳудудларда 14 та IT-техникум фаолияти йўлга қўйилади. Уларда дастурий инжиниринг, ахборот хавфсизлиги телекоммуникация каби йўналишлар бўйича 8 мингга яқин ўқувчи таҳсил олади.

Йиғилишда Президент ва ижод мактаблари ҳамда ихтисослашган мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Бугунги кунда 4 та Президент мактабида 576 нафар, 3 та ихтисослашган ва 9 та ижод мактабида 1 минг 500 нафар ўқувчи таълим олмоқда.

Давлат раҳбари тарбия жараёнида миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳи асосий аҳамият касб этиши зарурлигини таъкидлади.

Ўқувчиларни мамлакат тарихи, маданияти ва санъати билан кенгроқ таништириш, ҳарбий хизматчилар иштирокида ватанпарварлик дарслари ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.

Ихтисослашган мактаб ўқувчиларини ахборот технологиялари мутахассисликларига йўналтириш, ижод мактабларида веб-дизайн, компьютер графикаси, тасвирий ва рақамли санъат, аудиовизуал асарларни яратиш, таржимонлик, журналистика ва актёрлик маҳорати каби тўгараклар ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди. 

Илғор халқаро тажриба ва стандартлар асосида ушбу мактаблар муаллимларининг малакасини ошириб бориш зарурлиги таъкидланди.

Шу мақсадда Тошкент шаҳрида Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ҳамда Андижонда унинг ҳудудий филиали ташкил этилиши белгиланди. Бу марказга хориждан малакали мутахассислар жалб қилиниб, фанлар ва чет тиллари бўйича ўқитувчиларнинг малакаси оширилади, халқаро сертификатлар берилади.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 60
Рейтинг: 3.1
t
×