1 мартдан ўзбекистонликлар ҳаётида нималар ўзгаради?
Жамият
−
28 Февраль 2022
64274Жорий йилнинг 1 мартидан Ўзбекистон қонунчилигида қатор ўзгаришлар кучга киради. Хусусан, ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинади, яна 5 турдаги давлат хизмати my.gov.uz портали орқали онлайн кўрсатилади ва ногиронлиги бўлган шахсларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар берилади. Қуйида қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берамиз.
1. Ўзбекистонда ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинади.
Республика махсус комиссиясининг 23 февралдаги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб фуқароларнинг ниқоб тақиши мажбурийлиги истисно қилинади ва ихтиёрийлик тартибига ўтказилади. Эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, фуқароларнинг ижтимоий масофани сақлаш қийин бўлган жойлари (жамоат транспорти, метро, автобус, трамвай, йирик савдо дўконлари, бозорлар, таълим муассасалари, давлат ва нодавлат идораларда, масжид, спорт мажмуаларида, театр, кинотеатр, музей, санъат саройи ва маиший хизмат кўрсатиш муассасалари)да ниқоб тақиш мажбурийлигини истисно қилинади. Ниқоб тақиш ҳақидаги талаб фақат тавсиявий характерга эга бўлади.
2. Ёнида биометрик паспорт ёки ID-карта мавжуд ҳайдовчидан “права”, техпаспорт, ишончнома ва суғурта полиси талаб этилмайди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 30 ноябрда имзолаган қонунга асосан ҳайдовчи ёнида паспорти ёки ID-картаси бўлганида қуйидаги ҳужжатларни олиб юриши талаб этилмайди:
- транспортни бошқариш, рўйхатдан ўтказганликка оид ҳужжатлар;
- ишончнома;
- суғурта полиси.
Бунда, ушбу ҳужжатлар мавжудлиги ЙПХ ходими томонидан электрон тизим орқали мустақил текширилади.
3. Яна 5 турдаги давлат хизмати my.gov.uz портали орқали онлайн кўрсатилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябдаги қарори билан қуйидаги хизматлар ЯИДХП (my.gov.uz) орқали электрон шаклда кўрсатилади:
- Ўзбекистонга чет давлат фуқаросини таклиф қилиш;
- чет давлатда Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва маълумотномалар олиш;
- судланганлик (судланмаганлик) ҳақидаги маълумотлар олиш;
- автотранспорт воситаларида тақиқ мавжудлигини текшириш;
- жазони ижро этиш муассасалари ва манзил колонияларида сақланаётганларни уларнинг яқин қариндошлари билан учрашув вақтини белгилаш.
4. Мева-сабзавотчилик кластерлари ва фермер хўжаликларига хорижлик мутахассисларни жалб қилиш ҳаражатини 50 фоизи компенсация қилинади.
Президентнинг 2021 йил 15 декабрдаги қарорига кўра, мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига — экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50 фоизи, бироқ суғурта пулининг 1 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.
Мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) — хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади.
5. Ногиронлиги бўлган шахсларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар берилади.
Президентнинг 2021 йил 21 декабрдаги қарорига мувофиқ Солиқ кодексининг 380-моддаси биринчи қисмига билан болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад солиғи бўйича белгиланган имтиёз меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан 3 бараваригача оширилади.
2024 йил 1 мартгача иш берувчиларга ногиронлар учун тўланган ижтимоий солиқ Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади.
6. Ёшларга айрим ёрдам турлари (13 та) маҳалладаги ёшлар етакчилари тавсияси асосида берилади.
Президентнинг 2022 йил 19 январдаги қарорига асосан барча маҳаллаларда жорий этилган Ёшлар етакчиси тавсияси билан ўзига тегишли ҳудуддаги ёшларга 13 турдаги ёрдам, жумладан ижтимоий қийин аҳволга тушиб қолган ёшларга моддий ёрдам ва субсидия ажратишда кўмаклашилади. Қолаверса, ёш оилаларга имтиёзли кредит олиб бериш, нодавлат таълим курсларида ўқиш, ногиронлиги бўлганларни қўллаб-қувватлашга субсидиялар ҳам берилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь