1 кило вазн ташлаган одамга 500 минг сўмдан берамиз – Хайрулло Бозоров
Жамият
−
20 Декабрь 2021
9870Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бир килограмм вазн ташлаган одамга 500 минг сўм беришни ваъда қилди. Бу ҳақда у вилоят Халқ депутатлари кенгаши сессиясида айтиб ўтган.
“Ўзимиз соғлом турмуш тарзида яшамаганимиз учун касалликлар келиб чиқмоқда. Қандли диабет касаллигини таҳлил қилдик. Бугунги кунда 32 мингта қандли диабет касаллиги билан рўйхатга олинган фуқароларнинг атиги 2 мингтаси ирсий экан. Яъни наслдан наслга ўтгани 2 мингтани ташкил қилади. 30 мингтаси эса, ҳаёти давомида сиқилиш, нотўғри овқатланиш, кам ҳаракатлилик, ортиқча вазн ортиши натижасида ушбу касалликни ўзига орттириб олган. Тасаввур қилинг, 30 мингта. Демак, энг катта хатоимиз соғлом турмуш тарзига амал қилмаслигимиздадир. Шунинг учун эътибор аҳолини соғлом турмуш тарзига тарғиб қилишга қаратилиши керак. Бунда барча ижро органлари, блогерларимиз ҳам, ОАВ вакиллари ҳам эшитсин: қарор ва низом қилиняпти. Бир йил давомида 5 кгдан бошлаб, 10-15 кггача вазнини, семизлигини ташласа, биз унга пул мукофотини берамиз”, дейди Бозоров.
Ҳоким бу қай тартибда амалга оширилишини ҳам тушунтирган. Унга кўра, аниқ бир Низомга кўра, шаҳар ва туманларда алоҳида комиссия тузилади. Масалан, амалдор ўзининг поликлиникасига боради, ўша поликлиникада рўйхатдан ўтади. Бугунги ўлчанган вазни 100, 150 кг бўлса, ўша вазн билан регистрациядан ўтиб қўяди.
Олти ойдан кейин вазни беш килога камайса, 2,5 млн яъни ҳар бир килога 500 минг сўмдан пул берилади.
“Аслида кулгули, лекин шундай қилмаса бўлмайди. Фарғона тажрибаси бўлади. 5 кг ташласа 2,5 млн, 10 кг ташласа 5 млн пул берилади.
У ҳолатдан кейин унга пул беришдан ҳожат йўқ, 10 кг ташласа енгил бўлиб қолади. Ҳаётга кўзлари очилади. Дунёга бошқача кўз билан қарашни бошлайди. Бу ишнинг замирида шу маъно ётибди халос”, дейди Бозоров.
У бу ташаббусга барча ижро органлари, биринчи навбатда ўзи масъул бўлишини таъкидлади.
“Бюджет ташкилотлари ҳам, маҳаллаларимиз ҳам инсонларга соғлом турмуш тарзига амал қилиш, спорт билан шуғулланмаса ҳам энг камида 5 минг қадам юришни ўргатиши керак. Инсон 1 минг, 5 минг, 10 минг қадам юрса қай даражада соғлом бўлади?
Шунинг фарқини одамларга тушунтира олишимиз керак. Бу энг оддий нарса”, дея фикр билдирган ҳоким.
LiveБарчаси